Бошпана изловчи Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган

Ўзбекистонлик бошпана изловчи аёллар
Image caption Аёллар ҳибсдаги бошпана изловчи эркакларнинг очлик эълон қилганини айтишган

Олма ота ҳибсхоналарида сақланаётган бошпана изловчиларнинг биринчиси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Ҳибсдаги қолган эркаклар очлик эълон қилганлар.

27 ёшли қирғизистонлик Хуршид Комилов Ўзбекистонга чиқариб юборилгани ҳақида унинг яқинларига Олма ота Миллий хавфсизлик қўмитасидан маълум қилишган.

Олма ота шаҳар Миллий хавфсизлик қўмитасидан Г. Тўқтабаев Хуршид Комиловнинг яқинларига унинг Ўзбекистонга бериб юборилганини маълум қилган.

- Тўқтабаев бизнинг олдимизга чиқиб, Комилов Хуршидни этапга жўнатдик, деди. Биз этап нима дегани десак, этап бу Ўзбекистон, Ўзбекистонга кеткизиб юбордик, деди, - дейди Комиловнинг турмуш ўртоғи Хуршида.

Хуршид Комилов асли Қирғизистон фуқароси ва аёлининг айтишича, Ўзбекистонда бирор марта ҳам бўлмаган.

Асосан бошпана изловчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи юрист Денис Живага айтишича, Комиловнинг экстрадиция қилинишида кўпроқ ўзи айбдор.

- У миграция департаментига мурожаат қилмаган. Комиссия аъзоларининг олдида мен ҳеч қандай ариза ёзмайман, мен БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш комиссарлиги ҳимояси остидаман деб бош тортган, - дейди Денис Живага.

Хуршид Комиловнинг яқинлари унинг Ўзбекистонда нимада айбланаётганини билишмайди.

Турмуш ўртоғининг айтишича, Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан безовта қилинаверганидан сўнг Хуршид Комилов Қозоғистонга бориб БМТдан бошпана сўраган.

"Биз 2008 йилда Умра ҳажига бориб келдик. Қайтиб келганимиздан сўнг Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳажда мана бу одамларни билан танишганмисан, деб турмуш ўртоғимни чақиртираверди. Ҳолимизга қўймаганидан сўнг Қозоғистонга келиб БМТдан қочқинлик сўради", дейди Комиловнинг рафиқаси.

Бу борада Қозоғистон расмийларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Унинг адвокати вазиятни тушунтириб бериш учун Қозоғистон Бош прокурорига ариза ёзишини билдирди.

Аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлган 30 эркак 9 июн куни Олма ота шаҳрида ўтказилган рейдда ҳибсга олинган эди.

Уларни турли ноқонуний диний оқимларга айбдорлик ва жиноят содир этганликда айблаб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари давлатлараро қидирувга берган.

Бироқ бошпана изловчилар ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини айтишади.

Ўзбекистонда диний қарашлари туфайли, яъни Қуръонни мустақил ўрганишга ҳаракати ва ҳижоб ўраши туфайли таъқиб қилинаётганини айтишади.

Ҳибсда ушланиб турган бошпана изловчиларнинг деярли ҳаммасига Олма ота миграция қўмитаси рад жавобини берган.

Уларнинг экстрадицион ҳибс муддати 9 сентябр куни тугаган.

Ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг аёллари хабар қилишларича, ҳибсда сақланаётган қолган эркаклар ўзларининг Ўзбекистонга мажбуран чиқариб юборилиши қарорига норозилик сифатида очлик эълон қилганлар.