Human Rights Watch Турсунбек Акун баёнотларидан хавотирда

Қирғиз ҳақиқатчиси Турсунбек Акун
Image caption Human Rights Watch Қирғиз омбудсмани Турсунбек Акундан чиқиш қилишни сўради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Акуннинг айрим баёнотлари мамлакатдаги таранг вазиятни янада ёмонлаштиришидан хавотир изҳор этди.

Қирғиз ҳақиқатчиси Human Rights Watch ташкилотининг июн ойидаги Қирғизистон жанубидаги хунрезликларга бағишланган ҳисоботини танқид қилган, Турсунбек Акун фикрича, халқаро ташкилот ўзининг ҳисоботида "Қилим шами" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулованинг ахбоотига таянган.

Қирғиз ҳақиқатчиси Human Rights Watch ва Азиза Абдурасулова ҳисоботларини "нохолис, бир томонлама" дея тасвирлаган ва улар июнь воқеаларидан жабр кўрган тараф сифатида фақат ўзбекларни кўрсатган, дея айблаган.

Аммо Human Rights Watch Турсунбек Акун чиқишига жавоб берар экан, ўзининг тадқиқоти ҳар томонлама ўрганиш натижаси эканини билдирган.

"Азиза Абдурасулова ҳамда унинг ташкилоти жанубда инсон ҳуқуқлари масалалари билан фаол шуғулланган ташкилот бўлгани туфайли Азиза Абдурасулова биз 16 августда эълон қилган ҳисоботимизни тайёрлашда сўралган 200 дан ортиқ кишининг сафида эди", дейилади Human Rights Watch баёнотида.

"Мамлакат жанубидаги таранг вазиятни инобатга олиб, пайдо бўлган ва келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган сўзларингизнинг оқибатларидан биз жуда хавотирдамиз. Ўзингизнинг нотўғри фикрларингизни тушунтириб, оммавий чиқиш қилишингизни сўраймиз. Азиза Абдурасулова ва "Қилим шами" ўзининг мустақиллиги ва Қирғизистондаги барча аҳоли инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасидаги кўп йиллик фаолияти туфайли катта обрўга эга", дея Турсунбек Акунга мурожаат қилган Human Rights Watch ташкилотининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Рейчел Денбер.

Маҳаллий матбуот билан суҳбатда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Турсунбек Акун устидан маҳкамага мурожаат этиш ниятини билдирган.