Қирғиз прокуратураси Асқаров қийноққа тутилганини рад этди

Азимжон Асқаров
Image caption Азимжон Асқаровга нисбатан иш сохталаштирилаётгани борасида хавотирлар кучайган

Қирғизистон Бош прокуратураси ҳибсда сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровни оммавий тартибсизликларни ташкил этишда айбдор деб билади ва унинг танасидаги жароҳатлар "камерадоши"нинг ургани оқибати дейди.

Қатор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари қарийб икки ойлик мурожаатлари ва Азимжон Асқаровнинг саломатлиги борасидаги хавотирларидан кейин Қирғизистон Бош прокуратурасидан расмий жавоб мактуби олганлар.

Бу мактубда ёзилишича, Азимжон Асқаровнинг бўйнига қўйилган айблар исботланган, унга нисбатан жиноий ишни тезроқ тугатиб, маҳкамага ошириш чоралари кўрилаяпти.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг ташкилий-назорат бошқармаси бошлиғи имзоси билан Марказий Осиё инсон ҳақлари ҳимоячилари тармоғига юборилган жавоб хатига кўра, 2010 йилнинг 13 июн куни Азимжон Асқаров 400-500 атрофида ўзбек миллатига мансуб инсонларни Бишкек-Ўш йўлини тўсиб олишга даъват этган, бундай ноқонуний амалларни тўхтатиш учун ҳодиса жойига борган милиция ходимларига бўйсунмасликка чақирган, шунинг оқибатида оломон милиция ходимларига ҳужум қилиб, бир милиционерни ўлдирган, бир нечасини яралаган.

Бозорқўрғонлик милиция ходимлари гувоҳ сифатида Асқаровга қўйилган айбларни тасдиқлаганлари, Азимжон Асқаров оммавий тартибсизликларни ташкилотчиси бўлгани ва ўқотар қурол билан қуролланган гуруҳга раҳбарлик қилгани тергов жараёнида исботини топганини ёзади ўзининг хатида қирғиз прокуратурасининг етакчи мулозими.

"5 июл куни вилоят прокуратураси раҳбарлари билан суҳбат ўтказилганида айбланувчи А. Асқаров суд-тиббиёт экспертизасида қайд этилган тан жароҳатларини у билан ИИБ бир камерасида сақланаётган М. Маҳмуджоновнинг зарбалари туфайли олганини, аниқлаш ва тергов органлари томонидан бирор-бир қийноқ, калтаклаш ёки куч қўллаш юз бермаганини, шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ҳеч қандай шикояти йўқлигини қайд этди", дейилади жавоб хатида.

Асқаров иши долзарблигини инобатга олиб Қирғизистон Бош прокурори вазифасини бажарувчи Б. Ибраев Жалолобод вилоятига махсус ишлар бўйича терговчи юборгани маълум қилинган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманилик бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров 13 июн куни шу туманда ўзбекларга тегишли бинолар, мулкларнинг йўқ қилингани, қуролсиз аҳолига ўт очилгани ҳодисаларини аудио, фото ва видеога ҳужжатлаштириб юрган пайтида ҳибсга олинган эди.

"Ҳужумларни видеога олган инсон ҳақлари фаоли озод қилинсин"

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аллақачон Қирғиз прокурорлари, милицияси ходимларининг июн ойидаги қонли ҳодисаларда ўзбек миллатига мансуб инсонларни асосий айбдорга айлантириш мақсадидаги амалларидан бонг уришган, бундай ҳаракатлар қораланди.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида ўзбеклар истиқомат қиладиган жойларга қирғиз ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзлари қурол-яроғ ташлаб қўйиб, ҳибсга олишлар юз бергани, қилмаган жиноятларини бўйнига қўйдириш мақсадида ўзбеклар қийноққа солинаётгани хабар қилинди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Азимжон Асқаровни Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисаларнинг асосий ўзбек ташкилотчиларидан бири сифатида "томоша-маҳкама" тайёрланаётгани ҳақида маълум қилишган.

Қирғиз бош прокуратурасининг расмий жавоби олинган куни Азимжон Асқаровнинг адвокати Нурбек Токтакунов мамлакат Ички ишлар вазирига мурожат қилган, унда Бозорқўрғон милицияси идораси раҳбарларининг зўравонликларда ўлдирилган милиционер оиласи аъзоларининг ички ишлар бўлимига ҳеч бир тўсиқсиз киришига йўл қўйиб бераётган раҳбарларни жавобгарликка тортиш сўралган.