'Мирзакматов баёноти Қирғизистон барқарорлигига хизмат қилмайди'

Мелис Мирзакматов
Image caption Мелис Мирзакматов Қирғизистон муваққат ҳукуматига бўйсунмаслигини айтади

Қирғиз муваққат ҳукумати воизига кўра, Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматовнинг Қирғизистон муваққат ҳукумати ҳужжатлари мамлакат жанубида ҳуқуқий кучга эга эмаслиги ҳақидаги гаплари барқарорликка хизмат қилмайди.

Мелис Мирзакматов бу ҳақда Россияда нашр этиладиган "Коммерсант" рўзномасига интервюсида гапирган.

Қирғизистондаги муваққат ҳукуматни умуман тан олмайдиган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматов Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан музокара олиб бориш учун Бишкекка келди, бироқ уни Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва махсус гуруҳ жангчилари кутиб олдилар.

Мэрни қўлга олишга унинг кўп сонли қўриқчилари йўл қўймадилар, деб ёзади "Коммерсант" рўзномаси ва мухбир Мирзакматовдан куч тизимлари қуршови орасидан қандай ўтиб олдингиз, деб сўраган.

"Менинг ортимда халқ турипти, мени ким ва қандай кутиб олаётганини фарқи йўқ, деган Мелис Мирзакматов.

Қирғизистонга Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти полициячиларини киритилишига нима учун қарши чиқаётгани сабаби сўралганида "Ўшнинг аксар аҳолиси хорижликларнинг бу минтақада бўлишига қарши. Мен ва халқ ўйлаймизки, улар Косово фожеасининг айбдорлари. Биз Фарғона водийсида Косово тажрибаси такрорланишини истамаймиз", дея жавоб қайтарган.

"Коммерсант" рўзномаси мухбири Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати билан нега зиддиятга бораётгани ҳақида сўраган.

Ўзининг халқ тарафида эканини айтган Мелис Мирзакматов, "халқ менга, Мелис, сен ноҳақсан, деса, мен кетаман. Вақтли ҳукуматнинг буйруқлари жанубда ҳуқуқий кучга эга эмас", деб айтган.

Июн ойидаги ҳодисалар ҳақида гапираркан, "ўзбеклар Қирғизистон суверенитетига суиқасд қилдилар. Биз уларга қарши зарба бердик. Ҳозир Ўшда қирғизлар ва ўзбеклар тинч яшаяпти. Бундан кейин биз ҳеч кимга ўқ отишга йўл қўймаймиз", деб айтган.

Ўзининг миллатчи эканини яна бир бор таъкидлаган Ўш шаҳри ҳокими "ҳа мен миллатчиман. Мен ўз халқимни яхши кўраман ва шунинг учун халқим фаровонлиги учун олишаяпман", деган.

Уйлари хонавайрон бўлган инсонларнинг ҳовлилари ўрнида кўп қаватли бино барпо этилаётгани ҳақида гапириб, Мелис Мирзакматов, "Ўшнинг ўрнида мен шаҳар-боғ барпо этмоқчиман. Биз ҳеч кимни мажбур қилаётганимиз йўқ. Биз уйи куйган ҳар бир киши билан шартнома қилмоқчимиз. Йўқ деган одамни ҳеч нарса қилолмаймиз", деб айтган.

Бунга жавобан Қирғизистондаги "Айкол Эл" партияси раҳбари Эдил Байсалов Мелис Мизакматовни дарҳол ишдан олишга чақирган.

"Марказий ҳукуматга бўйсунмаслиги ҳақидаги Мирзакматовнинг гаплари мамлакат яхлитлигига хавф туғдиради ва президент Роза Ўтинбоева томонидан тезда чора кўрилмаса, Қирғизистон халқи учун қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин", деб айтган Эдил Байсалов.

Пайшанба куни Ўш шаҳри ҳокимлиги биноси қаршисида 300 тача одам йиғилган, улар Мелис Мирзакматовга дастаклов изҳор этишган.