Ўзбек чегарасида портловчи модда юкланган машиналар қўлга олинди

Харита

Ўзбекистон чегара қўшинлари Қирғизистон билан чегарада қўшни давлатга йўл олган 40 тоннадан ортиқ аммонит портловчи модда юкланган учта юк машинасини ушлашган.

Ўзбек томонининг айтишича, қирғиз ҳайдовчилари ва уларга ҳамроҳлик қилиб бораётган қирғиз ҳарбийлари зарур ҳужжатларни тақдим эта олмаганлар.

Икки давлат ўртасидаги келишувга мувофиқ махсус юклар фақат аввалдан келишилган ҳолдагина олиб ўтилади.

Қирғизистон чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпонбек Турусбеков ўзбек-қирғиз чегарасида Қирғизистонга кетаётган бешта юк ташувчи автоулов қўлга олинганини тасдиқлаган ва ҳодиса Ўзбекистон ҳудудида содир бўлар экан, ўзбек томонининг шундай иш тутишга қонуний "ҳаққи" борлигини эътироф этган.

Чегарадан ўтказилмаган юк "Қирғизгеолотехкомплект" бирлашмасига тегишли экани айтилади. Мазкур ташкилот раҳбари Мисир Мадяров бундай ҳол аввал кузатилмагани ва сўнгги хабардан ҳайрон бўлганини айтган.

Унга кўра, юкнинг барча ҳужжатлари бор, аммо уни Ўзбекистон ҳудиди орқали олиб ўтиш учун рухсатнома бўлмаган.

Мадяровга кўра, бундан олдин Ўзбекистон ҳудудидан юк олиб ўтиш учун ҳеч қачон аввал келишилганидан ташқари алоҳида рухсатномалар талаб қилинмаган.

Ушбу ҳодиса 23 июл куни содир бўлган, аммо маълумотлар энди ошкор этиляпти.

Айни пайтда ўзбек томони Қирғизистондан чегаралар демаркациясини тезроқ якунлашни сўрагани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ