Роза Ўтинбоева жиддий муаммога юз тутмоқда - таҳлилчи

Image caption Мелис Мирзакматов собиқ президент Бакиевнинг лавозимда қолган ягона сафдошидир

Президент Ўтинбоева Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммитида иштирок этиш учун Ереванга учар экан, унинг муваққат ҳукумати ватанда янада каттароқ муаммоларга юз тутмоқда. Ўшнинг қудратли ҳокими Мелис Мирзакматов уни борган сари жанг майдонига чақираётгандек намоён бўлмоқда. У муваққат ҳукумат мамлакат жанубида ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслигини айтиб чиққан. Муваққат ҳукумат уни Бишкекка чақириб, лавозимидан четлатишга уринди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Мирзакматов эса Ўшда йиғилган бир неча минг тарафдорлари олдига ғолибона руҳда қайтди. Ҳўш, бу президент ва Қирғизистон учун нимани англатади? Би-би-си бу савол билан Халқаро Инқироз Гуруҳининг Бишкекдаги Марказий Осиё бўйича директори Пол Куин Жаджга мурожаат қилди.

Куин Жадж: Афтидан ҳаммаси ниҳоясига етди. Хабарларга ва намойишни кўрган одамларга таяниб айтадиган бўлсам, ҳоким истеъфога чиқиш нияти йўқлигини эълон қилган. Унга Бишкекдан Ўшга жуда нуфузли ва анча миллатчи бўлган ҳукумат мулозими хамроҳлик қилган. Улар бир-бирини қўллаб-қувватлашларини айтишган. Ҳоким ҳукуматга қарши чиқиб, президентнинг юзини шувут қилди. У пайшанба куни чиқиш қилганида ҳукумат қарорлари жанубда юридик кучга эмаслигини айтган. Мана шу шахс энди ҳукуматни ерга уриб, энди жанубга қайтиб келди.

Би-би-си: Бу воқеа парламент сайловлари бўлиб ўтилиши кутилаётган мамлакатдаги сиёсий аҳвол учун нимани англатади?

Куин Жадж: Биласизми, сайловгача ҳали анча бор. Бу мамлакатда ҳозир сиёсат шунчалар бошбошдоқ, ҳукумат эса шунчалар заифки, келгуси ҳафта нималар бўлишини ҳам билмаймиз. Гап шундаки, Қирғизистонда ҳозир марказий ҳокимиятдан йироқлашиш тенденциялари кучайиб бормоқда. Ҳукумат, айниқса президентнинг ўзи, ўз авторитетини хавф остига қўйиб, Ўш ҳокимини ишдан бўшатишга қарор қилишганига ана шу ҳокимнинг марказий ҳукуматга бўйсунмагани сабаб бўлди. У мамлакат жанубини ҳудди ўзининг мустақил ўғрилар маконидек бошқармоқда. Унинг қудрати энди яна ошади. Бу ҳукумат учун ўта жиддий муаммо, ва ҳукумат бу ҳокимни жиловлай олишига ишонмайман. Яна бир қизиқ жиҳати шуки, Ўшдаги намойишда чиқиш қилган мулозимлардан бири Ўш шаҳар милицияси раҳбари бўлган. У ҳокимга содиқлигини айтган. У президентга ёки конституцияга эмас, балки Ўш ҳокимига содиқлигини айтаяпти. Бу ҳукумат учун ўта ёмон янгилик. Бу можародан ҳукумат аввалгидан ҳам заиф бўлиб чиқади. Президентнинг нуфузига шикаст етди ва ҳозир шундай бир вазиятга келиб қолдикки, бу мамлакатда ҳеч кимнинг қўлида ҳақиқий қудрат йўқ.

Би-би-си: Бугунги воқеалар ортидан ҳоким Мирзакматов ўта қарши чиқиб келаётган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция миссияси ҳам энди амалга ошмайди деб хулоса қилиш мумкинми? Куин Жадж: Шундоқ ҳам у миссиянинг жанубга жойлаштирилиши амалга ошмайдигандек кўриниб турганди. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳукумат нимани талаб қилса, "хўп" деб жавоб беришга тайёр эди. Бу ташкилот Қирғизистондагига ўхшаган можароларни ҳал қилиши билан танилмаган. Афтидан улар энди Бишкекка келишади ва у ерда бир неча полициячига ўқув машғулотини ўтказиб, уйларига қайтиб кетишади. Бу эса ташкилотнинг ўзи учун ҳам уятли бир ҳол деб саналиши керак. Лекин улар юз тутаётган муаммолар Президент Ўтинбоева юз тутаётган муаммоларнинг соясида қолиб кетаяпти.