Помир тилларидаги биринчи газета ёки бу тилларни қандай асраб қолиш мумкин?

Помир
Image caption Тожикистон ҳудудининг деярли 45 фоизини ташкил этадиган Помир-Тоғли Бадахшонда 200 мингдан бироз кўпроқ аҳоли яшайди

Помир фақат Тожикистонда эмас, балки бутун жаҳонда ўзига хос минтақалардан бири ҳисобланади. Жаҳон томи ҳам деб аталадиган бу маконда 7 ярим минг метрга яқин баланд чўққилардан тортиб, Марказий Осиёдаги энг катти Федченко музлиги-ю, Сарез ва Қоракўлгача ўнлаб кўллар жойлашган.

Бадахшон ўзининг қимматбаҳо тошлари, шифобахш сувлари билан донг таратган. Тожикистон ҳудудининг деярли 45 фоизини ташкил этадиган Помир-Тоғли Бадахшонда 200 мингдан бироз кўпроқ аҳоли яшайди.

Ўзларини тожиклар деб атайдиган Бадахшон аҳолисининг каттагина қисми шуғни, рушони, язғулом, вахи каби Помир тилларида сўзлашади.

Жорий йилдан бошлаб фақат шуғнонликлар учун эмас, балки Помирдаги яна бошқа тилларда гаплашадиган кишилар учун ўз тилларида фақат сўзлашиш эмас, балки ўқиш имкони ҳам пайдо бўлди. Нега "Лозар" танланди?

Тоғли Бадахшонда биринчи марта Помирнинг қадимий тилларида газета нашр этила бошланди. Мазкур мустақил газета "Лозар" деб аталади. У қадимий музлик деган маъно англатади.

Газета бош муҳаррири Хушомад Алидодовнинг айтишича бу сўзнинг танланиши биринчидан музликлар помирликлар учун ҳаёт манбаи бўлгани, иккинчидан музликнинг ўзида ҳамма нарсани аслидай, тоза акс эттириши билан боғлиқ.

"Бугун бу тиллар йўқ бўлиб кетиш асносида турибди. Агар ҳозирда бу тилларнинг айримларида одамлар сўзлашмай қўйишганини айтсак, асл ҳақиқатдир. Шунга кўра биздан олдин ҳам Помир тилларини қайтадан жонлантириш учун ҳаракатлар бўлганди. Лекин, бизга маълум бўлмаган сабаблар боис бу ташаббуслар қўллаб-қувватланмади", дейди муҳаррир.

Хушомад Алидодовнинг айтишича, у бошлиқ ижодкорлар гуруҳи ўтган йили фақат Помир тилларида бир газетани таъсис этишга интилишган. Бу газета орқали қадимий Помир тилларини жонлантириш ва ҳимоя қилиш режалаштирилган.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги йирик илмий-тадқиқот институтларидан бирида Помир тиллари бўлими мавжуд, Бадахшоннинг ўзида бу қадимий тилларга етарли эътибор берилмай қўйилгани ташвишга солган кишилар оз эмас эди.

Image caption "Лозар" қадимий музлик деган маънони англатади

"Бизнинг мақсадимиз Помир тилларини жонлантириш билан бирга бу орқали айни пайтда биз бехабар бўлган Бадахшон тилларида сўзлашувчилар маданиятини ўрганиб, келажак авлодларга мерос сифатида қолдириш эди", дейди Хушомад Алидодов.

Лекин ўтган йили газета чиқариш нияти амалга ошмай қолди.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас

ўсқинликлар кўп бўлди. Асосий қийинчилик бу тилларнинг алифбоси йўқлигида. Алифбонинг йўқлиги эса, бу тилларга ҳеч ким эътибор бермаслиги билан боғлиқ. Аҳамият берилмаслигига қарамасдан кўпгина олимларимиз Помир тиллари бўйича унвонлар олишди, профессор, академик бўлишди. Помир тилларидаги олти-еттита товушнинг кирилл алифбосида ҳарфи йўқ. Бу ҳарфларни биз компютерга мослаштириб олдик", дейди бош муҳаррир.

Хушомад Алидодовнин айтишича, газета чоп этилиб, тарқата бошлангач, маҳаллий ҳукумат таҳририят фаолиятида миллатчилик ва маҳаллийчилик кўраётганлигини билдирган.

"Матбуот ва тил ҳақидаги қонунларни бузиб, бизга нисбатан жиноий иш очишди. Лекин, биз бирон қонунни бузганимиз йўқ. Тил ҳақидаги қонунда маҳаллий тиллардан фойдаланиш борасида бу Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига тааллуқли эканлиги ёзиб қўйилган. Матбуот қонунида ҳам бирон-бир чеклов йўқ", дея Хушомад ўйчан нигоҳини бир нуқтага тикади.

Апрел ойида газета давлат қайдидан ўтказилди. Ҳозир бирон-бир тўсқинликсиз чоп этилмоқда. Лекин, имкониятлари ҳалигача чекланган. Чунки, деярли барча харажатлар таҳририят ходимларининг ўз чўнтагидан.. Фақат вилоятдаги бир ширкат бирмунча кўмак кўрсатмоқда. Бош муҳаррирнинг айтишича, газета асосан Хоруғ дорулфунунида журналистика борасида таълим олаётган ёшлар куч-ғайрати билан тайёрланмоқда. Улар озгина маошга қаноатланиб, кўпроқ кўнгилли тарзда ишлашади. Бош муҳаррирга кўра, газета ижодкорлари Помир тиллари учун қилаётган хизматларини яхши ҳис қилишади. "Бадахшонда бу тилларни жонлантираётганимиз давлат тили, тожик адабий тилини бойитиш мақсади билан ҳам амалга оширилмоқда. Чунки, агар биз ҳозир "Шоҳнома"ни ўқисак, унда фақат Помир тилларида қолган анчагина тожик сўзларини учратамиз. Биз бу сўзларни сақлаб қолиш учун уларни ҳимоялашимиз зарур", дейди Хушомад Алидодов.

Фақат бундан уч ой олдин янги газета ўқувчилар қўлига тегди. Ўз тилларида газета чоп этилишини кўплаб помирликлар қувониб қарши олишди.

"Қадимий форс тилларидан бўлган шуғни тили Тожикистон қонунларига кўра ҳимоя этилиши зарур. Газетанинг Помир тилларида чиқиши бизнинг юртимизга, тилимизга нисбатан муҳаббатимизни оширади. Масалан шуғни тили она тили бўлган одамлар ўз ҳаётларига оид мақолаларни тез тушуниб, ҳис қилиб ўқишади", дейди шуғни тилида сўзлашувчи киши.

Лекин, айрим бадахшонликлар Помир тилларида газета чиқариш тожиклар орасида узилишга олиб бориши мумкин, дея ҳисоблашади.

"Менинг фикримча, газеталар тожик тилида нашр этилиши зарур. Одамлар бу тилда берилган мақолалар орқали мамлакатнинг ҳар бир минтақасида, Хатлон ё Бадахшон ва ё Суғдда бўлаётган воқеаларни билиб олишади. Бу юртдошларимизни бир-бирларига яқинлаштиради, дўстлик муносабатлари пайдо бўлади", дейди Роштқалъа туманида туғилган Шермамад Гулмамадов. Помир тилларидан энг йириклари шуғни-рушони ва вахи тиллари ҳисобланади. Жумладан, шуғни ва рушони тилларида 50 минг кишига яқин сўзлашади. Қолган тилларда сўзлашадиганлар сони эса, ўн минг кишига етмайди.

Олимлар помирликларнинг кўпроқ баланд тоғларда, бошқа миллатлардан нарида яшаганлари учун уларнинг тили форсий тилда сўзлашувчи бошқа халқлар тилларига қараганда ўзгаришга оз учрагани, бу тилларда қадимий форс тиллари хусусиятлари сақланиб қолганлигини таъкидлайдилар.

Маиший тилга айланаётганликдан хавотирлар

Лекин кейинги пайтларда помирликлар ўз тилларининг фақат маиший тилга айланиб бораётганидан ташвиш чекишмоқда.

Image caption Помирликлар нафақат бошқача кийинишади, балки бошқа тилларда ҳам сўзлашадилар.

"Масалан, бартанг тили деярли йўқолиб боряпти. Бартанг тилида сўзлашадиган бир-иккита қишлоқ қолган холос. Бартангнинг қуйи қишлоқлари аҳолиси шуғни ва рушони тилларида сўзлашадиганлар билан аралашиб кетиб, бу тилларда сўзлайдиган бўлиб қолишган", дея маъюсланади Хушомад Алидодов.

У Вахонда вахи тили шохчаларининг айримлари ишкошим ва ҳатто Афғонистондаги дарий тили билан қўшилиб кетаётганидан ташвиш билдиради.

Эрта-индин Хитой ва Афғонистон билан маданий йўллар очилиши боис Помир тиллари бу йирик давлатлар маданияти таъсири остида йўқ бўлиб кетишидан хавотирликлар кучаймоқда. Тўрт ойдан буён нашр этилаётган "Помир" ҳафталиги асосан тожик ва рус тилларида. Лекин, кейинги пайтда бу газетада ҳам Помир тилларида мақолалар берилмоқда. Мазкур ҳафталик бош муҳаррири Қурбон Аламшо: "Помир тилларида тожикча таржимаси билан мақолалар берилишидан мақсад Тожикистоннинг бошқа минтақаларида яшаётган кишилар ҳам бу тилни ўрганиш учун имкониятга эга бўлишларидир. Бизнинг маҳаллий аҳолимиз ўзларини тожик дейишади ва икки тилда сўзлашадилар. Яъни улар икки тиллидирлар", дейди.

Қурбон Аламшо помирликларнинг маиший, турмушда ишлатадиган тиллари маҳаллий, яъни шуғни, вахи, ишкошим, рушони ва бошқалар эканлиги, лекин ёзишадиган, мутолаа қиладиган, диний маросимларда қўлланадиган тиллари форс-тожик тили эканлигини урғулайди.

Гарчи Помир тилларида чиқаётган газетанинг доимий ўқувчилари пайдо бўлган бўлса-да, лекин Бадахшондаги туманларнинг бир-биридан олисда ва йўлларнинг мураккаб бўлгани учун газеталарни етказиб бериш қийин кечмоқда.