Афғонистондаги парламент сайловлари кимга нимаси билан муҳим?

Бу сайловлар Афғонистонни ўзгартиришни назарда тутган йилдаги охирги қадамлардан биридир.

Ғарб давлатлари раҳбарлари Толибон исёнчилигига қарши курашда халқаро ҳамжамият дастагига таянган Афғон ҳукумати ғалабага эришишига оддий афғонларни ишонтиришни истайдилар.

Бу америкаликларнинг Толибон тузумини қулатган 2001 йилги ишғоли ортидан Афғонистонда бўлиб ўтаётган иккинчи парламент сайловларидир.

Бу йил Лондонда катта бир анжуман бўлиб ўтди, Кобулда тарихий деб кўрилган учрашув бўлди, шу йил миллий ярашув жиргаси чақирилиб, Толибон билан музокараларга бориш зарурлиги таъкидланди.

Мана ҳозирга келиб эса парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Бирор бир киши ғалабага эришаяптими, деган саволга ижобий жавоб бериш мушкул, бироқ кўплар йўқотишларга дуч келган.

Афғонлар тинч фуқаролар ва қўшинлар орасидаги ўлим ҳоллари юқори, Толибон ҳозирлиги мамлакатнинг тобора кўпроқ вилоятларида кўзга ташланаётган пайтда овоз бермоқдалар.

Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондони генерал Дэвид Петреус яқинда Би-би-си билан суҳбатида Афғон қўшинлари билан ҳамкорлик қилаётган кучлари зафарли нуқтага етганларини айтди.

Аммо оддий афғонлар учун ҳам бу зафарли нуқта деб билинадими-йўқми - ноаён.

Бу сайловлар коррупция ва бесамар фаолиятда айбланиб келаётган ҳукумат учун жуда муҳим бир синовдир.

Мамлакат рўпара келаётган энг катта мушкуллик эса ҳамон уруш.

Миллионлаб афғонлар ўзларининг мамлакати яхшилик томон бурила олишига ишонишни истайдилар.

Бунинг учун шунча кўп муҳим анжуманлар бўлган бир йилнинг ўзи етарли эмас.

Аммо Толибонни жиловлашнинг уддасидан чиқилмаган 9 йил аксар афғонларнинг ўз мамлакати келажагини мавҳум деб кўришлари учун етарлидир.