Би-би-си меҳмони-ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров

Image caption Равшан Гапиров Қирғизистон жанубида зўравонликларнинг ҳануз давом этаётганини айтади

Равшан Гапиров Ўшдаги "Адолат ва Ҳақиқат" инсон ҳуқуқлари маркази раҳбаридир.

У Қирғизистон жанубида июн ойида содир этилган зўравонликларни ҳужжатлаштирган.

Равшан Гапиров Қирғизистонда ҳозир ҳокимият йўқлиги, қотиллик ва талончиликлар оддий ҳолга айланганини айтади.

Унга кўра, қирғиз ҳукумати ва жамияти ташқаридан ёрдамсиз мамлакатда тартиб ўрнатишга қодир эмас.

Равшан Гапиров 1955 йилда Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида туғилган.

Фарғона кооператив техникумини битириб, 1976 йилдан савдо соҳасида ишлаган.

Бироқ болаликдан адолатли ҳакам бўлишни орзу қилганини айтади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини 1988 йилдан бошлаган.

Ўзининг сўзларига кўра, одамларнинг ҳаққини талаб қилиб, амалдорларнинг манфаатларига зид боргани учун 5 марта ноҳақ қамалганини айтади.

Охирги марта 2008 йил мартида диний адоват қўзғотиш ва "Ҳизбу Таҳрир" ғояларини тарғиб қилишда айбланиб, 1 йилга маҳкум этилган, аммо Ўш вилоят суди уни айбсиз топиб, маҳкама залидан озод қилган.

Би-би-си: Қурмонжондодҳо деб исм қўйган тингловчимиз "ўзбекларнинг қирғинига доир сизнинг қўлингизда қандай далилларингиз бор?" деб сўрабди. Марҳамат

Равшан Гапиров: Бу қирғин бир кун, бир ойнинг ичида тайёрланган нарсамас. Мен 2007-йилдан буён кузатиб келганман. Қирғизларни устун қўйиб, ўзбекларга нисбатан "қирғизларнинг ерида яшаётган" деган муомалалар бўп келган. Бу аввало давлат идоралари, милиция, прокуратура, судларда сезилиб турган. Айниқса, милицияда. Бу сескин-секин оддий халқ орасига ҳам ўтди. Кўчада қирғизлар бир ўзбек билан жиндек уришиб қоладиган бўлса ҳам, "ҳей, сен ўзбек, Ўзбекистонингга жўғол", деган сўзлар пайдо бўла бошлаган. Миллатчиликни Бакиев кўтарган ўзи. Бакиевнинг укаси Жаниш ўладиган миллатчи бўлган. Бакиев тўнтарилганидан кейин, улар йўлини топишиб, рақибларига зиён етказиш учун тайёр бўлиб турган миллатчиликдан уруш чиқаришди. Ўзбекларнинг ичида ҳам пулга учган сотқинлар бўлади, қирғизларнинг ичида ҳам. Ана ўшалардан бир тўп-бир тўп болаларни пулга сотиб олиб, атайин уруштиришган. Уруштириб, кейин погромлар, ёндириш, куйдиришлар бошланди. Бу ҳукуматнинг, элнинг эмас, ҳукуматнинг тўғридан-тўғри қўли билан бўлган иш бу. Ана шу БТРлардан юриб келиб, отганлар, съемкалар бор бизда. Ана шу кунлари компъютерлар йўқ, бу ёқда флэшкалар тўлганидан кейин ўзимизга нусха олмай, Ўзбекистонга жунатаверганмиз. Ўзбекистонда ҳаммамизнинг ҳам қариндошларимиз кўп-да, халқ кўрса, милиция ҳукуматга кўрсатса, Ўзбекистондан тезда ёрдам келади, деган умидда бўлганмиз тўғриси, ҳаммамиз. Кўпчилик флэшка тўлиши билан ўтказиб юбораверганмиз. Унинг нусҳасини олиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган тўполонда ва мумкинчилик ҳам бўлмаган. Ана шунинг учун кўпгина флэшкаларимиз ҳозир Ўзбекистонда турибди. Бу ерда турганлари ҳам, гувоҳлар бор мана, ўликлар бор, чет эллардан, Москва, Норвегиялардан келган правозащитник, журналистлар бор, улар съемка қилиб кетган, улар интернетларга чиқарворяпти. Бизда ҳозир, одамларда турган материалнинг ўзи, давлат тарафидан, БТРларда келиб, отганларини далиллайдиган фото, видео съемкалар бор. Ўлганлар, гувоҳлар, азобланган, қийноққа солинган одамлар ҳозир бор, шу ерда. Кўплари қочяпти, имкон борича қочиб кетишяпти, лекин шу ерда турганиям етади ҳозир.

Би-би-си: Навбатдаги саволни сизнинг ҳамшаҳрингиз Одилжон Маҳдумий йўллабдилар: "Ўш ва Жалолободда ўзбекларга тегишли бўлган хусусий кўчмас мулкларни босим остида титул миллат вакилларига ўтаётганини қандай изоҳлайсиз?".

Равшан Гапиров: Бу нарсалар Ўшда бўлаяпти. Мен кўриб турибман. 90 процент савдо корхоналарида ўзбеклар ишлаган. Катта-кичик, ҳаммаси, 90 проценти ўзбекларга қарашли бўлган. Қирғизларга қарашли бўлганларида ҳам ишни ўзбеклар юритишган. Энди ҳозирги кунда ўзбекларнинг аксарият савдо точкалари куйиб кетди, куйдиришди. Чиройли-чиройли жойларни, ичидагиларни опчиқишиб, ўзини куйдирмай, қолганларини энди эгаларига, эгалари ишга борса, орқасидан бориб, "яхшиликча жўнаб қолиш, бўлмаса, буниям куйдириб, йўқ қилиб ташлаймиз, ўзингниям йўқ қиламиз, ишхонангниям йўқ қиламиз, деяпти. Бу бўлаётган нарса. Мана, кўп савдо точкаларида, ўзбекларникида қирғизлар ишлашаяпти.

Би-би-си: Одилжон Махдумий қирғиз омбудсмани-ҳақиқатчиси Турсунбек Окуннинг фаолиятига муносабатингизни ҳам сўрабди.

Равшан Гапиров:"Ҳақиқатчи" деган сўзнинг маъноси жуда чуқур. У ҳақиқатни ёзиб, ҳақиқатни гапириб, ҳақиқатни кўрсатиши керак. Ҳақиқатчи бўлса, мана, ўзбек бўлсак ҳам Қирғизистон фуқаросимиз. Бу ерга келиб, ҳеч қаерни кўрган йўқ. Ҳеч қайси жабр кўрган, ё ўзбек ё қирғиз билан, билмадим, қаерда учрашди экан. Жарб тортган қирғизларни-ку, мен кўрганим йўқ, ўзбекларнинг биронтаси билан учрашгани йўқ. Шунинг учун мен уни "ҳақиқатчи" демайман.

Би-би-си: Яна айни тингловчимиз "ОХҲТ полиция кучларининг Қирғизистонга киролмаслиги чинга айланиши мумкинми?" деб сўрабди.

Равшан Гапиров: Жуда яхши савол. Одамлар мендан ҳар куни "ОБСЕ қачон келади, келадими ўзи?" деб сўрайверганидан кейин мен 24 август куни ОБСЕнинг Ўшдаги ваколатхонасига ёзма равишда мурожаат қилдим. Аниқ қилиб айтинглар, одамлар сўраяпти, мен одамларга жавоб беролмаяпман деган эдим, кеча менга ОБСЕнинг юристи телефон қилиб, "30-августда ОБСЕнинг бир группаси кириб келади, одамларга шундай деб айтинг", деди. "Бир-иккита процедураларни қилгунча шундай задержка бўп қолди, неча киши киришини аниқ билмайман, лекин биринчи группа 30-куни киради, улар текширади, мониторинг юргизади", деб айтди.

Би-би-си: Омонжон исмли тингловчимиз сўрабди: "Бўлиб ўтган хунрезликлардан сўнг ўзбек ва қирғиз ёнма-ён яшай оладими, ярашиш мумкинми?".

Равшан Гапиров: Бу жуда оғир масала, жудаям қийин масала. Ҳозирги кунда оддий халқнинг ўртасида, айниқса, яқинлари ўлганларнинг ўртасида бир-бирига нисбатан нафрат қаттиқ. Бу нафрат кучаяётганининг яна бир сабаби борки, ўзи жабр тортиб турган одамларни яна "сенларда бир ўлик бор, бир ўлик йўқолган, қаерга кўмишгансан, деб кириб, уйларини титиб, ўзларини уриб, қабирстонларни, сенлар бу ерга қирғизларни кўмган бўлишинг мумкин, деб қабристонларни кавлаб... Ўликни безовта қилмасин, деб баъзилар ялиниб, пул берса, пулини олишиб, кетиб, шунга ўрганишиб, қабристонларниям титишмаяптими... Ўликни тепган билан баравар бўляпти. Бу ҳолатларда ярашиб, ўзига кеп кетиш жуда амри маҳол. Бунинг биргина йўли борки, шуни уюштирганлар ким, ана шуларни элга очиқ-ойдин кўрсатиб, манавилар уюштирган, мана жазосини бердик, эй халойиқ, энди ўзингларга келинглар, тинч яшайлик, деса ана шунда сал, ана шундаям унутвориш қийин, сал одамлар ўзига кеп қолмаса, ҳозирги кунда, манави аҳволда ғазабдан ғазаб ошяпти.

Би-би-си: Дўст симли тингловчимиз сўрабди. "Ўзбекистон Президенти Каримов Ўш ва Жалолобод воқеалари пайти ўзбекларга қанчалик ёрдам берди, деб ўйлайсиз?"

Равшан Гапиров: Энди, авваламбор Ўзбекистон халқига, президентига, ана шу ўзбекларни ана шу ерга ўтказиб, қарашиб, у ерда халқ қарашди асосан, ҳукумат эмас, мен буни биламан. Бутун халқ келиб, ёпирилиб, келиб, энди ҳукумат чегарадан бўпти ўтказиб туринглар, деб рухсат берди, ўтди, халқ қаради. Ўзбек ўзбекка, мусулмон мусулмонга қарагандек қарашиб, ёрдам беришди. Кейин энди қайтиб ўтинглар, деб мажбур қилишиб, қайтариб ўтказворди. Агар Ўзбекистон бўлмасдан, бошқа давлат бўлганида ҳам, ана шу ҳолатда ўтказарди. Бу халқаро сдандарт, қоида бу. Буни мен ёрдам, деб ҳисобламайман. Бу ҳеч қанақа ёрдаммас. Менинг ўзимнинг отам, энам, уруғларимдан Фарғона, Советобод, Анжанларда тиқилиб ётибди. Улар эшитиб, бу ердан ўтганларни кўриб, нима ҳолатга тушганини тасаввур қилинг. Агар ана шуларга қўйиб берса, улар ҳаммаси ёпирилиб келиб, бирпасда ўрнига келтириб қўяди ҳамма ёқни. Бунчалик бўлмасди. Лекин қўйиб беришга халқаро қонунлар тўғри келмайди. Лекин Ўзбекистон, давлат бошлиғи бўп туриб, тўхтат, булмаса ҳозир солдатларимни қўйвораман ёрдамга, деб қатор қилиб чегарага териб қўйса, бўларди. Ҳеч бўлмаса шуни қип қўйишмади, яхши иш бўлмади бу қилгани. Тек қўйиб берди ўзбекларни, қиронини келтиришди булар, отишди, ёш болаларни ҳам аяшмади, қизларни ота-энасининг кўзида зўрлашди. Тасаввур қилинг, ота-энасининг кўзида. Ҳалиям йиғлаб юришибди.

Би-би-си: Мўмин исмли тингловчимиз Қирғизистон ўзбекларига ҳамдард эканликларини айтиб, "Ўш ва Жалолободдаги миллатдошларимизнинг кайфиятлари, аҳволи руҳиялари қандай, улар тушкунликдан чиқиш йўлларини нималарда кўришмоқда?", деб сўраяпти. Марҳамат.

Равшан Гапиров: Жуда яхши савол. Ўзбеклар тушкунликка тушган. Нима қилишни билмайди. Бу ерда яшасак, аҳвол бу. Яшагани, ўтиргани уйлар йўқ, ҳамма ёқ бузилиб, ёнган. Ишлагани иш йўқ. Бир ёққа қочиб кетай, деса, қаёққа қочади?. Шундоқ ҳам Ўшда ҳеч ким қолмади. Кўчага чиқсангиз, ҳувиллаб ётибди. Қирғизистон ҳукумати бўлса, бутун дунёдан ёрдам сўраяпти. Мана кеча эшитдик, Туркия 21 миллион доллар ёрдам берадиган бўпти. Буни давлатга беряпти. Бу ерга ҳеч нарса етиб келаётгани йўқ. Келганиям ўзбекларга тегмаяпти. Ўзбекларнинг мол-мулкини талон-тарож қилган, уйларини куйдирганлар яна ёрдамни бўлиб олиб, ўзларига қишга ғамлаяпти. Буларни кўриб, ўзбеклар яна тушкунликка тушаяпти. Тўртта-бешта бўлиб, бузилган эшикларнинг олдида ўтиришибди. Одамлар сўрашади, нима қилайлик энди, энди қандай яшаймиз, манов уйларни нима билан ўнглаймиз, дейишади. Мана, ўзимизнинг кўчамизда, бошидан охригача, ҳеч нарса қолмаган. Бизнинг олган ёрдамимиз - бир оилага биттадан палатка. Бошқа ёрдам олганимиз йўқ. Уйларимиз шундоқ турибди. Энди одамларнинг қандай кайфиятда эканини ўзинглар тушуниб қўяверасизлар. Қирғизистонга, жабланганларга ёрдам берамиз, деганлар ҳукуматга беришин тўхтатсин. Бизга ҳеч нарса тегаётгани йўқ. Бу бандитлар яна ўзига йиғаяпти. Шунинг учун биз ўзимизча бир фонд уюштирсакмикан, шуни дунёга маълум қилсакмикан, деган фикрдамиз ҳозир.