Бишкек: Намойишлар тарқатилган, ташкилотчиси Бариқтабасов ҳибсга олинган

Бишкек
Image caption Қурултой иштирокчилари Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама этишмоқчи

Қирғизистон хавфсизлик кучлари "Мекен Туу" партияси раҳбари Урмат Бариқтабасовнинг Бишкек ташқарисида тўпланган юзлаб тарафдорларини тарқатиш учун уларни ўқсиз патронлар билан ўққа тутган.

Улар Қирғизистон парламенти ташқарисидаги минглаб намойишчиларга бориб қўшилмоқчи бўлишган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбарининг айтишича, шу йўл билан ҳукуматни ағдариш ҳаракатининг олди олинган бўлиши мумкин.

Кенешбек Душебаевга кўра, автобусдагиларнинг айримларида қурол-яроғ бўлгани ўзларини шундай хулосага етаклаган.

Қирғиз хавфсизлик кучлари Бишкек сарҳадларида Урмат Бариқтабасовнинг тарафдорлари тушган бир нечта автобусни ҳам тўхтатиб қолишган.

Автобусдагилар билан кечган бир неча соатлик қарама-қаршиликдан сўнг, хавфсизлик кучлари уларга қарата кўздан ёш сиздирувчи газ ва ўқсиз патронларни қўллаган.

Бариқтабасов ҳибсда

Урмат Бариқтабасовнинг минглаб тарафдорлари яна Қирғизистон парламенти ташқарисида ҳам митинг ўтказишган.

Улар қўлларида, "Қирғизистон кучли миллий раҳбарга муҳтож," "Биз Урматни қўллаймиз," "Урмат, Жалол-Обод сен билан," деган шиорларни кўтариб олишган.

Намойишчилар лидерларига ҳукуматдан ўрин берилишини талаб этишган.

Сўнгги хабарларга кўра эса, бугунги митинг ташаббускори, аввалроқ ўзини мухолифат фаоли деб эълон қилган Урмат Бариқтабасов ҳибсга олинган.

Намойиш ташкилотчиларига нисбатан оммавий тартибсизликларни уюштириш факти бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қирғиз муваққат ҳукуматининг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаров кеча чоршанба куни суд уни ҳибсга олиш тўғрисида санкция берганлигини билдирганди.

Жаноб Бариқтабасовни қўлга олиш учун Балиқчи шаҳридаги уйига келган ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса, уни топишолмаганди.

Азимбек Бекназаров митингга келган тақдирда "Мекен Туу" партиясининг раҳбари зудлик билан ҳибсга олинишини таъкидлаганди.

Тарафдорлари кун аввалида Урмат Бариқтабасов митингда иштирок этиш учун Бишкекка келаётгани ва йўлда эканини айтишганди.

Тадорик

Урмат Бариқтабасовнинг тарафдорлари Иссиқ-Кўлнинг Балиқчи шаҳридан пойтахт Бишкекка қараб учта автобус ва ўнта микроавтобусда йўлга чиқишган.

Митингда иштирок этиш ниятида бўлганларнинг туни билан енгил машиналарда ҳам Бишкекка етиб келганликлари айтилмоқда.

"Патриот" халқ қўшини раҳбари Дониёр Тербишалиевнинг айтишича, ўз гуруҳи билан кеча пойтахтга келаётганида юзлаб автобусларга кўзи тушган.

Ёш фаолнинг билдиришича, Бишкекка жанубдан ҳам автобуслар келган.

Айрим хабарларга кўра, намойишчилар йўл-йўлакай Балиқчи шаҳар милицияси уч ходимининг қурол-яроғларини тортиб олишган. Масъуллар ҳам ушбу хабарларни рад этишмаган.

Киргшёлк қишлоғи яқинидаги ДАН масканида жойлаштирилган махсус милиция кучлари Урмат Бариқтабасовнинг тарафдорларини Бишкекка ўтказмаяпти, деган хабарни эшитган хиёбондаги намойишчилар қишлоққа ўзлари бормоқчи бўлишган.

Бу ерга намойишчилар учун автобус ва енгил машиналар ҳам етказилган.

Фавқулодда хавфсизлик чоралари

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги қурултой чоғида ижтимоий тартибни таъминлаш учун фавқулодда хавфсизлик чораларига қўл урган.

Пойтахтдан Иссиқ-Кўлга борадиган йўл бўйида жойлашган Киргшёлк қишлоғида қуролланган махсус милиция бўлинмалари, аскарлар ва бронетранспортёрлар жойлаштирилган.

Аскарларга Урмат Бариқтабасовнинг тарафдорлари томонидан ўт очилса, уларга қарата ўқ отишга буйруқ берилган.

Ҳуқуқ-тартибот кучларига кўра, чоршанба кунидан буён ўз хизмат вазифаларини кучайтирилган тартибда олиб боришмоқда.

Бишкекда ижтимоий тартибни сақлаш учун икки мингдан ортиқ расмий ходимлар, беш минг нафар халқ қўшинлари жалб этилишган.

Айблов

Урмат Бариқтабасов 2005 йилги президентлик сайловларида иштирок этмоқчи бўлган. Аммо номзоди ўтмаган.

Қирғизистонда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Жаноб Бариқтабасов ҳукуматни куч билан эгаллашга уринишда айбланади. 2005 йилнинг 17 июн куни жаноб Бариқтабасовнинг минглаб тарафдорлари Бишкекдаги ҳукумат биносини эгаллаб олган, сўнгроқ милиция томонидан қувиб чиқарилганди.

Урмат Бариқтабасовнинг ўзи эса, четга қочиб кетган, аммо 2010 йилги апрел ҳодисаларидан кейин Қирғизистонга қайтганди.

Кўплаб сиёсий маҳбусларни оқлаган янги ҳукумат эса, жаноб Бариқтабасовга ўзининг айбсизлигини маҳкамада исботлаши шарт эканини айтганди.

Яқинда Қозоғистон ҳам уни қўлга олиш хусусида қирғиз ҳукуматига расмий мурожаат билан чиққан. Қозоғистонлик масъуллар жаноб Бариқтабасовни иқтисодий қинғирликларда айблашмоқда.

Урмат Бариқтабасов ҳар икки давлат фуқаролигига эга.