Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғиз жанубида комендантлик соати якунланди, аммо қўрқув аримаган

Қирғизистон жануби - Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги зўравонлик ортидан киритилган комендантлик соати бекор қилинган. Аммо, мамлакат расмийлари ҳуқуқ тартибот ходимлари барибир кучайтирилган ҳолатда ишлашда давом этишади деб айтишмоқда.

Жанубдаги ўзбеклар эса комендантлик соати баҳонасида кўплаб эркаклар ҳибсга олингани, қийноққа солиниб, кейин фақат пул эвазига озод қилинаётганидан шикоят қилиб келишади.

Бу каби ҳолатлар мавжудлигини Ўшдаги қатор халқаро ташкилотлар ҳам урғулашган.

Би-би-си Ўшда уйи ёниб кетиб, ҳозир ўғлиникида яшаётган Муҳаммаджон Йўлчиевни суҳбатга тортди.

У одамларнинг уйларига ярим тунда хавфсизлик кучлари томонидан бостириб киришлар давом этаётгани, ўзбеклар орасида шаҳарга чиқишдан қўрқув катталигини айтади.

Муҳаммаджон ака, шунингдек, такрор-такрор берилган ваъдаларга қарамай, уйи куйган аҳоли қўлига бир сўм ҳам пул берилмаганини айтди.

Унга кўра, ёш ўшлик йигитларнинг Россияга иш излаб кетиши авж олган.