Тожикистонда тош кўчкиси олти кишини ўлдирди

Image caption Душанбе-Хоруғ йўлида қор ва тош кўчиши хавфи катта

Тожикистоннинг Хоруғ-Душанбе йўлида тош кўчкиси олти кишини нобуд қилган. Тожикистон Ички Ишлар Вазирлигидан билдиришларича, кўчки йўлда ҳаракат қилаётган "Хюндай" машинасига келиб урилган. Машина Панж дарёсига қулаган.

Бу кейинги бир ой орасида мазкур йўлда одам ҳалокатига сабаб бўлган иккинчи тош кўчкисидир.

Расмийларга кўра, жорий йилда Тожикистонда табиий офатлар натижасида ҳалок бўл-ганлар сони олтмиш нафарга яқинлашган. Кўчки Хоруғ-Душанбе йўлининг 108-километрида юз берган. Тўсатдан кўчган тош 25 ёшли Усмон Давлатбеков бошқариб бораётган автомобилга келиб урилиб, уни Панж дарёси томон суриб кетган.

Йигирма метр баландликдан қулаган машина ичида ҳайдовчидан ташқари яна беш нафар йўловчи бўлган.

Йўловчиларнинг икки нафари ёш болалар бўлган.

Тезоқар Панж дарёсига чўккан ҳайдовчи ва йўловчиларни топиш имкони бўлмаётир. Қутқарувчилар уларни оқим дарёнинг қуйи томонига олиб кетганини айтишмоқда.

Бу фалокат кейинги бир ойда мамлакат пойтахти Душанбе ва Тоғли Бадахшон маркази Хоруғни боғлаб турган йўлда тош кўчкиси инсон ҳалокатига сабаб бўлган иккинчи воқеадир.

Ўтган ойнинг охирида тош кўчкиси келиб урилиши натижасида бир машина 180 метр баландликдан пастга қулаган эди. Машинада бораётган ҳайдовчи дохил 8 киши ҳалок бўлганди. Марҳумлар орасида уч нафар ёш бола бўлган.

Тоғли Бадахшонга Душанбедан учоқлар парвоз этади. Лекин учоқ чиптасининг қимматлиги ва ноқулай об-ҳаво боис парвозларнинг тез-тез кечиктирилиши туфайли бадахшонликлар автоуловда ҳаракат қилишни афзал кўришади.

Хоруғ-Душанбе йўлида автобусларнинг йўқлиги боис Тоғли Бадахшонда яшайдиган шахсий машина эгалари одам ташиш билан тирикчилик қилишади.

Хўжанддаги мухбиримизга кўра, тоғ йўлининг маълум қисми кейинги йилларда таъмирланди ё қайтадан қурилди. Жумладан, йўлнинг турк йўлсозлари қурган қисми сифати юқори баҳоланди.

Лекин, Душанбе-Хоруғ йўлидаги баланд довонлар, тик жарликлар, кескин бурилиш-лардан ташқари қишда қор кўчкиси, йилнинг бошқа мавсумларида тош кўчкиси каби хатарлар мавжуд.