Қодиржон Ботиров: қонли ҳодисаларда муваққат ҳукумат сиёсатчилари айбдор

Интернетда баёнот эълон қилган Қирғизистондаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботиров мамлакат жанубида этник можаро келиб чиқишида муваққат ҳукумат раҳбарларини айблади.

Youtube тармоғида эълон қилинган видеобаёнотида Қодиржон Ботиров таъқиблар туфайли Қирғизистонни тарк этганини, ҳозир бошқа мамлакатда эканини маълум қилган.

Қодиржон Ботиров 7 апрел ҳодисаларидан кейин собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғи Жалолобод шаҳри яқинидаги Тейит қишлоғида штаб ташкил этганини айтади, мамлакат жанубидаги вазиятни беқарорлаштириш амаллари Тейит қишлоғидан бошқарилди, дейди.

Муваққат ҳукуматга бўйсунишни истамаган Қурманбек Бакиев тарафдорлари Жалолободда давлат маъмурий биноларини босиб олдилар, ўзлари учун юзага келган оғир шароитда "муваққат ҳукумат вакиллари мендан муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлашни сўрашди", дейди жаноб Ботиров.

"Роза Ўтинбоева ва муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари мендан қайта-қайта ўзбекларнинг Қурманбек Бакиевни дастаклашига йўл қўймасликни сўрашди", деди Қодиржон Ботиров.

"Эвазига менга давлат лавозими таклиф этилди", дейди у.

Жаноб Ботировнинг айтишича, ўзлари Қурманбек Бакиевнинг этник омилдан мамлакат жанубидаги вазиятни беқарорлаштиришига йўл қўймаганлар.

Май ойида Бакиев тарафдорлари Жалолобод вилояти ҳокимлигини босиб олганидан "биз вилоят ҳокими Бектур Асановни жойига қайтаришга муваффақ бўлдик", деган Қодиржон Ботиров.

Қодиржон Ботировнинг айтишича, ўзбекларнинг мамлакат жанубидаги жипслиги ва яхши ташкиллангани муваққат ҳукумат сиёсатчиларини чўчитган.

"Биз(ўзбеклар) ҳисоблашиш лозим бўлган аҳамиятли сиёсий кучга айландик. Бундай аҳвол янги ҳокимият лидерларини қониқтирмас эди", деб айтган жаноб Ботиров.

Қодиржон Ботиров айтишича, шундан сўнг ўзи ва Қирғизистондаги ўзбеклар раҳбарларини миллатлараро низони қўзғашда айблаганлар.

Қирғизистон расмийларига кўра, Ўш ва Жалол-Ободдаги зўравонликлар ортида ўзбеклар жамоаси раҳбарларидан Қодиржон Ботиров турган, қўзғатилган жиноий ишларда унинг исми тилга олинган.

Қодиржон Ботиров бу айбловларни рад этади.

"Умуммиллий диалогни йўлга қўйишнинг асосий шартларидан бири тўлиқ, ҳар томонлама ва холис тергов ўтказилиши", деган Қодиржон Ботиров ўзининг интернет-видеомурожаатида.