Қозоғистон қамоқхоналаридаги маҳбуслар нимадан норози?

Қозоғистон жазони ўташ муассасаларида сўнгги пайтларда маҳбусларнинг норозиликлари кучайган.

Маҳбусларнинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари нозирларнинг ноинсоний муомаласидан шикоят қилишади.

Расмийлар эса ушбу норозиликларни қамоқхоналарда тартиб ўрнатиш уринишлари жараёнида содир бўлаётганига эътибор қаратишади.

Айрим кузатувчилар эса, шўролар давридан мавжуд бўлган "қора зона"ларнинг "қизиллашув" жараёни кетаётганини айтишади.

10 август куни Ақмўла вилоятида содир бўлган исёнда 2 маҳбус ҳалок бўлган, 71 махбус шифохонага ётқизилди.

Валентина Зубкова, Эмилянов Александрнинг аммаси бўлади. Александр Петропавлдаги ҳибсхоналарнинг бирида сақланади. 2010 йилнинг июль ойида Александр доҳил 38 маҳбус шароитлар ва муносабатлардан норози бўлиб ўзига тан жароҳати етказган.

Кейинчалик жияни билан телефон орқали гаплашган Валентина ундан нима учун бундай йўл тутганини сўраган.

"Сен нима учун бундай қилдинг. Ўзингга жароҳат етказиш орқали ҳеч нарсага эриша олмайсан. Ҳаётга кўникиш керак, дедим. У менга бу ерда сиз айтган нарсалар ўтмайди. Яшаш жуда ҳам қийин, деди. Шундан сўнг улар мана шундай йўл тутишга мажбур бўлишган,” – дейди Валентина.

Александр 4 йилнинг ичида қамоқхонадаги шароитлардан норози бўлиб, иккинчи марта ўзига тан жароҳати етказган. Александр Эмилянов жазони ўташ учун юборилганида аммасининг айтиши бўйича 82 кг бўлган, ҳозир эса унинг вазни 50 кг га тушиб қолган.

"Яхши овқатлантиришмайди. Яхши ухлай олмагани кўриниб турибди. Қамоқхона чидаб бўлмас даражада иссиқ. Совуқ сув йўқ. У ерда уларни калтаклаши бу 100 фоиз бор гап", дейди у.

Яна бир суҳбатдошимиз Александр Гапанов Қарағанда вилоятидаги ҳибсхонадан гапиради. Александр Гапановни бу ерга Петропавлдан кўчириб келишган. Александр ҳам норозилик сифатида томоғига тиғ тортган. Унинг айтишича, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишнинг ягона йўли шу.

"Мен Қарағанда бўйича махсус прокурорга қарши кўрсатма берганим учун мени Қўстанай вилояти, Жетигара шаҳрига юборишмоқчи бўлишди. У ерда хос режимдаги зона жойлашган ва у ерда умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар сақланади. Биласизми, у ерда калтаклашлар, информацион вакуум мавжуд. Шикоят қилмоқчи бўлганларни ҳибсдагилар таҳқирлашади. Мен ўз ҳаётимдан хавотирдаман, мен айниқса Қозоғистон ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан, хусусан прокуратура томонидан хафв сезмоқдаман," – дейди Александр.

Ўзининг айтишича, Александрнинг қамоқхона нозирлари билан қарама қаршилиги илк кунданоқ бошланган. Унга ётиш учун чойшаб беришмайди, ҳаттоки уйидан бериб юборилган одеялни ҳам олиб қўйишади. Талаб қилганида эса, нозирлар уриб, қовурғасини синдириб қўяди.

"Мен улардан одеялимни талаб қила бошладим. Улар эса мени изоляторга олиб кириб, калтаклашди. Мен бу ҳақда шикоят қилиб ёза бошладим, аммо муассасадан ҳеч нарса, ариза ҳам, шикоят ҳам кетмади",- дейди у.

Бир вақтлар махбус бўлган ва ўзига нисбатан куч ишлатишлар, таҳқирлашлар ҳақида президентгача шикоят қилиб борган Вадим Курамшин айни дамда ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб ишлайди.

"Янги келган маҳбусларни уриш бу одатга айланган ва истисно бўлмайди. Фақатгина маҳбуслар қийноқлардан қочиш учун пул тўласагина, қутулиб қолишлари мумкин. Аммо пул бериб қутулиш жуда ҳам кам учрайди", -дейди собиқ махбус ва айни дамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Вадим Курамшин.

Вадим Курамшиннинг илова қилишича, қийноқларни қамоқхона турига қараб, икки ҳил одамлар олиб боради. Айрим жойларда "фаоллар" деб номланадиган нозирларга қарашли бўлган маҳбуслар мунтазам қийноқ қўлласа, айрим жазони ўташ масканларида бу ишни нозирларнинг ўзлари амалга оширади.

Қийноқларга ҳожатхона тозалатишга ўхшаш “енгил” жазолардан тортиб, орқа жинсий аъзосига дубинка (тўқмоқ) тиқишгача кириши айтилади.

Қозоғистон Адлия вазирлигига қарашли Жиноий жазони ижро этиш тизими қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Марат Шабакбаев маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабатни инкор этмаган ҳолда, ҳар бир ариза кўриб чиқилишини айтади. Унинг Би би сига билдиришича, кўпгина ҳолатларда махбусларнинг ўзлари провокация уюштиришади.

"Кўпгина ҳолатларда маҳбусларнинг ўзлари провокация уюштиришади. Мисол учун, Олма-Отадаги тергов изоляторида маҳбуслар қариндошларига қўнғироқ қилиб, намойиш ўтказишни сўрашди ва шу йўл билан ўзларининг айтганини қилдиришга эришдилар".

Расмийларга кўра, кўпинча маҳбусларнинг талаблари ортида мавжуд тартиб-қоидаларга бўйсунмаслик ва қамоқхонада ўз тартибини жорий қилишга интилиш ётади. Қамоқхона нозирларининг тартибни ўрнатишга ҳаракати ортидан мана шундай ўзига хос норозилик акциялари келиб чиқади.

Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бюросининг Қарағанда бўлими раҳбари Юрий Гусаковнинг айтишича, мамлакат қамоқхоналарида ўзига хос ноқонуний бошқарув мавжуд. Унга кўра, ҳар бир турманинг расман айтилмайдиган, аммо амалда қудратга эга бўлган маҳбуслардан ташкил топган "сардор"лари бор.

"Қамоқхона нозирлари томонидан ушбу сардорларни ҳам тартибга бўйсунишга чақирилганда, сардорлар ўз таъсиридан фойдаланиб, бошқа маҳбусларни таналарига шикаст етказишга мажбурлайди", -дейди у.

"Агар қамоқхона маъмурияти тартиб ўрнатилади ва бу қизил бўлади, деса, мен сизга айтаманки, бу қора билан бир ҳил дегани. Бу шўролар давридан бери яшаб келаётган жиноий бир анъанадир. Ҳар бир колонияда маҳбуслардан ташкил топган тартибни сақловчи кенгашлар тузилган. Булар маҳбуслардан ташкил топган, умуман конституцияга қарши органлардир. Бу органлар уларга салбий кайфиятдагиларга қарши чиқади", - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Қарағанда қамоқхоналаридаги танага шикаст етказиш ортидан Қозоғистон Адлия вазирлигига қарашли Жиноий жазони ижро этиш тизими қўмитаси раҳбари ўз лавозимидан олинди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари раҳбарнинг лавозимдан олиниши муаммога ечим эмас, дейишади.

Собиқ маҳбус, айни дамда асосан маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Вадим Курамшин жазони ўташ муассаларида маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нотўғри йўлга қўйилганини айтади. Унга кўра маҳбуслар ёзган аризалар асосан давлат идоралари вакиллари томонидан кўриб чиқилади ва бундан ижобий жавоб кутиш қийин.

"Маъмуриятнинг ҳаракатларидан шикоят қилиш механизми умуман ишламайди. Ҳеч қандай шикоятга муносабат билдирилмайди. Сўнгги икки йилда қўштирноқ ичидаги “ҳуқуқ ҳимоячилари” шарофати билан жазони ўташ муассаларида қийноқлар кўлами камаймади. Ушбу ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбуслар ёзган ариза ва шикоятларни жазони ўташ муассасаси ходимларига берди. Нозирлар эса шикоятчини янада қаттиқроқ қийнашди. Аммо бугунга келиб, маҳбуслар оқ ва қорани ажрата бошлашди. Улар ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси, деб юрадиганларга ишонмай қўйишди. Улар яна ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам ишонишмайди. Шу сабабдан уларнинг олдида ўзига тан жароҳати етказиш орқали жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш йўли қолган холос",- дейди Вадим Курамшин.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Қозоғистонда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш керак. Ўшандагина бирор ўзгариш бўлиши мумкин.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/