'Мирзакматов изидан бориб Ўтинбоевага бўйсунмайдиган раҳбарлар кўпайиши мумкин'

Image caption Мирзакматов чиқиши Ўтинбоева ҳукумати жуда ҳам заиф ва бутун мамлакатни назорат қилмаётганининг яна бир далилидир.

Июн ойидаги ҳодисалар бошида тургани даъво қилинаётган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзакматовнинг муваққат ҳукумат декретларини рад этиши бошқа раҳбарлар учун ўрнак бўлмасмикан деган хавотирни юзага келтирган.

41 ёшли Мелис Мирзакматов Қирғизистон жанубидаги энг қудратли шахслардан бири сифатида кўрилади.

У Ўш шаҳар ҳокимлигига собиқ президент Қурманбек Бакиев томонидан тайинланган ва апрелдаги ҳокимият ўзгаришидан сўнг лавозимни сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Июн ойидаги зўравонлик шоҳидлари Мелис Мирзакматовни ҳодисаларга алоқадорликда айблашган.

Ўш шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Темур Қамчибеков Мирзакматовнинг Ўшдаги тартибсизликлар бошида турганини даъво қилган.

Хўш, бутун бу даъволар манзарасида Мирзакматовнинг сўнгги чиқиши нимани англатади?

Би-би-си ушбу саволни қиргизистонлик таниқли таҳлилчи Александр Князевга берди.

Александр Князев: Бу Мирзакматовнинг биринчи чиқиши эмас. Бу Ўтинбоева ҳукумати жуда ҳам заиф ва бутун мамлакат, бу ўринда Ўш шаҳрини назорат қилмаётганининг яна бир далилидир. Мирзакматов гапираётган гаплари ва қилаётган ишлари учун жавоб бериши керак. Агар жавоб бермаса, қўрқаманки, Ўтинбоева ҳокимиятни ушлаб қололмайди ва яна беқаророликлар бошланади. Бошқа амалдорлар, бошқа минтақа раҳбарлари ҳам Мирзакматовнинг изидан бориб, марказий ҳукуматга бўйсунмай қўйишлари мумкин.

Би-би-си: Бу каби шароитда мамлакат жанубидаги воқеалар юзасидан рисоладагидек текширув ўтказиш мумкинми?

Александр Князев: Менинг назаримда ҳозирги шароитда Ўш воқеалари юзасидан текширув ҳам, сайлов тарғиботлари ҳам имконсиз. Чунки Мирзакматов ўз ҳаракатлари билан холис текширув жараёнига қаршилик қилаяпти. Аминманки, Оврўпода Хавфсизлик ва Хамкорлик ташкилотининг полиция кучларига қаршиликлар ташаббускори ҳам Ўш шаҳар ҳокимидир. Унинг ўзи парламент сайловларининг ўтказилишига жиддий қаршилик қилиш қўлидан келишини очиқ айтиб турибди.

Би-би-си: Матбуотда, жумладан қирғиз матбуотининг ўзида ҳам жаноб Мирзакматовнинг Ўшдаги зўравонликларга алоқадорлиги ҳақидаги даъволар янграган. Бунинг бевосита далиллари борми?

Александр Князев: Гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ташқари, тўғридан-тўғридан далиллар менга маълум эмас. Мирзакматовнинг бу воқеалардан сўнг дарҳол истеъфога чиқиши ва агар айбсиз бўлса, айбсизлиги исботлангунича кутиб туриши тўғрироқ бўлар эди. Аммо бундай нарса тараққий этган жамиятларда бўлади. Бугунги Қирғизистон тараққий этган жамиятлар тоифасига кирмайди. Ҳозирда Мирзакматовнинг ҳоким лавозимида қолиши унга Ўшга оқиб келаётган маблағлар ва ёрдамларни назорат қилиш имконини беради. Агар у лавозимдан кетса, бу молиявий имкониятлардан маҳрум бўлишини жуда яхши билади.

Би-би-си: Муваққат ҳукумат этник зўравонликларда собиқ президент Бакиевни айблаган. Аммо айтилишича, жаноб Мирзакматов Бакиевнинг яқин одами бўлган. Янги ҳукуматнинг кадрлар сиёсатидаги бу зиддиятни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Александр Князев: Бу ерда менинг назаримда, бир-бирини инкор қилмайдиган икки сабаб бор. Биринчиси, афтидан, Мирзакматов жиноий гуруҳлар билан жуда ҳам мустаҳкам алоқаларга эга. Чунки у аввал ҳам, ҳозир ҳам қуролли гуруҳларга таянади. Менимча, муваққат ҳукумат ўша пайт заифлиги учун ўзига қўшимча зиддият яратишни истамаган бўлиши мумкин. Аммо иккинчидан янги ҳукумат ичида жаноб Мирзакматовни қўллаб-қувватлаётган алоҳида шахслар ҳам бор. Масалан, Азимбек Бекназаровга ўхшаган. Улар Ўш ҳокимининг амалда қолишига атайин йўл қўйиб бераётган бўлишлари мумкинлигини мен истисно қилмайман.

Би-би-си: Аммо иккинчи томондан, Қирғизистонда шимол-жануб бўлиниши ҳамма вақт бўлган ва муваққат ҳукумат ҳам ана шу хос муносабатлар ва нозик мувозанатни бузиб қўйишдан қўрқаётган бўлиши мумкинми?

Александр Князев: Хос муносабатлар Ўш ҳокимига қуролли гуруҳларга таяниб, шаҳар аҳолисини тартибсизликларда қатнашишга гиж-гижлаш, мамлакат қонунлари ва марказий ҳукуматнинг буйруқларини менсимаслик ҳуқуқини бермайди. Тўғри, Қирғизистонда марказий ҳукумат билан минтақалар орасида ўзига хос муносабатлар ҳамма вақт бўлган. Аммо улар ҳар доим тараққий этган бир кўринишда бўлган. Бугунгидек, Мирзакматов билан бўлаётгани каби эмас.