БМТ: 'Биз Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари билан боғлиқ масалага аралаша олмаймиз'

БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги Олмаотадаги идораси
Image caption Бобар Балуч:'Экстрадиция жараёнларида ҳам биз бирон рол ўйнамаймиз'

Олмаотада ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқинларга дастлаб БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлиги бошпана изловчи мақомини берганди. Лекин, қочқинлар мақомини белгилаш салоҳияти Қозоғистон миграция хизматига берилар экан, қочқинлар тақдирини белгилаш қозоқ расмийларига қўлига ўтган. Би-би-си БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлигидан Бобар Балучдан ушбу масалага агентлик мавқеъини сўраган:

Бобар Балуч: Қозоғистонда ўтган январ ойида қочқинлар борасида янги қонун кучга кирди. Бу қонунга мувофиқ мамлакатга келган қочқинлар ва уларнинг мавқеъини белгилаш салоҳияти қозоқ расмийлари қўлига ўтди. Энди БМТ вазифаси фақат кузатувчи сифатида лозим жараёнларга риоя қилинаётганига ишонч ҳосил қилишдангина иборат. Ҳозирда биз ушбу иш юзасидан бошпана изловчиларга ўзларига нисбатан чиқарилган қарорга қарши аппеляцияга бериш ҳуқуқи берилганлигини кўриб турибмиз.

Би-би-си: Лекин, уларнинг бошпана изловчи эканликларига қарамай, ҳибсга олинганликлари ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарилгани сизларга хавотирга соладими?

Бобар Балуч: Биз бу жараёнларда бирон бир рол ўйнай олмаймиз ва аралаша олмаймиз. Лекин, биз Қозоғистон қочқинлар бўйича янги қонунга амал қилаётганларига ишонч ҳосил қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Би-би-си: Ана шу янги қонун қочқинлар борасидаги халқаро қонунчиликка мос равишда ишлаб чиқилганми?

Бобар Балуч: Ҳа. Ва биз учун бу қонунлар халқаро қоидаларга мос равишда бўлиши муҳим. Қозоқ расмийлари қочқин мақомини белгилаш масуълиятини ўз зиммаларига олдилар. Бизнинг ролимиз эса, чекланган.

Би-би-си: Сизнинг ролингиз чекланган бўлса ҳам кузатиш ҳуқуқингиз бор дедингиз, ана шу кузатувларингиз асосида бирон муаммо ўртага чиққан тақдирда расмийлар билан муҳокама қилишингиз мумкинми? Ўзбек қочқинлари билан боғлиқ вазиятни қозоқ расмийлари билан муҳокама қилдингизми?

Бобар Балуч: Ҳа, шунинг учун, мен айтдимки, уларнинг қочқинлик мақоми белгиланаётган пайт биз халқаро қонунларга риоя қилинишини, уларга нисбатан адолатли муносабат қилиниши ва улар ўз аризаларини расмий равишда топширишлари мумкинлигини кузатиб турибмиз. Шу вақтгача биз бирон қонун-қоида бузилганлигига гувоҳ бўлмадик.

Би-би-си: Лекин, бошпана изловчи бўлишларига қарамай, улар ҳозирда ҳибсга олинганлар ва қийноқлар қўлловчи дея кўрилган мамлакатга экстрадиция қилинишлари ҳақида қарор чиқарилган, бу қонунларнинг бузилиши эмасми?

Бобар Балуч: Бу борада менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳозирги босқичда мен бу ҳақда бирон нарса айтолмайман.

Би-би-си: Сиз жараёнларни кузатиб туриш ҳуқуқига эга эканингизни айтдингиз ва қочқинлар билан ишловчи халқаро агентлик сифатида сизда маълумот йўқлигини қандай тушиниш мумкин?

Бобар Балуч: Айтмоқчи бўлганим, сиз айтаётган ҳоллар ҳақида бизга ҳали маълумот етиб келгани йўқ. Қонун-қоидалар бузилгани ҳақида бирон маълумот олганимиз йўқ. Экстрадиция жараёнларида ҳам биз бирон рол ўйнамаймиз.

Би-би-си: Сизга маълумот етиб келмаган бўлса ҳам, ўзингиз маълумот олишга ҳаракат қилмаяпсизми? Халқаро хабар агентликлари бу ҳақда хабар бермоқдалар, ҳибсга олинганларнинг яқинлари халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга ҳаракат қилмоқдалар....

Бобар Балуч: Бизнинг Қозоғистонда идорамиз бор, шу идорамиздан хабар келишига қараб турибмиз.