Тожик эркин иқтисодий зонасидан ким наф кўради?

Image caption Қуёш батареялари энергияга мухтож Тожикистонга кўп қўл келиши мумкин

Шимолий Тожикистонда яратилаётган "Сўғд" эркин иқтисодий зонасида дастлабки тўрт ширкат, жумладан Польша ва Россия ширкатлари, фаолият бошлаш учун ижозатнома олган.

Тожикистонда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш мамлакат саноатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга олиб келишига умид қилинмоқда.

Эркин иқтисодий зонада ширкатларга кам солиқ солинади ёки умуман солиқ солинмайди. Мақсад - иқтисодий тараққиётга кенг йўл очиб бериш.

Ҳозирда "Сўғд"дан ташқари мамлакатнинг яна уч жойида эркин иқтисодий зоналар барпо этилмоқда.

"Сўғд" эркин иқтисодий зонасида биринчи бўлиб иш бошлайдиган ширкатлардан бири Польшадан. Бу ширкат "Скорут Тож" деб аталган қўшма корхонага асос солди.

"Скорут Тож" муқобил энергия ҳосил этувчи асбоблар - гелиоколлекторлар ва қуёш батареялари ишлаб чиқаради. Биринчи линияда йилига икки мингта қуёш батареяси тайёрлаш мўлжалланган.

Корхона раҳбарларининг айтишларича, Польшада 14 йилдан бери муқобил энергия ҳосил қилувчи воситалар ишлаб чиқарилади.

"Мен энергияга нисбатан катта эҳтиёж бўлган Тожикистонда бизнинг батареяларимиз ишлатилса энергияни катта миқдорда тежашга эришиш мумкин деб ўйлайман. Чунки Тожикистон серқуёш мамлакат эканлигини кўрдик. Тожикистон ерости иссиқ сувларига ҳам бойлиги ҳисобга олинганда, бундай сув билан ишлайдиган коллекторларни ишлаб чиқариш ҳам катта фойда келтиради," - дейди поляк мутахассиси.

Иқтисодчилар бошқа ширкатларнинг ҳам бозоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришаётганини айтишади. Жумладан, Тожикистоннинг ўзида сув насослари, иссиқлик тутгич ашёларга эҳтиёж катта. Ҳозирда бу маҳсулотлар четдан сотиб олинади.

Ишсизлик

"Сўғд" эркин иқтисодий зонаси барпо этилган ерда шўролар даврида йирик саноат маркази бунёд этилаётганди. Жумладан, газ аппаратуралари, сирланган идишлар заводлари ишлаётганди. Лекин, Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг кўп ўтмай завод-лар аста-секин ишдан тўхтай бошлади, бошланган қурилишлар қолиб кетди.

Ишдан умидини узган юзлаб ишчиларнинг бир қисми касбини ўзгартирди, бир қисми Россияга қараб йўл олди.

"Суғд" эркин иқтисодий зонаси бошлиғи Анвар Ёқубовнинг айтишича, биринчи қўшма корхонанинг иш бошлашининг ўзиёқ одамларнинг яхшигина маошли иш топишга умидларини оширади.

"Қўшма корхонада 40 нафардан ортиқ малакали ишчи ишлаши мўлжалланган. Улар замонавий мосламаларда ишлашади. Маҳсулот тайёрлаш кўпайгани сари ишчилар сони ҳам ортиб боради," - дейди Анвар Ёқубов.

Лекин кўп маҳаллий одамлар яқин орада иш топишларига ишонишмайди.

Спитамен туманида яшайдиган Моҳира Мансурованинг айтишича, фақат шаҳар жойларда эмас, балки қишлоқларда яшаётган одамларни ҳам доимий иш билан таъминлаш масаласини ўйлаб кўриш зарур.

У агар чет эл ширкатлари замонавий технологияни ваъж қилиб, ўзлари билан инженер-техник ходимларни олиб келишса, тожикистонлик малакали, олий маълумотли ёшлар яна ишсиз қолиб кетавериши мумкин деб ҳисоблайди.

Лекин, жаноб Ёқубов маҳаллий одамлар хавотирлари ўринсиз дейди.

"Тасдиқ этилган "Сўғд" эркин иқтисодий зонаси низомига кўра, чет эллик ишчилар, инженер-техник ходимларнинг сони умумий ходимлар сонининг 20 фоизидан ортмаслиги шарт. Демак, асосий ишчи кучи Тожикистон фуқаролари бўлишади," - дейди у.