Тожикистон Мудофаа вазирлиги: Рашт водийсида 23 ҳарбий ўлдирилган

Тожикистон. Рашт водийси
Image caption Рашт водийси Тожикистоннинг Афғонистон чегарасидан 40-80 километр шимолда жойлашган

Тожикистон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, якшанба куни Афғонистон чегарасига яқин Рашт водийсига бораётган ҳарбийлар карвони қуроллилар пистирмасига учраган, оқибатда камида 23 ҳарбий ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши яраланган.

Ҳалок бўлганлар орасида беш зобит борлиги хабар қилинган.

Норасмий хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони бундан кўп.

25 ҳарбийнинг тақдири номаълумлиги, балки улар ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Мудофаа вазирлигига кўра, 70 дан зиёд ҳарбийлар ўтирган икки юк автомобили 23 августда Душанбе шаҳридаги ҳисбхонадан қочган маҳбусларни қўлга олиш мақсадида бораётган бўлганлар, улар қаттиқ отишмага дуч келганлар.

Ҳарбийларга гранатомёт ва пулемётлардан ўт очилган.

Тожик расмийлари ҳужумда исломий жангариларни айблаганлар.

Якшанба куни рўй берган ҳужумдан бир неча соат илгари Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Нью-Йоркка БМТ саммитига учиб кетган.

Тожикистон раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор этган, "мамлакатнинг ушбу қисмида вазиятни барқарорлаштириш учун барча чораларни кўришга" чақирган.

Отишма юз берган жой - Рашт водийсининг Камароб дараси Тожикистоннинг Афғонистон чегарасидан 50 километрча шимолда, пойтахт Душанбедан 200 километрча узоқликда жойлашган.

Тожикистон Мудофаа вазирлигига кўра, ушбу ҳужум 1990-йилларда Тожикистонда кечган фуқаролар уруши пайтидаги собиқ дала қўмондонларига алоқадор жангарилар томонидан амалга оширилган, унда хорижий ёлланма жангарилар иштирок этганлар.

Ҳужумни фуқаролар уруши давридаги дала қўмондони Мулло Абдулло ва "Али Бедак" номи билан танилган Аловуддин Давлатов гуруҳлари уюштирган деб тахмин қилинаяпти.

Мудофаа вазирлиги сўзчиси Фаридун Маҳмадалиев сўзларига кўра, ҳужумда Афғонистон, Покистон ва Россиянинг Чеченистон республикасидан бўлган жангарилар қатнашганлар.