Тожик расмийлари Раштдаги ҳужумда фуқаролар уруши давридаги дала қўмондонларини айблаган

Рашт водийси
Image caption Рашт водийсида ҳарбийлар карвонига ҳужум 19 сентябр куни юз берган

Якшанба куни Тожикистоннинг Афғонистон чегарасига яқин Рашт водийсида ҳалок бўлганлар сони ортган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, Камароб дарасида қуроллилар пистирмасига дуч келиб жароҳатланган Мудофаа вазирлиги ҳарбийларидан уч нафари Душанбе шаҳридаги шифохонада оламдан кўз юмган.

Тожикистон расмийлари ушбу ҳужумда фуқаролар уруши давридаги мухолифат тарафида бўлган дала қўмондонларини айблаган.

Айни пайтда Тожикистон хавфсизлик кучлари тоғли минтақаларда жангариларни қидираётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Мирзахўжа Аҳмадов

Тожикистон давлат телеканали махсус дастурида Рашт водийсидаги амалиётда собиқ дала қўмондонлари гуруҳидан 5 киши ҳалок этилганлиги эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, ушбу ҳудудда яшовчи собиқ дала қўмондони Мирзахўжа Аҳмадов ҳукумат томонидан қидирилаётган Мулло Абдуллонинг уйида яширган.

Айнан ўша уйдан кўп миқдордаги қурол-аслаҳа, портловчи моддалар чиққан. Тарқатилган хабарга кўра, у ердан 6 та автомат, 3 та гранатомёт, 10 та мина, 6 минг дона ўқ, ҳар бири 20 кило қувватга эга учта портловчи қурилма топилган.

Портловчи моддалар ва қурол-яроғлар Душанбеда террор амалларини содир этишга мўлжалланган бўлгани айтилади.

Шунингдек, расмий хабарда билдирилишича, Аҳмадов ўсмир ёшларни тайёрловчи террорчиликка тайёрловчи жамлоқ ташкил этган.

Куни кеча Тожикистондаги оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида Мирзахўжа Аҳмадов ўзида ҳеч қандай қурол йўқлигини айтганди.

"Мен тожикман ва қонуний ҳукуматни тан оламан. Мен ҳозир оддий деҳқонман. Мен бор қуролларимни 2009 йил Президент билан музокаралардан сўнг топширганман", деб айтган Мирзахўжа Аҳмадов.

Собиқ дала қўмондонларидан бири бўлган Мирзахўжа Аҳмадов 1997 йил Миллий яраш битими имзолангандан сўнг 2008 йилгача Рашт ҳудудида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимини бошқарган.

Шу йилнинг ёзида Мирзахўжа Аҳмадов ўзи ва сафдошларига қарши куч ишлатиладиган бўлса, қайтадан қўлларига қурол олишлари ҳақида огоҳлантирган. Собиқ дала қўмондонининг бундай баёнот билан чиқишига Бош прокуратура Ички ишлар зобити Олег Захарченконинг ўлимига доир тергов янгидан бошлагани сабаб бўлганди.

Махсус топшириқ милиция бўлинмаси қўмондони Олег Захарченко 2008 йил февралида Рашт водийсида номаълум тарзда отилганди.

Ўша кунларда жаноб Аҳмадов Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан мажлис бўлаётган бир вақтда бино атрофида кутилмаганда отишма бошланганлигини, унинг ходимлари ҳужумни қайтаришгани ҳақида айтгани деярли барча эркин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Жаноб Аҳмадов Олег Захарченко у билан биргаликда Раштга келган ҳамкорлари томонидан отилганлигини урғулаб келган. Ўтган ҳафта Раштда қонли ҳодисалар содир бўлмасдан бир неча кун аввал Тожикистон Ички ишлар, Мудофаа вазирлари ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари Рашт водийсида бўлиб, айнан Мирзахўжа Аҳмадов билан музокара олиб борганди.

Музокарада собиқ дала қўмондони минтақага қўшимча ҳарбий кучлар киритилаётганлигидан норози эканлигиини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган якшанбада август тунида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган маҳбусларни қўлга олиш амалиёти учун йўналаётган ҳарбийлар автокарвони ўққа тутилганди. Ҳодисада 23 ҳарбий ҳалок этилган.

Отишмада жароҳатланган яна бир неча аскар ҳам ҳозир оламдан ўтганлари маълум қилинди.

Отишмани ташкил этган деб айтилаётган Мулло Абдулло ҳам собиқ дала кумондони бўлган. У яраш битимини қабул қилмаган ва яқин вақтларгача Афғонистонда яшаган.

Тожикистонда кўпчилик Мирзахўжа Аҳмадовнинг қонли воқеаларда алоқаси борлигига шубҳа билан қарашади. Айримларга кўра, ўтган йили Мирзо Зиёев ўлимидан сўнг, ҳукумат собиқ дала қўмондонларини йўқ қилишга тушган.