Азимжон Асқаровга қарши қўзғатилган жиноий ишни маҳкамага оширишган

Азимжон Асқаров

Қирғизистон Бош прокуратурасига кўра, бозорқўрғонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровга қарши қўзғатилган жиноий иш тергови якунланган ва маҳкамага оширилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Азимжон Асқаровнинг қуролсиз аҳолига қарши Жалолобод вилоятида содир этилган зўравонликларни видео, фото ва аудиоҳужжатлаштириш билан банд бўлган пайтида Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганларини хабар қилганлар.

Азимжон Асқаровнинг адвокати Нурбек Токтакунов маҳбуснинг Бозорқўрғон милицияси муваққат ҳисбхонасида қийноққа тутилгани ҳақида маълум қилган.

Асқаровнинг баданида қийноқ излари мавжудлиги ҳақида ахборот тарқатган адвокат Нурбек Токтакуновнинг ўзи босимларга учраётгани, ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун Бозорқўрғон милицияси идорасига борганида ҳалок бўлган милиционер яқинларининг ўлдириш таҳдидларига дуч келгани ҳақида айтган.

Ҳам "Воздух" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаровнинг ва ҳам унинг адвокати Нурбек Токтакунов хавфсизлиги борасида хавотир билдирилган.

Бироқ бунга қарамасдан, Қирғиз расмийлари қарийб икки ой мобайнида Азимжон Асқаров ҳақида халқаро ташкилотлар мурожаатларига ҳам жавоб қайтармади.

Фақат август ойининг биринчи ҳафталарида Бош прокуратура инсон ҳақлари ҳимоячисига дастлабки ҳибс пайти қўйилган айбларга нисбатан қаттиқроқ айблар қўйилгани ҳақида маълум қилди.

Прокуратурага кўра, Азимжон Асқаров қийноққа солингани давъолари тасдиқланмаган, Асқаров танасидаги жароҳат излари унинг изолятордаги "камерадоши"нинг зарбаси туфайли қолган.

Қирғиз прокурорларига кўра, Азимжон Асқаров 500-600 кишидан иборат ўзбек оломонини катта магистрал йўлни тўсишга, ҳукумат расмийсини гаровга олишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка чақирган, кўп сонли кишиларни милиция ходимларига ҳужумга гижгижлаган ва бир милиционернинг ўлимига сабабчилардан бири бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари Азимжон Асқаров уйида қурол-яроғ, тақиқланган "Ҳизбут-таҳрир" адабиётини топганларини ҳам маълум қилишган.

Тобора кўп халқаро ташкилотлар Қирғиз расмийларини июндаги ҳодисаларнинг асосий айбдори сифатида ўзбекларни кўрсатмоқчи бўлаётганликда айбламоқдалар.