Ҳукумат расмийлари Ислом дини ёйилишидан хавотирдами?

Ислом барча Марказий Осиё мамлакатларида кенг тарқалмоқда

Тожикистон Уламолар кенгаши мамлакатдаги имом-хатибларга мактаб ўқувчилари ва талабаларни масжидларга даъват қилмаслик топшириғини берган.

Ушбу топшириқдан ўқувчиларнинг илм олиш жараёнига халал қилмаслик мақсади кўзлангани айтилади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Тожикистонда жума кунлари ўқувчи ва талабаларнинг деярли ярми дарсларини ташлаб масжидларга ибодат қилгани боришади.

Айни дамда Тожикистон ҳукумати мамлакатда Исломнинг радикал кўриниши тарқалишидан хавотирда эканини яширмайди.

Хўш, Тожикистонда ёшлар орасида Ислом динининг бу тарзда кенг тарқалаётганига сабаб нима?

Биз ушбу саволни Марказий Осиёда ягона исломий ҳизб - Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раисининг муовини Маҳмадали Ҳайитга бердик.

Маҳмадали Ҳайит: Буни ёшларнинг асл қадриятларга қайтиш ҳаракатлари деб изоҳлаш мумкин. Чунки ёшлар ўз ҳаётларида кўплаб камчиликларга дуч келмоқдалар. Уларнинг борадиган жойлари бўлмагани, ишсиз бўлганлари учун масжиддан нажот исташади. Менимча, бу яхши ҳолат. Лекин бундан бизнинг ҳукуматимиз хавотирга тушган. Шунинг учун ҳукумат ўтган йили қабул қилинган қонунларга қўшимчалар киритмоқда. Тожикистон Уламолар кенгаши қарори мамлакат диний қўмитаси ташаббуси билан олинган. Лекин бунга имом-хатиблар қаттиқ қаршилик кўрсатишмоқда.

Би-би-си: Ислом Марказий Осиёнинг барча давлатларида кенг тарқалаётгани кузатилмоқда. Сиз юқорида бунга сабаб Тожикистонда ёшларнинг борадиган жойлари бўлмагани, ишсизлик, дедингиз. Лекин ишсизлик Марказий Осиёнинг бошқа минтақаларида Тожикистончалик эмас-ку...

Маҳмадали Ҳайит: Тўғри. Лекин, Тожикистонда Исломга юз буриш бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ кузатилади. Бундан ҳукумат пайтавасига қурт тушиб қолган. Шунинг учун сўнгги пайтларда ҳукуматда Исломга ёвқараш шаклланган.

Би-би-си: Ҳукумат расмийлари хавотирлари замирида нима ётибди деб ўйлайсиз? Дунёвийлик тизимига таҳдидми?

Маҳмадали Ҳайит: Улар буни дунёвий давлатчиликка таҳдид сифатида кўришади деб ўйлайман. Шунинг учун улар келажакда катта дардисарга йўлиқмаслик учун ҳозирданоқ янги чекловларни жорий этишаяпти. Имомали Раҳмон айтмоқчи, Тожикистондан хорижда таълим кўрган ҳар қандай талаба экстремистга айланади ва келажакда мамлакатга хавф солади.

Би-би-си: Тожикистонда бугунга қадар дунёвий ҳукуматга хавф солган экстремизм кўринишлари кузатилганми?

Маҳмадали Ҳайит: Ҳозирга қадар хорижда таълим олиб қайтган талабалар томонидан радикализм, экстремизм ҳолатлари ёки террорчилик амали кузатилмаган. Бу ҳукуматдорлар уйдирмасидир. Ўтган йил терроризмга қарши курашиш баҳонасида йирик маблағлар сарфланди. Ҳукумат бу йил ҳам терроризм ва радикализмга қарши курашиш баҳонасида яна бир-иккита йирик грантни олса ажабмас.

Би-би-си: Сиз бугунга қадар ҳеч қандай радикализм кузатилмади, террорчилик содир этилмади, дедингиз. Ўтган ҳафта Хўжандда юз берган худкушлик ҳужумини нима билан изоҳлайсиз?

Маҳмадали Ҳайит: Тўғри. Бугунга қадар Хўжандда битта ва Душанбеда битта портлаш юз берди. Аммо унинг ортида мусулмонлар тургани маълум эмас. Ҳужумларнинг гўё исломий жангарилар томонидан амалга оширилгани ҳақидаги баёнотлар эса ҳукумат даъволаридан бошқа ҳеч нарса эмас.

Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?