"Қирғиз жанубини қиш келишидан олдин уйлар билан таъминлаш керак" - БМТ

Image caption Бабар Балоч уйсиз қолган Ўш ва жалолободликларни тезда бошпана билан таъминлаш кераклигини айтади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлиги Қирғизистон жанубида уйини йўқотган ёки кўчишга мажбур бўлган инсонлар учун фавқулодда бошпана яратиш лойиҳасини бошлаган.

Агентликка кўра, совуқ ҳаво тушишидан аввал камида 75 минг одамни тезда бошпана билан таъминлаш керак бўлади.

Би-би-си БМТ агентлигининг Женевадаги матбуот воизи Бабар Балоч билан лойиҳа ҳақида суҳбатлашди.

Балоч: Бугунги кунда Қирғизистонда уйидан айрилган ва фавқулодда бошпанага муҳтож бўлган одамларнинг сони 75 минг атрофида. Шу одамларнинг эҳтиеёжларига жавоб сифатида ташкилотимиз Паноҳ номидаги лойиҳани ўтган ҳафта бошлади. Биз шу лойиҳа доирасида турар жойлари бутунлай вайрон бўлган ёки шикаст еган одамларга ёрдам бермоқчимиз, яъни биз уларга вақтинчалик бошпана топиб берамиз. Бу икки хонадан иборат уй бўлиши мумкин, улар қишни ўша хонадонда ўтказиш имкони бўлади. Биз ўзимиз гувоҳ бўлаяпмиз, ҳамда ҳамкасбларимиз хабарларидан ҳам шундай манзара пайдо бўлаяптики, Қирғизистоннинг жанубида, Ўш ва Жалолобод шаҳарларида икки минг хонадон вайрон бўлган ё шикаст еган. Ташкилотимиз Ўшдаги 900 оилага ва Жалолободдаги 550 оилага вақтинчалик паноҳ беришга ҳаракат қилмоқда.

Би-би-си: Бу лойиҳани қай йўлда амалга оширмоқчисизлар? Мараказий ҳукуматнинг дастаги биланми ёки маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш орқалими?

Балоч: Ташкилотимиз муваққат паноҳ бериш буйича стратегияни ишлаб чиққан, ва буни биз Жанубий Қирғизистоннинг жамоалари билан биргаликда, ҳамда маҳаллий ҳукумат дастаги билан қилганмиз. Бу лойиҳа уйсиз қолиб кетган жамоаларнинг манфаати йўлида амалга оширилмоқда. Айни дамда жанубий Қирғизистонда қайта тиклаш ишлари борасида турли ҳил режалар мавжуд, баъзиларини маҳаллий ҳокимият ҳам бизга таклиф қилган. Бироқ, жамоалар аҳли бизга келиб, келаётган қишда икки хонали уйда вақтинча туришни кўпроқ афзал топаётганларини айтишди, яъни ҳукумат қайта тиклаш жараёнини бошлагунга қадар.

Би-би-си: Сўнги ҳафталарда Ўш маҳаллий ҳокимияти жуда қаттиқ танқидга учрамоқда, жумладан Ўш хокимининг ўзи ҳам. Бир неча халқаро ташкилотларнинг огоҳлантиришича, мамалакат жанубида бошини кўтараётган миллатчилик ёрдам кўрсатиш ҳаракатларига ҳалақит бермоқда ва токи бу каби муаммолар ҳал қилинмас экан, ёрдамни умуман тўхтатиб қўйиш керак деган овозлар ҳам янграмоқда. Ташкилотингиз бу фикрларга қўшиладими?

Балоч: Ташкилотимиз ҳам маҳаллий ҳокимият, ҳамда Бишкекдаги марказий ҳукумат, ҳамда бошпанасиз қолиб кетган жамоалар билан биргаликда иш олиб боради. Биз ёрдамимизга муҳтож бўлган одамларга кўмак беришни давом эттираяпмиз. Лекин, мен бир нарсани аниқ қилиб айтмоқчиман. Қиш остонамизда турибди. Вақт жуда ҳам қисқа ва биз бошпанага муҳтож бўлган одамларни дарҳол таминлашимиз керак. Биз бу борада халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, маблағ сўраб чиққанмиз, бизга 26 миллион доллар керак. Акс ҳолда уйлари вайрон бўлган жамоаларни қиш келиши билан оғир шароитлар кутмоқда.