Шимолий Тожикистон Айний туманига сел келиб, бир инсон ҳалок бўлган

Сел келтирган зарарлар ўрганилмоқда
Image caption Сел келтирган зарарлар ўрганилмоқда

Шимолий Тожикистонда юз берган сел натижасида бир инсон ҳалок бўлган.

Шунингдек, сел автомашиналар ва уй ҳайвонларини оқизиб кетган, уйларни вайрон этган.

Бу ҳақда хабар берган Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизматидан билдиришларича, ҳозирда табиий офат келтирган зарар ҳисоблаб чиқилмоқда.

23 август куни тушдан сўнг Зарафшон водийсида жойлашган тоғли Айний туманида тўхтовсиз шаррос ёмғир ёққан.

Натижада кучли сел келиб, йўлида учраган нарсаларни оқизиб кета бошлаган.

Сел оқизиб кетган 80 ёшли аёл жон таслим қилган.

Айний тумани бўйича ўн беш уй бутунлай вайрон бўлган, яна ўттизта уйнинг маълум қисми яроқсиз ҳолатга келган.

Сел бир кўприкни, экин ерлари ва йўлларни ювиб кетган.

Сел оқизган 60 га яқин қорамол ва қўй-қўзи нобуд бўлган.

Табиий офат зарарларини ўрганиш учун Суғд вилояти махсус комиссияси ташкил этилган.

Комиссия аъзолари сел келган ўнга яқин қишлоқда бўлиб, зарарларни ҳисоблаш билан бирга, йўл ва кўприкларни тезда тузатиш чораларини кўрмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда Тожикистонда табиий офатлар натижасида ҳалок бўлган инсонлар сони эллик нафардан ортган.

Селдан ташқари, қор ва тош кўчкиси, чақмоқ одамлар умрига зомин бўлган.