Қирғизистон фожеалари такрорланмаслиги учун нима қилмоқ керак?

Қирғизистон расмийларига кўра, "Мекен Туу" партияси раҳбари Урмат Бариқтабасов халқ қурултойи ниқоби остида амалда давлатни тўнтармоқчи бўлган, ўтиш даври ҳукумати бор кучи билан таъминлашга интилаётган барқарорликка путур етказишни кўзлаган.

Бишкекдаги расмий мулозимлар халқаро кўмак ташкилотлари ҳамда хорижий ҳукуматлар билан вайронага айланган Қирғизистон жанубини қайта қуриш, бошпанасизларни бошпана билан таъминлашни муҳокама қилаётган бир пайтда сиёсий таҳлилчилар ҳам келажакда Қирғизистон яна миллатлараро ва бошқа сиёсий зўравонликларга юз тутмаслиги учун нималар қилиниши керак деган саволлар устида бош қотирмоқдалар.

Аксар сиёсий кузатувчилар бир фикрда якдиллар: Қирғизистондаги, қисман жанубидаги вазият ҳамон беқарор ва хавфлилигича қолмоқда.

Шундай экан, улар савол беришади: 1990 йилдаги ёки шу йил июнидаги сингари этник қонли ҳодисаларнинг янгиси такрорланмаслиги учун нима қилса бўлади?

Беморга бир дорини тавсия этишдан олдин унинг хасталигига нима сабаб бўлганини аниқлаб олиш лозим.

Шу йил июн ойидаги қўрқинчли зўравонликлар кутилмаганда юзага чиқишида ўнтача омил рол ўйнади.

Булар: муваққат ҳукуматнинг кучсизлиги, собиқ президент Бакиевнинг яна ҳокимиятга қайтишини ташкиллаштирмоқчи бўлган Бакиев тарафдорлари гуруҳлари, қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги яширин адоват, этник гуруҳлар орасидаги иқтисодий тенгсизлик, қудрат учун рақобат қилаётган наркобаронлар ва маҳаллий сиёсатчилар ва уларнинг ўз мақсадини кўзлаб этник тарангликни келтириб чиқаришлари, номи тилга олинмаган ташқи сиёсий таъсирлар, охиргиси, бироқ шу билан ҳам тугамайдигани, кучли фуқаролик жамиятининг йўқлиги.

Охирги ибора нимани англатади?

Жўнроқ ёндашиладиган бўлса, жанубий Қирғизистонда истиқомат қиладиган инсонларнинг ҳаммасида ҳам биз ҳаммамиз бир мамлакатнинг фуқаросимиз деган туйғунинг йўқлиги.

Бишкекдаги бир таҳлилчи айтишича, 1990 йилда - мамлакат мустақиллиги арафасида ер учун келиб чиққан баҳс ортидан рўй берган юзлаб инсонларнинг ўлимидан кейин алам қолиб кетган.

Ўш шаҳри атрофидаги азалдан ўзбеклар истиқомат қилиб келган колхоз ерлари янги уй-жой барпо этиш учун бўлиб берилган ва янги ер участкаларининг аксарига бошқа жойдан келган қирғизлар жойлашиб олганлар.

Вақт ўтган сайин норозилик кучайиб борди, мисол учун ўзбеклар янги мустақилликка эришилган Қирғизистонда юқори лавозимлар фақат қирғизларга берилаётганидан шикоят қилардилар.

Кўплаб маҳаллий бизнеслар нисбатан бой бўлган ўзбекларнинг қўлида эканидан аксар қирғизлар ғазабга келишган.

Шунингдек, аксар қудратли гиёҳванд моддалар тужжорларининг анчаси ҳам ўзбеклардир.

Экспертлар Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин этник сабр-тоқатлилик ҳам озайиб борганини афсус билан қайд этадилар.

Шу билан бирга ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида нейтрал гуруҳ вазифасини бажариб келган русийзабон аҳоли - этник руслар, украинлар ва бошқалар сони ҳам кескин камайиб кетди, бу ҳам қирғиз-ўзбек бўлинишини янада кучайтирди.

Хўш, муаммо ечими қаерда?

Ҳеч ким бу муаммони ҳал этиш осон эмаслигини инкор этмайди.

Бироқ таҳлилчилар айрим йирик ўзгаришларни ясаш мумкинлигига ишонадилар.

Этник ўзбекларга маҳаллий сиёсатда кўпроқ иштирок этиш имконияти берилиши, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларидаги ўзбек вакиллари сони кенгайтирилиши, ўзбек тилига кенгроқ эътироф берилиши лозим.

Айни пайтда кўплаб қирғизларнинг ўзларини ўзбек қўшниларидан камбағал ҳис қилишларига сабаб бўладиган иқтисодий тенгсизлик текисланиши талаб қилинади.

Бу чоралар албатта, бир-бирига қарама-қарши қутблар ҳисобланадиган маҳаллий сиёсатчиларнинг, бизнесменлар ва икки томондаги ҳам наркобаронларнинг манфаатларига зид келади.

Бироқ бу чоралар, халқаро кузатувчиларнинг ишонишича, узоқ муддатда муаммо ҳал этилишига ҳисса қўшади.