Тожикистон: Янги қурилаётган Роғун ГЭСи яқинида зилзила юз берди

Роғун
Image caption Зилзила Роғун ГЭСи қурилаётган сатҳда ҳам сезилган

Тожикистоннинг энг йирик Норак ГЭСи жойлашган шимолий-шарқий минтақаларида қарийб 6 балли ер силкиниши кузатилган.

Маҳаллий сейсмологларга кўра, зилзила маркази пойтахт Душанбедан 68 чақирим узоқликда бўлган. Сатҳ янги қурилаётган Роғун ГЭСига ҳам яқин жойлашган.

Роғунда ер силкиниши кучи 12 балли шкала бўйича 4 баллни ташкил этган. Шунингдек, пойтахт Душанбеда ҳам кучсизроқ бир шаклда сезилган.

Зилзила сешанба куни маҳаллий вақт билан кечки тўққиз яримларда кузатилган.

Қурбонлар ва кўрилган зарар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Роғун ГЭСининг кучли ер силкинишларига қанчалик бардошли бўлиши минтақадаги қўшни давлатлар, жумладан, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ҳам хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Тожикистон зилзилани ўрганиш маркази масъулларидан Сергей Улубиевнинг Би-би-сига билдиришича, жорий йил ҳисобидан мамлакатда ҳали бу кучдаги ер қимирлаши кузатилмаган.

Айни бир пайтда Россиядаги зилзилани ўрганиш маркази мутахассислари ер қимирлаш ўчоғининг ер остида, 33 километр чуқурликда бўлганини айтишмоқда.

Тожикистон зилзила тез-тез юз берадиган тоғли мамлакат. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистонда йилига 2.000 дан ортиқ енгил ер силкинишлари кузатилади.

Шу йил бошида Тожикистоннинг тоғли Помир минтақасида рўй берган қақшатқич зилзила оқибатида юзлаб кишилар бошпанасиз қолишганди.

Тожикистоннинг шарқий Бадахшон вилояти ҳам тез-тез ер силкинишлари юз бериб турадиган минтақа ҳисобланади.

1911 йил юз берган зилзилада Сарез минтақасида бир қишлоқ сув остида қолганди.

Мазкур зилзила оқибатида камида 90 одамнинг ҳалок бўлгани ишонилади.

Сув остида қолган "Сарез" қишлоғи ўрнида Сарез кўли вужудга келди.

Сарез Марказий Осиё минтақасига энг кўп хавф солувчи кўл ҳисобланади.