НАТО: 'Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбарларидан бири ўлдирилган'

Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларига кўра, шу ой бошида шимолий Таҳор вилоятига уюштирилган ҳаво ҳужумлари чоғида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг раҳбарларидан бири ўлдирилган.

НАТО ҳарбийларининг айтишларича, Муҳаммад Амин ўз вақтида Толибон ҳаракатининг Таҳор вилояти бўйича раҳбари муовини ҳам бўлган.

Аммо таҳорлик масъуллар ҳужумга учраган карвон орасида бирор бир хорижий жангари бўлмаганини айтишмоқда.

Ҳаракатнинг собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўтган йили Покистонда, америкаликларнинг ҳаво ҳужумларида ўлгани ишонилади.

Бунинг ортидан пайдо бўлган хабарларда унинг ўрнига куёви Усмон Одил тайинлангани айтилганди.

"Ал-Қоида" тармоғи билан яқиндан ҳамкорлик қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистонга 2001 йилги ишғоли ортидан Покистоннинг қавмлар яшовчи Жанубий Вазиристондан минтақасидан бошпана топганди.

Аммо Покистон хавфсизлик кучларининг ўтган йили минтақада олиб борган йирик ҳарбий амалиётлари ортидан гуруҳнинг яна Афғонистон шимолида фаоллашгани кузатилади.

Ҳаракат аъзоларининг сони борасида аниқ рақамлар йўқ.

Уларнинг бир неча юз атрофида бўлиши тахмин этилади.

Би-би-си сўнгги ривожланишлар манзарасида ҳаракатнинг бугунги аҳволи ҳақида батафсилроқ маълумот олиш учун пешоварлик журналист Раҳимулоҳ Юсуфзай билан боғланди:

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ўзбекистон Исломий ҳаракати турли хил давлатларда фаолият олиб боради. Покистоннинг қавмлар яшовчи минтақаларида, қисман Афғонистонда, Ўзбекистон ва Тожикистон каби Марказий Осиё минтақасида ҳам ўз аъзолари ва тарафдорларига эга, деб ўйлайман. Лекин ҳаракатнинг маркази Покистоннинг Вазиристон ҳудудида. Афғонистондаги Толибон тузуми қулаган 2001 йилдан буён ҳаракат аъзоларининг сони борасида аниқ бир рақам йўқ. Покистонлик масъулларнинг маълумотлари ҳам бир хил эмас. Менимча, уларнинг сонини юзлаб деб айта оламиз. Чунки орада кечган турли хил жангларда уларнинг аксарияти ўлдирилган ёки қўлга олинган. Ҳаракатга узоқ йиллардан буён Тоҳир Йўлдош раҳбарлик қилиб келган. Ўтган йили унинг ўлдирилганига оид хабарлар тарқалди. Яна яқинда ҳам. Шунинг учун ҳозир ҳамма Тоҳир Йўлдош ўлганига ишонади. Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан бошқа бир шахс унинг ўрнига тайинланганди. Аммо кимлиги айтилмаганди. Сўнгги хабарларга кўра, ҳозир ҳаракатга Тоҳир Йўлдошнинг куёви Усмон Одил раҳбарлик қилмоқда. Менимча ҳам бу тўғри бўлса керак, яъни ҳаракатнинг асосий қаноти Усмон Одилнинг қўл остида. Ва улар Покистонда жойлашган.

Савол: Ўзбекистон Исломий ҳаракати янги аъзоларни ёллаётган бўлиши мумкинми? Агар шундай бўлса, кимларни ёллаяпти? Бу хусусда қандай хабарлар бор?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Менимча, улар Ўзбекистондан ҳаракатга янги аъзоларни ёллашга ҳаракат қилишаяпти. Бундан ташқари, маҳаллий иттифоқчилар топишга ҳам уринишмоқда. Бироқ бу осон иш эмас. Чунки Ўзбекистон билан Покистоннинг Вазиристон минтақаси бир-биридан анча олисда жойлашган. Бориш-келиш осон эмас. Ҳаракат янги аъзоларни ёллайман деганда ҳам уларнинг катта сонда Ўзбекистондан бу ерга келишлари ёки хизматга ёлловчиларнинг у ерга боришлари осон иш эмас. Ҳаракат янги хизматга ёллаётганлари билан таққослаганда кўпроқ аъзоларини қурбон бермоқда. Шу сабабдан ҳам, менимча, кучи қирқилиб бормоқда.

Савол: Ўзбекистон Исломий ҳаракатини ҳозир молиявий ва ҳарбий жиҳатдан ким таъминлаяпти? Дейлик, қурол-яроғ масаласида?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўзларига ўхшаш гуруҳлар билан ҳамкорлик қилиб келган. Ўз вақтида Афғонистондаги "Ал-Қоида" тармоғи билан иттифоқчилик қилган. Аммо асосий иттифоқчиси Афғонистондаги Толибон ҳаракати бўлган. Ҳаракат ана шу иттифоқчилик орқасидан кун кўрган. Аммо Афғонистондаги Толибон тузумининг қулаши ортидан афғон толиблари ҳам бор-будларидан мосуво бўлиб, Покистондан бошпана топишганди. Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳозир асосий кўмакни Покистондаги Толибон ҳаракатидан олади. Афғонистонда жанг олиб бораётганлари эса, у ердаги Толибон жангариларининг қўлига қараб қолган. Ҳаракат "Ал-Қоида" тармоғидан ҳам бироз молиявий ёрдам олаётган бўлиши мумкин. Аммо уларнинг ўз манбалари ҳам бўлиши, дейлик, Марказий Осиё давлатларидан ҳам молиявий кўмак олаётган бўлишлари мумкин. Кейин яна гаровгирлик орқасидан ҳам пул ишлаётган бўлишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Савол: Қудратли деб кўрилган раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ҳаракатнинг фаолиятига қанчалик жиддий таъсир қилган? Уларнинг ҳаракатлари сусайди, деб айта оламизми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Афғонистондаги толиблар шимолий Қундуз вилоятида ўз фаолиятларини кучайтириб, муайян қисмини ўз назоратлари остига олишга муваффақ бўлишди. Бу эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларининг ҳам ўтишлари учун замин ҳозирлади. Улар бу ерга Марказий Осиё давлатларидан ҳам, Покистондан ҳам осонлик билан ўтиб келишлари мумкин. Улар ҳозир Қундуз, Мозори Шариф, Бадахшон ва Таҳорда Толибон билан ҳамкорликда фаолият олиб боришмоқда. Яъни, бундан тўққиз йил бурун ўзлари ташлаб чиққан ҳудудларга қайта кириб боришга муваффақ бўлишмоқда. Бу жиддий ривожланиш. Чунки улар бу ердан жудаям осонлик билан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга кесиб ўтишлари мумкин. Бундай манзарада ҳаракатнинг янги аъзоларни хизматга ёллаши ҳам осонлашади. Аммо жангариларини бой бериб, раҳбарлари Тоҳир Йўлдошдан маҳрум бўлганликлари учун Покистондаги фаолиятлари сустлашиб бормоқда.