Қирғизистонда янги бош прокурор ва ички ишлар вазири тайинланган.

Image caption Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари апрель ва июнь воқеаларида қаттиқ танқидларга учраган

Қирғизистонда янги бош прокурор ва ички ишлар вазири тайинланган. Қирғиз хабар агентликларига кўра, бош прокурор лавозимини энди Генерал-лейтенант Қубатбек Байболов эгаллади.

Ҳукумати ағдарилган Қурманбек Бакиев президентлиги даврида жаноб Байболов мухолифатда бўлган.

У Ак-Шумкар сиёсий партиясининг собиқ раиси ва уч карра парламент аъзосидир.

Жаноб Байболов, шунингдек, Қирғизистоннинг жиноий ва фуқаролик кодексининг муаллифидир.

У 2008 йил январида сиёсатни тарк этаётганини расман эълон қилган, 2009 йил мартида эса мамлакатни тарк этиб, АҚШда сиёсий бошпана сўраган.

Муваққат ҳукумат таркибида жаноб Байболов ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

У, шунингдек, уч ҳафта Жалолобод шаҳри ва Жалолобод вилоятидаги Сузоқ шаҳрининг коменданти бўлиб ишлаган.

Унинг лавозимида хизмат қилган Бойтемир Ибраев истеъфога чиқарилган. Истеъфо сабаблари борасида бирон маълумот берилмади.

Ички ишлар вазири этиб Бишкек шаҳри ички ишлар бошқармаси раҳбари Зарилбек Рисалиев тайинланган.