Туркманистон ва Афғонистон газ қувури йўлини қуришга келишди

Туркманистон гази
Image caption Туркманистон дунё бўйича 4 йирик газ заҳираларига эга.

Туркманистон ва Афғонистон туркман газини Покистон ва Ҳиндистонга элтадиган газ қувурини бошлаш бўйича келишув имзоладилар.

Келишувга Кобулда икки мамлакатнинг ҳукуматлараро музокаралари ортидан эришилди.

Бир неча миллиард долларлик газ қувури Афғонистон ҳудудларидан ўтади.

Қарийб 1700 чақиримга чўзиладиган айни газ қувури лойиҳаси ҳали 90-йиллар бошларида режаланган ва уни қуриш борасида 2002 йилда битим имзоланган эди.

Аммо Афғонистондаги нотинчликлар қувур қурилишини бошлашга доимо халақит бериб келган.

Ушбу лойиҳа ҳақида яна Марказий ва Жанубий Осиё энергетика вазирларининг 2008 йилда бўлиб ўтган учрашуви ортидан гапира бошлашди.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга биноан, 2015 йилдан бошлаб туркман гази Жанубий Осиё тарафга оқа бошлаши керак.

Режага мувофиқ, Туркманистон жануби-шарқидаги Давлатобод газ майдонларидан йилига 30 миллион кубометр газни Афғонистон орқали Покистон ва ҳатто Ҳиндистонга қадар етиб боради.

Аксар Россия қувурлари орқали жаҳон бозорига газ сотадиган Туркманистон раҳбарияти шарқ, жануб ва ғарбга элтадиган қувур йўналишларига катта қизиқиш билдириб келади.

Дунёнинг энг кўп газ заҳираларига эга мамлакатларидан бири бўлган Туркманистон расмийлари нефть-газга чанқоқ Хитой, Оврўпо ва Ҳиндистоннинг ҳам эҳтиёжларини қондира олишини айтишмоқда..

Ушбу лойиҳани Осиё Тараққиёт Банки молиялаган.

Бироқ газ қувури Афғонистоннинг жангзада Ҳилманд ва Қандағор вилоятлари ҳамда Покистоннинг Кветта минтақаси орқали ўтади.

Толибон исёнкорлиги давом этаётган жанубий Афғонистон орқали қувурни ўтказиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи ечилмаган.

Икки йил муқаддам Туркманистон БМТга мурожаат этиб, халқаро нефть ва газ қувурлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус конвенция қабул қилишни сўраганди.

Таҳлилчиларга кўра, бу қадам Ашхободнинг айнан Афғонистон орқали ўтадиган газ қувури режаларига боғлиқдир.

Бунинг устига, ядровий қуролга эга икки қўшни - Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги алоқалар ҳам ҳамон рисоладагидек эмас.

Аммо шунга қарамай, таҳлилчиларнинг ишонишича, Марказий Осиё газининг Жанубий Осиёга қараб оқиши бутун минтақадаги иқтисодий вазиятга катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/