Тожик президенти диний таълим устидан назоратни кучайтирмоқчи

Image caption Имомали Раҳмон хорижий мадрасаларда таълим олган тожикистонликлар эсктремистик қарашлар билан ватанга қайтишидан хавотирда

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги оилаларни хориждаги мадрасаларда таълим олаётган фарзандларини ватанга чақириб олишга ундаган.

Жаноб Раҳмон, шунингдек, масжидларни хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳокимиятлар жиддийроқ назорат қилиши кераклигини билдирди.

Тожикистон телевидениесининг Биринчи Каналида намойиш қилинган мамлакат жанубидаги Фархор тумани аҳли билан учрашувида Имомали Раҳмон хорижий мадрасаларнинг кўпчилиги аслида диний мактаблар эмаслигини айтди.

"Мен сизлардан фарзандларингизни ортга чақиришларингизни сўрамоқчиман, чунки бу мактабларнинг аксари диний мактаблар эмас. Болаларингиз экстремист ва террористларга айланади ва келажакда Тожикистоннинг душманлари ва сотқинга айланадилар," - деди президент.

У, шунингдек, ҳукумат хорижда таълим олган фуқароларни назорат қилишини айтди.

"Биз қайси тумандан қайси оиланинг фарзанди қайси университетда таълим олаётганини биламиз. Биз, шунингдек, ортга қайтганлар нималар билан шуғулланаётганини ҳам биламиз," - деди у.

Жаноб Раҳмоннинг айтишича, хорижга чиқиб диний таълим олиш ортида ғараз мақсадлар ётади.

"Ота-оналар фарзандларини чуқур диний таълим олиши учун хорижга юборишаётгани йўқ. Улар фарзандлари мулла бўлиб қайтишини ва келажакда шу билан молиявий фойда кўришни исташади, " - деди Имомали Раҳмон.

Давлат назорати

Тожикистонликлар орасида хорижий мадрасаларда, хусусан Покистон, Яман, Саудия Арабистони ва Мисрда диний таълим олиш авж олган.

Хорижга хусусий мадрасаларда таълим олиш учун чиқиш давлат назоратисиз, норасмий йўллар билан амалга оширилади.

Бироқ, тожик президенти бунга ўзгартириш киритилишини айтди. Унинг айтишича, ҳукумат қошидаги диний масалалар бўйича қўмита Тожикистон учун қанча диний уламо зарурлигини ҳал қилади ва талабаларни "экстремистик ёки террористик фикрлари бўлмаган диний мактаблар"га йўллайди.

Айни дамда, жаноб Раҳмон Тожикистоннинг ўзида ҳам диний таълим олиш учун барча шароитлар яратилганини билдирди.

Таҳлилчиларга кўра, Тожикистонда Марказий Осиёнинг ўзга мамлакатларидан фарқли ўлароқ, диний таълим олиш осонроқ. Хусусий мадрасалар мамлакат бўйлаб чекловларсиз иш олиб боради.

Ўз чиқишида, жаноб Раҳмон масжидларни хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳокимиятлар жиддийроқ назорат қилиши кераклигини айтди.

Унинг мазкур чиқиши якшанба куни Душанбедаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан диний айбловлар билан қамалган 25 маҳбуснинг қочиши ва мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилиши манзарасида қилинмоқда.

Маҳбуслар исломий жангарилар экани, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб қамалганлари айтилган.