'Қирғиз хавфсизлик кучлари ўзбекларга қарши зўравонликларга ростдан ҳам масъул'

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева илк бор ўз хавфсизлик кучлари қонли этник низолар ортидан ўзбекларнинг ҳуқуқларини топтаганлигини тан олган.

Қирғиз раҳбари Франс-Пресс ахборот агентлигига берган суҳбатида бунга иқрор бўлган.

Бирлашган Миллатлар ва қатор инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари аввалроқ қирғиз хавфсизлик кучлари атайдан ўзбекларни нишонга олаётганликларини айтиб чиқишганди.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган ой Қирғизистон хавфсизлик кучларини айнан ўзбекларни ҳибсга олиш ва қийноққа солишда айблаганди.

Ўтинбоева хоним янги зўравонликларнинг олдини олиш учун ҳукумати қўлидан келганча ҳаракат қилаётгани, аммо вазиятни тўлиқ назорат этиш учун қўллари калталик қилаётганини айтган.

"Ҳа, инсон ҳуқуқлари бузилаяпти, биз бу каби ҳолларни бирма-бир кўриб чиқишимиз лозим, лекин ўша қонли кунлардан ҳали икки ой ҳам ўтмаганлигини эсдан чиқармайлик," деб илтимос қилган қирғиз раҳбари.

Бирлашган Миллатлар томонидан янграётган айбловлар ҳақида сўралганда, Ўтинбоева хоним уларни тасдиқлашдан ташқари, алоҳида ҳолларни мисол тариқасида ҳам келтириб ўтган:

"Ҳа, сизга шуни айтишим керакки, бу каби ҳолатлар бўлган. Буни рад этмайман. Ҳатто ўзим ҳам хавфсизлик кучларини буткул назорат этишга қийналаман," деб айтган Ўтинбоева хоним.

Президент Қурманбек Бакиевнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ортидан Қирғизистон сиёсий беқарорликлар гирдобида қолиб келади.

Ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган миллий низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб инсонлар яраланган ва яна юз минглаблари доимий бошпанасиз қолишганди.

Наримон ҳодисаси

Ўтинбоева хоним қонли тўқнашувлар ортидан жанубий Наримон қишлоғида хавфсизлик кучлари томонидан икки ўзбекнинг ўлдирилиши ҳодисаси ҳам қасддан қилинган амал эканини тасдиқлаган.

Расмий маълумотларда 21 июн куни юз берган ўша воқеада яна йигирмадан ортиқ кишининг яралангани ҳам айтилганди. Хавфсизлик кучлари эса, қишлоқда тозалаш амалиёти олиб бораётган пайтларида "қуролли қаршиликка" дуч келганликларини даъво қилишганди.

"Хьюман Райтс Вотч" ва яна қатор кузатувчилар эса, қирғиз милицияси зобитларидан бирининг ўлдирилишига жавобан ўзбеклардан қасос олганлигини айтишганди.

"Бу ростдан ҳам қасос амалиёти бўлган. Лекин ҳозир бу каби тозалаш амалиётларига чек қўйилган. Афсуслар бўлсинким, бу уруш, бир гуруҳ бошқасига қарши чиққан ва биз ҳозир барча тўқнашувларни тинчитиш ҳаракатидамиз," деб баён қилган Ўтинбоева хоним.

Иқтисодий аҳвол

Иқтисодий аҳвол ҳақида сўз кетганда қирғиз раҳбари, "халқаро донорларнинг бир ярим миллиарддан ортиқ ёрдам ваъдаларига қарамай, аҳвол ниҳоятда аянчли" эканини билдирган.

Ўтинбоева хоним октябр ойига режаланган парламент сайловлари Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида қўйилган йирик қадам бўлишига умид қилаётганини айтган.

Лекин сайловларнинг тинч бўлишига кўз тикаётган бўлса ҳам, сайловлар арафаси ёки чоғида янги зўравонликлар юз бериши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

"Қаранг, биз доимо зўравонликлар хавфи остидамиз. Доимо," дея таъкидлаган қирғиз раҳбари.