Гиёҳванд моддалар савдоси минтақада терроризмни суғораётган манбами?

Image caption Халқаро Инқироз гуруҳига кўра, гиёҳванд моддалар савдоси Марказий Осиёда терроризмнинг урчишига сабаб бўлаётган ягона омил эмас.

Россия гиёҳванд моддалар ноқонунуий савдоси устидан назорат қилувчи федерал хизмати раҳбарига кўра, Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар савдоси давом этар экан, терроризм ҳам гуллаб-яшнайверади.

Виктор Ивановга кўра, Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар савдосини террористик гуруҳлар назорат қиладилар ва шу асосда ўз қудратларини кучайтирмоқдалар.

Унинг айтишича, минтақада наркотиклардан тушадиган маблағ йилига 17 миллиард долларни ташкил этади.

"Бу маблағ Афғонистоннинг бир йиллик бюджетидан ҳам кўпроқ ва ҳар қандай ҳукуматни беқарорлаштириши мумкин", деб айтди Виктор Иванов.

Жаноб Ивановнинг изҳоротлари охирги вақтларда Тожикистонда кузатилган бир қатор ҳужумлар манзарасида янграмоқда.

Марказий Осиёда терроризм билан гиёҳванд моддалар орасидаги боғлиқ не қадар? Бу савол билан Би-би-си Халқаро Инқироз Гуруҳининг Бишкекдаги вакили Пол Куин-Жажга мурожаат қилди.

Пол Куин-Жаж:Фикримча, гиёҳванд моддалар савдоси Марказий Осиёда терроризмнинг урчишига олиб келаётган ягона сабаб, дейиш ўта жўн изоҳ. Лекин гиёҳванд моддалар минтақа сиёсатида ва беқарорликни келтириб чиқаришда катта рол ўйнаши аниқ. Чунки гиёҳванд моддалар савдоси шундоқ ҳам заиф бўлган минтақавий ҳукуматларнинг янада коррупцияга ботишларига сабаб бўлаётган омилдир. Бундан ташқари, баъзи гуруҳлар сиёсий жараёнларда қўллари баланд келишини таъминлаш мақсадида маблағга эга бўлиш учун гиёҳванд моддалар савдосидан фойдаланадилар. Масалан, биз Қирғизистонда апрел ойидан бери қудартдан ағдарилган Қурманбек Бакиев ҳукумати ва эҳтимолки, унинг оила аъзоларининг гиёҳванд моддалар савдосига алоқалари бўлганлиги ҳақида анчайин ишонарли маълумотлар юзага чиқа бошлади. Хуллас мен хулоса қиладиган бўлсам, гиёҳванд моддалар савдоси терроризмнинг манбаигина эмас, сиёсий беқарорликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири, деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Лекин гиёҳванд моддалар савдосига кимларнинг кўпроқ алоқаси бор, сиёсий доираларнингми ё исёнчи гуруҳларнинг?

Пол Куин-Жаж:Гиёҳванд моддалар энг кўп етиштириладиган Афғонистонни олсак, у ерда асосан исёнчи гуруҳлар бу билан шуғулланадилар ва улар учун бу савдо асосий молия манбаидир. Лекин гиёҳванд моддалар чегара ошиб Тожикистонга ёда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига етиб келиши билан бу савдони назорат қилувчи ўзгача тизим мавжуддир. Бу тизимни террористикдан кўра кўпроқ сиёсий, деб таърифласак бўлади. Албатта террористик гуруҳлар гиёҳванд моддалар савдосидан анчайин катта маблағга эга бўладилар, лекин бу терроризм ҳукумат коррупцияга ботганлиги, самарасиз эканлиги ва ўз халқи учун жон куйдирмаслиги маҳсулидир ҳамдир. Хуллас терроризмни суғораётган кўплаб омиллар бор.

Би-би-си: Тожикистонда охирги вақтларда ҳужумларни амалга оширилган ҳужумлар ташкилотчилари яхшигина қуролланган кўринадилар, улар бу қуролларни гиёҳванд моддлар савдосидан тушган пулларга сотиб оладиларми?

Пол Куин-Жаж:Қурол-яроғлар Марказий Осиёда қиммат турмайди. Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳужумчилар қўллаган қуроллар оддийгина - Калашноков автоматлари, гранатамётлар ва ракета отувчилар - буларнинг ҳаммасини минтақадаги кўплаб ерларда нисбатан арзон нархга топиш қийин эмас. Менинг фикримча, яхши тайгарликдан ўтмаган ва яхши қуролланмаган тожик ҳукумат аскарларига ҳужум уюштириш учун миллионер бўлишнинг ҳожати йўқ.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124