Қозоғистондаги бошпана изловчиларнинг болалари мактабга олинмайди

Ўзбек бошпана изловчиларнинг фарзандлари
Image caption Ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг болаларига мактаб маъмуриятлари билим олишни тақиқлаб қўйишди

1 сентябрь, МДҲ ҳудудида Билимлар куни, деярли 3 ой давом этган ёзги дам олишдан сўнг ўқувчилар мактабларга қайтишади. Халқаро ҳуқуқлар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлайди. Аммо, Қозоғистондаги бошпана изловчилар Қозоғистон ички қонунлари бўйича болаларини мактабга бера олмайди. Бир неча йиллардан бери Қозоғистонда учинчи давлатга чиқарилишларини кутаётган ушбу бошпана изловчиларнинг иши Қозоғистон ҳукумати қўлига ўтгач илк маротаба мана шундай муаммога дуч келмоқда.

Бир неча йиллардан бери Қозоғистонда учинчи давлатга чиқарилишларини кутаётган ушбу бошпана изловчиларнинг иши Қозоғистон ҳукумати қўлига ўтгач илк маротаба мана шундай муаммога дуч келмоқда.

Уч ойлик таътилдан сўнг Қозоғистондаги ўқувчиларнинг деярли ҳаммаси мактабга қайтишди. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг болаларига мактаб маъмуриятлари билим олишни тақиқлаб қўйишди.

Бир неча йиллардан бери Олма отада қўним топган ўзбекистонлик Умида Азимованинг болалари шу пайтгача шаҳардаги 160-ўрта таълим мактабига муаммосиз қатнаб келарди. Аммо, бу ўқув йилидан бошлаб унинг болаларини мактаб маъмурияти ўқитишдан бош тортди.

- 160-мактаб директор ўринбосари Гулнора Қуралбекова деган аёл билан учрашдим. У бизга қандайдир қонун кўрсатиб, болаларингизнинг мактабда ўқишга ҳаққи йўқ. Биз қирғизларни ҳам ўзбекларни ҳам олаётганимиз йўқ, деди. Чет эл фуқароларининг "пропискаси" бўлиши керак ёки "фуқаролиги йўқ шахс" деган қоғозларингиз бўлса, сизларни мактабга оламиз, деб қонун кўрсатди, дейди Умида Азимова.

Умида Азимова дуч келган муаммо Олма ота шаҳридаги бошқа қочқинларнинг ҳам бошига тушган. 160-ўрта таълим мактаби директор ўринбосари Гулнара Бекжунусованинг Би-би-сига айтишича, 2007 йил 27 декабрь кунги сана билан Қозоғистон Таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган 659 - сонли буйруқ бор ва шунга асосан бошпана изловчиларнинг болалари қозоқ мактабларида ўқий олмайди.

"16 ёшгача бўлган хорижлик ёки фуқаролиги йўқ боланинг ота-онаси ёки қонуний вакили, болани таълим муассасасига беришда Қозоғистон республикасида доимий яшаш ҳуқуқи борлигини кўрсатиши керак, шу билан бирга яшаш жойидан рўйхатдан ўтган бўлиши лозим," - дейди буйруқдан иқтибос келтирган Гулнара Бекжунусова.

Таълим вазирлигининг ушбу қарорини мактаб раҳбарияти орадан қарийб 3 йил ўтганидан сўнг 2010 йилнинг июнь ойида олишган. Шахсан прокуратура ходими келиб буйруқни кўрсатган ва ижро этилишини талаб қилган. Мактаб директори ўринбосари нима учун буйруқ 3 йил ўтиб амалга кираётгани ҳақида ҳеч қандай изоҳ бера олмади.

Асосан муҳожирларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ҳуқуқшунос Денис Живага бу борада Олма ота миграция қўмитасига мактуб ёзилганини ва прокуратура орқали ушбу муаммони ечишга ҳаракат қилинаётганини билдирди.

Бироқ, бошпана изловчиларнинг ишини кўриб чиқувчи коммиссия бошлиғи Олма ота миграция қўмитаси департаменти директори Гулсара Алтинбекова бошпана изловчиларнинг болалари билим олишга ҳаққи йўқлигини айтган.

- 20 август, жума куни Алтинбекова билан шахсан учрашганимизда, боларимизни мактабга қабул қилмаётганини гапирдик. Учрашувда Алтинбекованинг шахсан ўзи "болаларингнинг мактабда ўқишга ҳаққи йўқ", деб айтди. Чунки бизнинг ишимиз ҳали кўриб чиқилмоқда экан ва бизда қочқин мақоми бўлмаганини сабаб қилиб, болаларимизнинг мактабда ўқишга ҳуқуқи йўқлигини айтди, дейди боласини мактабга бера олмаётган ўзбекистонлик бошпана изловчи Умида Азимова.

Ҳуқуқшуносга Денис Живага миграция қўмитаси департаменти директорининг сўзлари халқаро қонунларга мос келмаслигини айтади.

"Мен Алтинбекова ҳақ эмас деб ўйлайман. Чунки, Қозоғистон Болалар ҳуқуқи бўйича конвенцияни ратификация қилган. Унда таълим олиш ҳуқуқи кафолатланади. Яна ўйлайманки, давлат "Қочқинлар тўғрисида"ги конвенцияга ҳам имзо қўйган. Бу ҳам бошпана изловчиларнинг таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Чунки, кўплаб бошпана изловчиларга йиллар давомида комиссия томонидан берилган рад жавобидан норози бўлиб шикоят ёзади. Бундан келиб чиқадики, йиллар давомида уларнинг болалари таълимсиз қолиши керакми?!" - дейди Денис Живага.

Қозоғистонда 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб "Қочқинлар тўғрисида" қонун қабул қилинди ва бошпана изловчиларнинг ишлари БМТнинг қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги зиммасида ҳукумат органлари қўлига ўтди.

Ҳуқуқшуносларга кўра янги қонунда қочқинларнинг ҳуқуқи ҳақида гап кетади, бошпана изловчиларнинг ҳуқуқи борасида таълим олиш борасида бирор норма кўрсатилмаган. Бу нарса қонуннинг мукаммал ишлаб чиқилмаганидан дарак беради, дейди кузатувчилар.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/