Нарх-наволар ўсар экан, Тожикистон очарчиликка дуч келиши мумкинми?

Дастурхон
Image caption 'Ҳали Тожикистонга очарчилик таҳдид солаётгани йўқ', дейди мутахассис

Турли интернет хабарларида Тожикистон қишда очарчиликка рўпара келиши келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Тожикистон Президенти фармонига кўра жорий йил 1 октябридан бошлаб мамлакатда бюджет соҳасида ишлайдиган кишилар иш ҳақи 10 фоизга оширилади. Сал олдинроқ нафақалар миқдори оширилганди.

Айни бир пайтда кейинги уч ой орасида мамлакат бозорларида ун, шакар, сут маҳсулотлари каби асосий озиқ-овқат нархлари 30 фоиздан икки бараваргача ошиб кетган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, расмий равишда аҳолининг 47 фоизга яқини камбағал деб тан олинган мамлакатда нархлар ошиши жуда кўп оилаларни кундалик егуликни янада тежаб-тергаб ишлатишга мажбур этган.

Тожикистондаги нарху наволар ҳақидаги лавҳа:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сўнгги бир ой ичида ун ва нон маҳсулотлари нархлари 20-25 фоизга ошгани Тожикистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай олмайди деган хавотирларга сабаб бўлган.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлари маркази етакчи эксперти Фируз Саидов бу хавотирлар асосиз эканини айтади:

Фируз Саидов: Қишда Тожикистонда очарчилик юз беради, деб ўйламайман. Чунки, ўтган йили мамлакат тарихида ҳеч қачон бўлмаган ғалла етиштирилганди. Бу йилги барча рақамлар ҳали маълум бўлмаса-да, ҳозирга қадар тўққиз юз минг тонна ҳосил олиниши мумкин. Яъни, Тожикистон сўнгги йилларда маълум даражада ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай бошлаган. Ҳозирда мамлакат ичида ғалла эҳтиёжлари етмиш фоизи қопланади, келажакда, қўшни давлатларга қарам бўлиб қолмаслик учун юз фоизга ўтиш режалари бор. Лекин, ҳар йили биз 30-40 фоиз атрофидаги ғаллани Қозоғистондан олиб кирганимиз боис, шу кунларда нон ва дон маҳсулотлари нархлар ўсиши тайин. Россияда рўй берган қурғоқчилик Қозоғистонга ҳам таъсир кўрсатган ва улар ўз заҳариларини тўлдирмагунларига қадар улар бизга ғалла сотишмайди. Яъни, Қозоғистон ҳам ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ташвишида. Шунинг учун, октябр охиригача биз улардан қанча ғалла олишимиз ҳозирча ноаниқ.

Би-би-си: Тожик ҳукумати бундан хавотирдами? Яъни, ҳалигача Қозоғистондан қанча миқдорда ғалла ола олиши мумкинлигини аниқ эмаслигини ҳисобга олсак?

Фируз Саидов: Йўқ, бу хавотирлар уйғотмайди. Албатта, тожик бозорларида бутун минтақада бўлгани каби нархлар 30 фоизга ошди. Бироқ, бу факт ҳам бозорларда, ҳам тожик ҳукуматида ваҳима уйғотмаяпти, деб ўйлайман. Чунки, бизда ҳукуматдан ташқари ўзимизнинг доимий шахсий таъминотчиларимиз бор, шунинг учун, давлат ўз буюртмаларини бажаргандан кейин, улар сал каттароқ нархда бўлса ҳам, ғаллани мамлакатга импорт қилишади. Ғалла билан муаммо бўлмаслиги керак, деб уйлайман.

Би-би-си: Бироқ, яқинда мамлакат Президенти Имомали Раҳмон одамларга мурожаат қилиб, икки йилга озиқ-овқат заҳираларини ғамлаши кераклиги ҳақида айтган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Фируз Саидов: Президент ўз нутқида ғалла ва сабзавот заҳиралари ғамлаш кераклигини урғулади. Мисол учун, Тожикистон ўз ички бозорини картошка билан таъминлаш ва ҳатто экспорт ҳам қилишга қодир. Лекин, мамлакатда фермер хўжаликлари ва дехқонларнинг шахсий хўжаликларида озиқ-овқат маҳсулотларини, хусусан, картошкани очарчилик каби ҳоллар рўй беради деб ғамлаш тушунчаси йўқ. Яъни, Президентнинг мурожаатида стратегик маҳсулотларни ғамлашда сиёсат бўлиши кераклиги таъкидланганди. Асосий мақсад шундан иборат эди.

Би-би-си: Назарингизда, нарх-навонинг ўсиб бориши Марказий Осиёда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига қандай таъсир қилиши мумкин?

Фируз Саидов: Биласизки, қўшниларимиз Ўзбекистон ва Туркманистон бу йил жуда катта ғалла ҳосили олишга эришганлар. Ўзбекистон бу йил етти миллион тоннадан кўпроқ ғалла етиштиришга муваффақ бўлган. Уларда ҳам бундай катта ҳосил зироатчилик тарихида бўлмаган. Туркманистон ҳам катта ютуқларга эришди бу йил. Бироқ, Тожикистон ва Қирғизистонда ғалла дон маҳсулотлари билан муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Назаримда, минтақада озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги билан таъминлашда катта муаммолар бўлмайди, деб ўйлайман. Ва агар мазкур мамлакатларда ғалла-дон соҳасида барқарорлик ўрнатилса, бу ўз навбатида Тожикистонга ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин. Тожик-ўзбек муносабатларида ғалла сотиш соҳасида расмий келишувлар бўлмаса ҳам, Тожикистонга норасмий йўллар орқали ғалла олиб кирилади ва очарчилик Тожикстонга хавф солмаслиги керак.

Би-би-си: Нима сабабдан Марказий Осиёда, хусусан, Тожикистонда аҳоли маҳсулотлар ранг-баранглигига қарамай, ҳанузгача кўпроқ ун маҳсулотлари, нон кўп истеъмол қилади? Бу нима билан боғлиқ?

Фируз Саидов: Бу халқимизнинг менталитетига боғлиқ. Мисол учун, Тожикистонда аҳолининг 70 фоизи қишлоқ жойларида яшайдилар. Ҳозирда дўконларда колбаса ва пишлоқ маҳсулотлари пайдо бўлган бўлса ҳам, улар халқимиз тарафидан ҳам камдан-кам истеъмол қилинади. Энг асосий маҳсулот бу-ун. Ва ҳозир ҳам тожик оиласининг егани-мана шу ундан пиширилган овқат ва нон. Шунинг учун, анъанага кўра, бошқа мамлакатлар билан солиштирсак, биз нонни кўпроқ истеъмол қиламиз.