Бишкекда Хьюман Райтс Уотч ҳисоботига қарши пикет

Бишкекдаги БМТ Уйи қаршисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг "Адолат қани?" деб номланган ҳисоботига қарши норозилик чиқиши уюштирилди.

Норозилик иштирокчилари тўрт кишидан иборат бўлганлар - улар Хьюман Райтс Уотчнинг Қирғизистон жанубидаги ҳодисаларга бағишланган биринчи ҳисоботини нотўғри деб ҳисоблашади.

Хьюман Райтс Уотчнинг "Адолат қани?" ҳисоботига кўра, ҳодисаларнинг гувоҳлари кўпда бир тасвирни берганлар: аксар ҳолларда қирғиз ҳарбийлари формасида бўлганлар ва ҳарбий машинлардаги аскарлар маҳаллаларрга кириб келиб аҳолининг ўзларини ҳимоя қилиш учун яратган баррикадаларини ҳужумчилар учун очиб беришган.

Шунингдек, Қирғиз ҳукумати ҳодисалардан сўнг миллий ярашув йўлида қатор чорларни йўлга қўйишга ҳаракат қилган бўлса ҳам, бошланиб кетган "тозалаш" жараёнида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйганлар.

Ҳисоботда таъкидланишича, маҳаллий куч тизимлари қонли низолар чоғида ўзбекларни етарлича ҳимоя қилишмаган.

Халқаро ташкилотга кўра, қирғиз расмийлари ҳукумат кучларининг зўравонликлардаги ролини текшириб, жавобгарларни маҳкамага тортиши лозим.

Хюман Райтс Уотчнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар ҳануз давом этмоқда.

Ҳисобот 200 дан ортиқ жабрдийдалар, шоҳидлар, ҳимоячилар, инсон ҳақлари фаоллари, ҳукумат мулозимлари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари билан суҳбатларга асосланган.

Хюман Райтс Уотч ҳисоботини тайёрлаш жараёнида сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар, турли видео лавҳалар, ҳужжатлар ва ашёвий далиллардан фойдаланилган.

Би-би-си ҳисобот муаллифларидан бири Оле Солванг билан боғланди ва зўравонликларда ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари қўли борлиги на қадар тасдиқланган эканлиги ҳақида сўради.

Оле Солванг: Биз Ўш ва Жалолободдаги кўпгина қурбонлар ва гувоҳлар билан суҳбатда бўлдик. Уларнинг сўзларига кўра, ҳарбий машиналар ўзбек маҳаллаларига ҳужум уюштирган гуруҳнинг бир қисми бўлган. Биз бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот мулозимларидан сўраган пайтимиз, улар бу ҳарбий машиналар оломон томонидан олиб қочилгани ва улар қирғиз фуқаролари томонидан бошқарилганини даъво қилишди. Бу тўғри. Биз бу ҳарбий машиналарни минган ва уларнинг бошқа фуқаролар томонидан бошқарилганини кўрган қирғизлар билан гаплашдик. Аммо ҳарбийлар барча ҳужумларга жўяли бир тарзда изоҳ топиб беролганлари йўқ. Кўпгина ҳудудларда ҳужумлар бир неча кун давом этган ва уларда турли русумдаги ҳарбий машиналар ишлатилган. Бундан ташқари, қирғиз хавфсизлик кучлари ичидаги манбалар бизга ҳарбий машиналар ўзбек маҳаллаларига қўйилган баррикадаларни олиб ташлаш учун ишлатилганини тасдиқлашди. Бу зўравонликларда қатнашган ўзбекларни қуролсизлантириш мақсадида қилинганми ёки қирғиз оломонни ўзбек маҳаллаларига қўйиб юбориш учунми, бизга қоронғу.

Би-би-си: Қирғиз расмийлари одамларни қуролсизлантириш ва гаровга олишларни тўхтатиш учун ўзбек маҳаллаларига киришга мажбур бўлганликларини айтишганди. Ҳақиқатан ҳам улар нимадир қилишлари керак эди, шундай эмасми?

Оле Солванг: Тўғри, хавфсизлик кучлари бу воқеаларга тайёр эмас эди. Бошқа омиллар ҳам бор эди, масалан, апрел воқеаларидан сўнг улар анча тарқоқ ҳолда эдилар. Биз хавфсизлик кучларига қийин бўлганини тан оламиз. Улар жиноят содир этган шахсларни қуролсизлантириш учун бу маҳаллаларга киришга албатта, ҳақли эдилар. Аммо бизни бошқа нарса хавотирга солади. Хавфсизлик кучлари бу баррикадаларни олиб ташлаб, ўзбек аҳолисини мудофаасиз қолдиришнинг оқибатлари ҳақида ўйлашганмикан? Улар бу маҳаллалардаги ўзбекларни ҳимоя қилиш учун қанчалик чораларни кўришган?

Би-би-си: Сизнинг ҳисоботингизда қирғиз хавфсизлик кучларининг тозалаш амалиётлари чоғида ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноқлар борасида ҳимоячилар, собиқ маҳбуслар ва яқинларининг кўпгина гувоҳликлари келтирилади. Бу борадаги вазият қандай?

Оле Солванг: Афсуски, биз ҳукумат, хусусан, ҳуқуқ-тартибот тизимларининг фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол этаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Улар ноқонуний ҳибсларни амалга оширишаяпти, ҳибсхоналарда маҳбусларни қийноққа солмоқдалар. Биз олтмишдан ортиқ қийноқ ҳолларини ҳужжатлаштирдик. Биз собиқ маҳбусларнинг баданларида қийноқ изларини кўрдик. Афсуски, ҳодисаларни текшириш жараёнидаги бу каби қийноқлар аслида нима бўлганини юзага чиқаришга тўсқинлик қилибгина қолмай, Қирғизистон жанубидаги тангликни янада кучайтирмоқда ва ўзбек жамоасининг ҳукуматга бўлган ишончини йўққа чиқармоқда.

Би-би-си: Сизлар бу даъволарга қирғиз ҳукумати мулозимларининг эътиборини қаратдингиз. Уларнинг муносабати қандай бўлди?

Оле Солванг: Биз ҳам умумий вазият ва ҳамда алоҳида ҳолатлар билан боғлиқ кўпгина ахборотларни расмийларга етказганмиз. Марказий ҳукуматдаги айрим юқори мартабали мулозимлар муаммоларни очиқ муҳокама қилишади ва инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолларини тан оладилар. Аммо Ўш ва Жалолободда бу текширувларни олиб бораётган шахслар, вазиятни назорат қилаётган одамлар фуқароларнинг ҳуқуқларини оёқости қилишда давом этмоқда ва ҳеч ким жавобгарликка тортилаётгани йўқ.

Би-би-си: Нима учун марказий ҳукумат билан жанубдаги маҳаллий амалдорлар ўртасида бу каби фарқ бор, деб ўйлайсиз?

Оле Солванг: Қирғизистондаги муваққат ҳукумат шу йил апрелида ҳокимиятга келганидан буён ўз назоратини ўрнатишга қийналаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, ағдарилган президентнинг тарафдорлари кўп бўлган жанубда. Биз бу муаммони ҳам тан оламиз. Аммо шу билан бирга, асосий ҳукумат бу марказий ҳукумат ва у зўравонликлар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларига чек қўйиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилишга масъулдир.

Би-би-си:Ўтган ҳафта қирғиз бош прокурори БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарининг 1000 киши ҳибсга олингани ҳақидаги баёнотини рад қилди. Унинг айтишича, ҳибсга олинганлар аслида 262 та. Сиз халқаро ташкилотлар билан қирғиз ҳукуматидаги айрим шахслар ўртасида зиддият бор, деб ўйлайсизми? Баъзи қирғиз расмийлари ўзларини ҳимоя қилишга ўтиб олганлар...

Оле Солванг: Назаримда расмийлар, айниқса, маҳаллий ҳокимият ўзининг ҳаракатлари билан маҳаллий ва халқаро қонунларни бузаётганини яхши билади. Мен маҳбуслар сони ҳақида тортишмоқчи эмасман. Аммо бизнинг кўраётганимиз улар кўп ва ҳуқуқ бузилиш ҳоллари кенг тарқалган. Маҳаллий амалдорлар ўзларини ҳимоя қилишлари турган гап. Чунки улар нима бўлаётганини яхши билишади.

Би-би-си: Сизлар халқаро текширув ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг полиция маслаҳат гуруҳи билан ҳамкорликка чақираяпсиз. Аммо халқаро полиция кучларига қарши намойишлар назарда тутилса, улар қанчалик хуш қаршиланади, деб ўйлайсиз?

Оле Солванг: Маҳаллий куч тизимлари текширув олиб борши жараёнида жуда кўп ҳуқуқ бузилишларига йўл қўйишмоқда. Улар асосан ўзбек аҳолисини нишонга олишаяпти. Табиийки, улар ўзларининг услублари-дўппослаш, қийноққа солишларда давом этишни хоҳлайдилар. Улар ҳеч кимнинг бу нарсаларни ҳужжатлаштиришини исташмайди. Халқаро полиция кучларига қарши норозиликларнинг сабабларидан бири ҳам шу.