АҚШ Қирғизистон жанубида ҳарбий база қуриш режаси борлигини рад этди

Image caption Бишкек яқинидаги "Манас" ҳаво базаси Афғонистондаги амалиётлар учун муҳим саналади

Қўшма Штатларнинг Бишкекдаги элчиси Татяна Гфеллерга кўра, Вашингтон Ўшда ҳарбий база эмас, балки ўқув маркази очмоқчи.

Бу ҳақда АҚШ дипломати Бишкекда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Ўтинбоева ҳукумати билан олиб борилаётган музокараларда сўз иккинчи ҳарбий база эмас, балки Қирғизистоннинг аксилгиёҳванд ва аксилтерор бўлинмалари учун ўқув марказини очиш ҳақида бормоқда.

Ўтган ҳафта "Вашингтон Пост" рўзномаси АҚШдаги ҳарбий манбаъларга таяниб, Пентагон Бишкек яқинидаги "Манас" ҳаво базасига қўшимча Қирғизистон жанубида иккинчи ҳарбий база очиш юзасидан музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган эди.

Қирғиз расмийлари ушбу хабарларни рад этганлар.

Вашингтон собиқ президент Бакиев билан Ўшда аксилтеррор ўқув маркази очиш борасида келишган, аммо Қирғизистондаги ҳокимият ўзгаришидан сўнг, бу борадаги музокараларнинг тўхтаб қолгани айтилганди.

Бакиев 2008 йилда Америка ҳарбий базасини ёпишга буйруқ берган, аммо музокаралардан сўнг базанинг мақоми "транзит-марказ" дея ўзгартирилганди.

АҚШ базасини ёпиш қарори Россиянинг Қирғизистонга кўп миллиард долларлик кредит ажратиш қарори билан бир вақтда қабул қилинган.

Аммо пировардида Бакиев нафақат Америка базасини ёпмаган, балки америкаликлар билан Қирғизистон жанубида ўқув-машғулот маркази очиш борасида ҳам келишган.

Россия ва ғарб матбуоти Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши АҚШ базасининг тақдири билан тўғридан-тўғри боғлиқлигини тахмин қилган.

Қўшма Штатлар Қирғизистондаги янги ҳокимият билан Афғонистондаги амалиётлар учун муҳим бўлган ҳарбий база фаолиятининг давомийлигини таъминлаш юзасидан тез тил топишган.

Бу борадаги музокаралар билан бир вақтда Вашингтон Қирғизистоннинг сиёсий ва кейинроқ этник зўравонликлардан вайрон бўлган инфратузилмаси учун кўп миллион долларлик ёрдам ажратган.

Аммо АҚШ Конгрессида Қирғизистондаги ҳарбий база фаолияти, хусусан, собиқ президент Бакиев оиласи назорат қилган ёнилғи шартномалари билан боғлиқ коррупцияга доир айбловлар янграган.

Қирғизистоннинг жорий раҳбари Роза Ўтинбоева мухолифатда экан, АҚШни ҳарбий база сабаб, Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократиянинг аҳволига кўз юмишда айблаган.