Тошкент вилоятида прописка ва уй-жой сотиб олишга чеклов киритилди

Image caption Тошкентда прописка амалда 1999 йилдан буён ёпилган

1999 йилдан буён пойтахтда амал қилиб келаётган прописка тартиби эндиликда Тошкент вилоятига ҳам тадбиқ этилади.

Ўзбекистон вазирлар Маҳкамасининг Президент Каримов томонидан имзоланган қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятида Ўзбекистон фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш вилоят ҳокимияти ҳузуридаги махсус комиссия томонидан ҳал этилади.

Газета.уз нашрининг ҳужжатдан иқтибос келтиришича, уй-жой сотиб олганлик ва кўчмас мулк билан боғлиқ бошқа тегишли қайдлар фақат махсус комиссиянинг пропискага русхат борлиги ҳақидаги қарори билангина амалга оширилади.

Бу каби тартиб Тошкент шаҳрида 1999 йил 16 февралидаги портлашлар ортидан вақтинча жорий этилганди.

1999 йилнинг 27 февралида кучга кирган фармон амалда пойтахтга пропискани бутунлай ёпган.

Гарчи Тошкентда рўйхатдан ўтказиш тартибининг қаттиқлаштирилгани хавфсизлик сабаблари билан тушунтирилган эса-да, амалда бу ҳукуматнинг ички миграция оқимини назорат қилиш истаги билан боғлиқ бўлгани айтилади.

2004 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан пойтахтда доимий рўйхатдан ўтмаган минглаб ходимларнинг ишларидан четлатилиб, вилоятларга чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар олинган.

Тошкентлик жамиятшунос Комрон Алиевнинг айтишича, сўнгги пайтларда пойтахтга ерлашиш истагида бўлган вилоят аҳолиси прописка чеклови боис Тошкент вилоятига келиб, ерлашаётган эди.

Унга кўра, ҳукуматнинг пропискани чеклаш ҳаракатлари аввал-бошдан пойтахт аҳолиси сонини жиловлашга қаратилган.

"Тараққий этган ва этаётган давлатларда мамлакат аҳолисининг 20 фоизигача пойтахтларда яшайди. Ўзбекистон шароитида бу камида 5 миллон аҳоли, дегани. Уларнинг эҳтиёжига яраша ижтимоий хизматлар йўлга қўйилиши керак. Ҳукумат эса бунга қодир эмас. Уй-жой қурилишлари тўхтаган. Давлат шу йўл билан вазиятни назорат қилишга уринмоқда", - дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидлашича, бу каби чеклов натижа бермайди ва фақат порахўрликнинг кўпайишига олиб келади, холос.

"Еurasia.net" нашри Ўзбекистон Меҳнат вазирининг ўринбосари Ботир Алимуҳаммедовнинг прописка тартиби Тошкентнинг пойтахт сифатида махсус мақоми билан боғлиқ экани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

Аммо кузатувчилар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупциянинг кенг тарқалгани инобатга олинса, бу каби чекловнинг қанчалик самарали эканини савол остига оладилар.

Уларга кўра, ўтган вақт мобайнида Тошкентда пропискадан ўтиш учун бериладиган пора миқдори бир неча баробарга ортган ва шу кунларда 5-6 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон совет давридаги прописка тартибини сақлаб қолган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.

Собиқ СССРда Сталин даврида миграция, хусусан, деҳқонларнинг шаҳарларга оқиб келишларини назорат қилиш мақсадида жорий этилган прописка тартиби ғарбда "аксилинсоний" дея қораланган.

Халқаро ташкилотларга кўра, бу каби тартибнинг сақланиб қолаётгани коррупция ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига йўл очади.