АҚШ Давлат департаменти терроризмга қарши кураш ҳисоботини эълон қилди

Покистонда худкушлик ҳужуми содир этилган жой
Image caption Ҳисботга кўра, Покистонда террорчилик ҳужумлари сони ортган

АҚШ Давлат департаменти ўтган 2009 йил учун мамлакатма-мамлакат терроризм аҳволи бўйича махсус ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда жаҳон бўйлаб сиёсий мақсадларда амалга оширилган бомба ҳужумларию-отишмаларга қарши кураш тасвирланган.

Ҳисоботнинг асосий нуқтаси террористик амалларнинг Афғонистон ва Покистонда ошганлиги, аммо айтилишича, Ироқдв зўравонликлар миқёси камайган.

Марказий Осиё ва Қофқоз мамлакатларида эса тоғли ва чегара минтақаларида хавфсизлик чоралари етарлича таъминланмаган.

"Террорчилик ҳужумлари" деб таснифланган ҳужумларда 2009 йилда 15 минг инсон ҳалок бўлган.

Давлат департаментига кўра, қурбонларнинг учдан икки қисми - 9 мингдан ортиғи - "Ал-Қоида"га алоқадорлар, Толибон ва бошқа исломий гуруҳларнинг ҳужумлари оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар.

Ироқда вазият, секинлик билан бўлса-да, яхшиланаяпти - ўтган йили ўлимлар сони 75 фоизга камайган.

Аммо Покистон ва Афғонистонда аҳвол ёмонлашган - 2009 йил мобайнида ҳалок бўлганларнинг етти минги шу икки мамлакатга тўғри келган.

АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш идораси раҳбари Дэн Бенжамин сўзларига кўра, "Ал-Қоида"нинг Покистон бўғини "Қўшма Штатларини нишонга олган қарши курашиш энг қийин бўлган террорчи ташкилот"дир.

Жаноб Бенжамин айтишича, 2009 йилда етакчи лидерлари ўлдирилиб, айрим анъанадор мусулмон уламоларнинг улар сафини тарк этганидан кейин ташкилот кучи қирқилган бўлса-да, бошқа бир ҳудудларда "Ал-Қоида" таҳдидлари кучайган.

Бунинг бир мисоли сифатида АҚШ фуқароларининг зўравон экстремизм тарафдорларига айлангани тилга олинган.

Бу "Ал-Қоида" ва бошқа гуруҳларнинг ўз тарғиботида ғарбдаги оммани нишонга олишга сазовор бўлаётганларининг далили сифатида кўрилаяпти.

Ўзининг мамлакатма-мамлакат ҳисоботида Давлат департаменти собиқ Шўролар Иттифоқининг жанубий сарҳадларидаги ҳукуматлар билан ҳамкорлигини давом эттираётгани ёки кучайтирганини қайд этган.

"Озарбайжон террорчиларни молиялашга қарши курашни юқори босқичга кўтарганини намойиш этди", дейилади ҳисоботда.

Қофқоздаги уч мамлакат ҳам АҚШ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга ҳисса қўшаётган мамлакатларнинг учоқлари ўз ҳаво ҳудудларидан учиб ўтишлари ва қўнишларига тўла рухсат беришди.

Бу уч республика, айниқса, Гуржистон ноқонуний гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ контрабандаси, ноқонуний маблағларни ҳалоллашга қарши кураш амалиётларини янада кучайтирганлар.

Давлат департаменти ҳисоботида Марказий Осиёдаги ҳолатлар анча батафсил ёритилган.

Қирғизистоннинг тоғли Боткен вилоятида контрабандчилар ва қуролли гуруҳларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишлари олдини олиш мақсадига қаратилган ускуна ва жиҳозлар янгиланган.

"Қирғиз хавфсизлик кучлари мамлакат жанубида террорчи гуруҳларга қарши қатор рейдларни амалга оширган бўлса-да, Боткен катта муаммоли ҳудудлигича қолаяпти", дейилади ҳисоботда.

Қўшни Тожикистонда энг асосий муаммо узоқ тоғли Тавилдара минтақаси бўлиб қолмоқда, у ерда қуролланган гуруҳларга қарши амалиётлар кўзланган натижани бермаган, бунга зарур қурол-яроғ ҳамда ходимлар етишмаслиги сабаб бўлган.

Ўзбекистонда "Исломий Жиҳод иттифоқи" ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби гуруҳлар амал қилаяпти ва ўтган йили Андижон вилоятида камида икки худкушлик ҳужуми содир этилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбек расмийлари ноқонуний пулларни ҳалоллашга қарши қатор чораларни кўрганларига қарамасдан, Ўзбекистонда қора бозор мавжудлигидан экстремист гуруҳларни молиялашда фойдаланилаяпти.

Бутун минтақада бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам ҳали кўп иш қилиниши лозим, дейилади АҚШ Давлат департаменти йиллик ҳисоботида.