Қирғиз собиқ мудофаа вазири армия айбдорлигини рад этди

Ўш ва Жалолободдаги ҳодисалар даврида Қирғизистон қуролли кучлари раҳбари бўлган Исмоил Исақов ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари ходимларининг зўравонликлар қўллари борлиги ҳақидаги Хюман Райтс Уотч ҳисоботини рад этган. Унга кўра, ҳужумчилар ҳарбий форма ва машиналарни турли йўллар билан қўлга киритганлар.

Исақов: Бу ерда объектив сабаблар бўлган. Биринчидан, бизнинг ҳарбийларнинг кийимлари, "полевой" деймиз, бозорларда ҳам сотилади. Ёш болаларнинг кўпчилиги уларни бозорлардан сотиб олиб кийиб юрган. Уни ҳамма бозорда сотади. Иккинчидан, 11 июнь куни ўша Фурқат маҳалласи яқинида тўпланган 3-4 минг чамаси одамлар, ёш йигитлар Майлисойдан келаётган учта БТРдаги ҳарбийларни тўхтатиб, аскарларни уриб, қуролларини тортиб олишган ва иккита БТРни олиб кетишган. Биз уларни тутолмай, воқеаларнинг учинчи куни қўлга олдик. Буни кўрган ўша ердаги ўзбеклар, журналистлар "аскарларнинг ўзлари ўқ отаяпти" деб айтишган.

Би-би-си: Албатта, биронта номаълум шахс ёки гуруҳлар ҳарбий кийимларни аскарлардан тортиб олиб, БТРларни ҳам олиб қочганлиги ҳақида анча ҳикоялар янграган. Лекин, баъзи халкаро ва нодавлат ташкилотлар илгари ҳам бу фақат баҳоналар эканлигини, қирғиз аскарларидан баъзилари мунтазам равишда зўравонликларга алоқаси борлигини аниқлашганини айтишган.

Исақов: 100-200 нафар ҳарбийни 3-4 минг оломон келиб, қуршаб олса, ҳарбийлар уларга қандай қарши чиқа олади? Аскарлар кейин айтиб беришди, "биз уларни қирғизлар, яхшиликча келишаяпти деб уйлагандик, аммо кейин қўлларимиздан қуролларимизни тортиб олишди" деб гапиришди. Бу факт, уларни сўраб-суриштирса юзага чиқади. Бу каби ҳоллар бор, аммо улар қўшиб-чатиб, бир тарафлама гапирилмоқда. Бу яхшиликка олиб келмайди.

Би-би-си: Бугун эълон қилинган ҳисоботда Қирғизистон хавфсизлик кучлари айниқса ўзбек аҳолини қийноқларга солгани ҳақида ҳам айтилган. Аввалроқ эса баъзи инсонпарварлик ташкилотлари ҳибсга олинган одамларнинг таналарида қолган қийноқлар нишонларини расмга олишган. Бу ҳақида нима дея оласиз?

Исақов: Ҳеч қачон Қирғизистоннинг армияси, Қирғизистон милицияси атайлаб, қайтариб айтаман, атайлаб ўзбекларни дўппослашга, айтилаётгандай, зўрлашга бормаган. Бормайди ҳам. Биронта ҳам қўмондон бундай буйруқ берган эмас. Комендантнинг бундай буйруғини мен кўрмаганман. Бу ёлғон.