Жалолободда яна бир ўзбек фаоли ҳибсга олинди

Image caption Қирғиз милициясининг махсус амалиётларида фақат ўзбеклар нишонга олинмоқда

Жалолободда вилоят ўзбек миллий марказининг таниқли фаоли Усмонали Аблязов ҳибсга олинган.

63 ёшли Усмонали Аблязовни ҳибсга олиш ва айблов тафсилотлари маълум эмас.

Жалолободдаги манбаълар ҳибсга олиш чоғида унинг уйига ўқ-дори ташлаб қўйилганини айтишмоқда.

Дастлабки хабарларга кўра, Усмонали Аблязов вилоят ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда.

У билан бирга ўзбек миллатига мансуб Баҳодир исмли истеъфодаги милиция полковниги ҳам ҳибсга олинган.

Усмонали Аблязов 10-11 июн кунлари Сузоқ туманини қуролли қирғиз оломони ва ҳарбийларнинг ҳужумидан ҳимоя қилган ўзбек ва қирғиз кўнгиллиларига бошчилик қилгани маълум.

Маҳаллий дружиначиларнинг қаршилиги натижасида Сузоқ тумани ҳудудидига қуроллилар қўйилмаган ва туманда осойишталик сақланган.

Дружиначилар туманга кириш йўлларини тўсиб олишган ва қўриқчилик ташкил этганлар.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсга олинганлар исм-шарифларининг фақат биринчи ҳарфларини берган ва уларнинг миллати ҳақида маълумот бермаган.

АКИПресс хабар агентлигининг милиция мулозимларига иқтибосан билдиришича, ҳибсга олиш 30 июл куни қирғиз хавфсизлик кучларининг "махсус амалиёти" чоғида амалга оширилган.

Хабарда ҳибсга олинганлар "Сампа" пахта тозалаш пункти ҳудудида "бегуноҳ одамларни оммавий равишда ўлдириш"да гумон қилинаётгани айтилади.

Жалолобод милициясига кўра, "11-12 июн кунлари "Бишкек-Ўш" автомобил йўлининг "Тупроқ-Бел" ҳудудида "жиноий гуруҳ йўлнинг кўтарилишига машиналарнинг чиқа олмаслиги учун мой тўккан ва натижада 16 киши ҳалок бўлган, 2 киши бедарак йўқолган".

Усмонали Аблязов узоқ йиллар Сузоқ туманидаги "Москва" жамоа хўжалигига раислик қилган ва "Қирғизистонда хизмат кўрсатган қишлок хўжалиги ходими" унвони билан тақдирланган.

Зўравонликлар бошланишидан сал аввал унинг Сузоқ туман ўзбек миллий марказига раҳбар этиб тайинлангани айтилади.

Халқаро ташкилотлар июн воқеаларидан сўнг бошланган ҳибсга олишларда асосан ўзбекларнинг нишонга олинаётганини айтишади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, ўзбеклар қийноқ ва бошқа турдаги ноинсоний муомалага тутилмоқда.

Парижда жойлашган "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти охирги бир ой ичида шафқатсизларча калтакланган 51 нафар ўзбекларга ёрдам кўрсатганини айтган.