Досмир Узбеков:'Ўзгандаги махсус амалиёт чоғи қуроллар топилди'

Қирғизистон июн ойидаги зўравонликлардан кейин
Image caption Қирғизистон хавфсизлик кучлари мамлкат жанубида кечган зўравонликлар учун фақат ўзбекларни нишонга олаётганликда айбланади

Ўш шаҳридаги матбуот анжуманда Қирғизистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат хизмати раиси ўринбосари Досмир Узбеков Ўзган туманида ўтказилган махсус амалиёт ҳақида маълумот берди.

Узбековнинг айтишича, мазкур амалиёт давомида қурол-яроғ ва портловчи воситалар қўлга киритилган.

Қирғизистон жанубидан келган хабарларга кўра, хавфсизлик мулозими журналистларга Калашников автомати ва айниқса, спорт мусобақаларида қўлланадиган МЦ-47 русумли милтиқни кўрсатган.

Хавфсизлик идораси раҳбари темир соққалар билан отадиган ускунани ҳам намойиш қилиб, ушбу восита орқали нафақат инсонни, балки "айиқ ёки буғу"ни ҳам ўлдириш мумкинлигини айтган.

Расмий маълумотга мувофиқ, олдинроқ Қорасув туманида ўтказилган махсус амалиёт пайтида уч киши, Ўзганда эса, яна бир киши ҳибсга олинган.

Хавфсизлик кучлари Ўзганда махсус амалиётга сафарбар этилган пайт тахминан бир ярим мингга яқин киши ўша куни кечгача норозилик намойишига йиғилган.

Айтилишича, ҳукумат идораларининг тушунтиришлари ортидан намойишчилар тарқаб кетишган.

Махаллий аҳоли эса, хавфсизлик ходимлари ўз амалиётларини чоғи оддий одамларга жуда ёмон, қўпол муносабат қилганларини айтишади.

Айниқса, Ўзган шаҳри яқин атрофида жойлашган Тошлоқ қишлогида рўй берган сўнгги воқеаларда ҳуқуқ-тартибот кучларининг ҳатти-ҳаракатларидан ғазабланган қишлоқ яшовчилари бир гуруҳи шу ердаги серқатнов йўлни тўсиб қўйишган.

Мазкур ҳудуддаги асосдан ўзбек ва турк миллатига мансуб аҳоли истиқомад қилади.

Қирғизистондаги нодавлат ва халқаро ташкилотлар мамлакат ҳуқуқ-тартибот кучларини бир томонлама иш юритиб, асосан, этник ўзбекларни нишонга олаётганлик, уларни ноқонуний ҳибсга олиш, калтаклаш ва пул ундиришда айблашади.

Қирғизистон ҳукумати идоралари эса, бу каби айбловларни қатъиян рад этишади.