'Расмийларнинг зўравонлик ҳисоботларига жавоб бермаётганидан таажжубдамиз'

Азимжон Асқаров
Image caption Азимжон Асқаров ўзбекларга тегишли хонадонлар ва бошқа биноларга қарши уюштирилган ҳужумларни фото ва видеотасвирга олаётган пайтида қўлга олинган.

Ҳибсда сақланаётган қирғизистонлик инсон ҳақлари фаоли Азимжон Асқаровнинг ишини қонун асосида кўриб чиқилишини таъминлашни мақсад қилган халқаро қўмита ташкил этилган.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага мурожаат эълон қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари халқаро ташкилотлар Қирғизистон жанубида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари содир этаётган зўравонликлар ҳақидаги ҳисоботларга шу пайтгача муносабат билдирмаганидан ташвиш билдирганлар.

"Азимжон Асқаровнинг ишида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича халқаро қўмита" деб номланган уюшмага Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларус , Гуржистон ва британиялик 20 дан зиёд инсон ҳақлари фаоллари аъзо бўлиб кирганлари маълум қилинган.

Қирғизистон президенти ва бош прокурорига йўлланган мурожаатда "Ҳаво" нодавлат ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаровнинг Марказий Осиё ҳуқуқ ҳимоячилари уюшмаси аъзоси экани билдирилади.

Фаоллар Қирғиз расмийлари июн ойидаги зўравонлик ва тартибсизликларни ташкиллаштиришда айблаётган Азимжон Асқаровнинг ҳибсдаги аҳволидан ташвиш изҳор этилган.

"Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлар, Бозорқўрғон туманида тартибсизликлар рўй берган кунлари, Азимжон Асқаров ўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумот тўплаганлиги, ўт қўйишлар ва талон-тарожликларни хужжатлаштириши билан тўғридан тўғри боғлиқ", дейилади мурожаатномада.

"Адвокатининг сўзларига қараганда, Азимжон Асқаровнинг соғлиғи ташвишли ҳолатда, унинг бутун баданида, айниқса, буйраклари атрофида калтакланиш излари мавжуд. Қўрқитишлар ва зўравонликларга Асқаровнинг яқинлари ҳам дучор бўлишмоқда. Жумладан, 21 июль куни эрталаб, Асқаровнинг қариндошларидан бири Турдихон Асқаровага Бозорқўрғон милиция бўлинмаси ёнида ўттиздан зиёд тажовузкор аёллар ҳужум қилишган", деб ёзишган инсон ҳақлари ҳимоячилари.

Мурожаат муаллифлари Қирғиз ҳукумати расмийларининг халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг зўравонликлари фактлари бўйича қатор ҳисоботларига жавоб бермаётганларидан таажжуб изҳор этганлар.

Инсон ҳақлари фаоллари Асқаровга нисбатан қийноқ ҳоллари аниқланган тақдирда айбдор ходимларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилганлар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятилик Азимжон Асқаров Бозорқўрғонда қуролсиз кишиларга қарата ўқ отган ҳужумчиларни видеотасвирга туширган.

У 13 июн куни шу туманда ўзбекларга тегишли хонадонлар ва бошқа биноларга қарши уюштирилган ҳужумларни фото ва видеотасвирга олаётган пайтида қўлга олинган.

Азимжон Асқаровнинг қийноқларга тутилаётганини хабар қилган адвокати Нурбек Токтакунов ҳам ўзининг хавфсизлигига ишонмаслигини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ