Душанбедаги тергов изоляторидан 25 нафар маҳбус қочган

Image caption Тожик куч тизимлари кучайтирилган тартибга ўтказилган

Ораларида қуролли исломий гуруҳ аъзолари ҳам борлиги айтилган маҳбусларни қўлга олиш учун махсус амалиёт бошланган.

Президент Раҳмон куч тизимлари раҳбарлари билан фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда.

Мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Маҳбусларни қўлга олиш учун Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров бошчилигида махсус штаб тузилган.

Тунги ҳужум

Тожик расмийларига кўра, якшанба куни кечқурун Душанбе марказидаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан қочишга муваффақ бўлган маҳбуслар қўриқчилардан бирини ўлдиришган ва уларнинг қурол-яроғларини қўлга киритганлар.

Шундан сўнг улар яқиндаги Адлия вазирлигининг тергов изоляторига ҳам ҳужум қилиб, яна тўрт қўриқчини ўлдиришган.

Маҳбуслар исломий жангарилар экани, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини адо этаётган бўлганликлари айтилади.

Расмийларга кўра, улар орасида Россия ва Афғонистон фуқаролари бор.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг биринчи ўрибосари Қосим Ғаффоров қочувдаги маҳбусларни қўлга олишда Россия ва Афғонистондаги ҳамкасбларидан кўмак сўраб, мурожаат этганликларини билдирган.

Қочоқлар Тожикистон мухолифат кучларининг собиқ қўмондони, кейинчалик Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар хизматига бошчилик қилган Мирзо Зиёевнинг тарафдорлари эканлиги айтилмоқда.

Улар орасида Мирзо Зиёевнинг ўғиллари борлиги ҳам хабар берилади.

Маҳбусларнинг аксарияти ўтган ҳафта узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган кишилар эканлиги, улар орасида Афғонистон ва Россия фуқаролари борлиги айтилмоқда.

Хабарларга кўра, қочоқлар Рашт водийси томон йўл олишган. Уларнинг аксарияти айни минтақадан экани айтилади.

Ушбу водий йўлидаги Файзобод ва Нуробод туманларидаги милиция постларига қуролли ҳужумлар бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Рашт водийси томон зирҳли техника ва ҳарбий қўшин жўнатилган. Лекин мамлакат Мудофаа вазирлиги бу олдиндан белгиланган режа асосида амалга оширилаётганини билдирган.

Тожикистонда илгари ҳам тергов изоляторларига қуролли ҳужум содир этилган ва қамоқхоналардан маҳбуслар қочган ҳоллар бўлган.

Лекин бунчалик кўп миқдорда маҳбуснинг қочишга муваффақ бўлиши биринчи марта юз бермоқда.