'Қирғизистон янги ҳарбий база очиш борасида музокара олиб бораётгани йўқ'

АҚШнинг Бишкекдаги транзит маркази
Image caption "Манас" базаси 2001 йилда ташкил этилган

Қирғизистон расмийлари мамлакат жанубида АҚШнинг янги ҳарбий базасини очиш муҳокама этилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этганлар.

Қирғизистон ҳукумати воизи Фарид Ниёзовнинг Россия оммавий ахборот воситаларига гапиришича, расмийлар бирор бир киши билан мамлакат жанубида ҳарбий базани очиш борасида музокара олиб бораётгани йўқ.

"Давлат раҳбари Роза Ўтинбоева бу масалада музокара олиб бораётгани йўқ. Янги сайланадиган парламент ва ҳукумат буни кўриб чиқади", деб айтган Фарид Ниёзов.

Washington Post рўзномаси Қирғизистондаги янги АҚШ базасини барпо этиш ҳамон кун тартибида экани ҳақида мақола эълон қилган, унда Ўш шаҳрида қиймати 10 миллион долларлик ҳарбий база барпо этиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзилган.

Мақолага кўра, АҚШ Қирғизистон ҳарбийларини аксилтеррор амалиётлари учун тайёргарликдан ўтказиш мақсадида "Ўш полигони"ни ташкил этишни истайди, бу базада зобитлар ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар учун ётоқхоналар, қурол-яроғ омбори ва бошқа иншоотлар бўлиши кўзда тутилган.

Washington Postга кўра, Қирғизистон жанубида Қирғиз ҳарбийлари учун база ташкил этиш таклифи қудратдан кетказилган президент Қурманбек Бакиев пайтида илгари сурилган ва Роза Ўтиинбоева маъмурияти билан музокаралар давом эттирилган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг бош ҳаво қўналғаси - "Манас"да Афғонистондаги аксилтеррор амалиётларига кўмак мақсадида 2001 йилда Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий базаси ташкил этилган, собиқ президент Бакиевнинг база учун етарли ҳақ тўланмаётгани борасидаги баёнотларидан кейин Қирғизистон парламентининг АҚШ базаси фаолиятини тўхтатиш мақсадидаги қарори ҳам қабул қилинган эди.

Музокаралардан кейин ҳарбий база транзит марказига айлантирилган эди.

Қирғизистон сиёсатчилари қудратдан кетказилган президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар яқинларини "Манас" базасини ёқилғи билан таъминлаш шартномаларини ўз қўлларига олиб кўп ноқонуний фойда кўрганликда айблайдилар.

Собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳукмронлиги даврида Қирғизистон жанубида Россиянинг ҳам ҳарбий базасини ташкил этиш масаласи кўтарилган, Ўзбекистон бундай режага қарши чиққан эди.

Бу мавзуда батафсилроқ