'Қирғизистон Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан халқаро текширувни қўллаб-қувватлайди'

Image caption Ўтган ҳафта БМТ минбаридан гапирган Президент Каримов Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирганди

Қирғиз Президенти маъмурияти бошлиғининг ўринбосари Мухтор Жумалиев Қирғизистон Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан халқаро текширувни қўллаб-қувватлашини айтган.

Бишкекда ўтган матбуот анжуманида жаноб Жумалиев ҳозирда қирғиз ҳукумати ушбу масала юзасидан маслаҳатлашувларни олиб бораётганини билдирган.

Ўтган ҳафта БМТнинг Нью-Йоркдаги саммитида гапирган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қирғизистон жанубида юзлаб, асосан ўзбекларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳодисаларни текшириш учун халқаро комиссия тузишга чақирганди.

Ўзбекистон раҳбари фақат мустақил халқаро текширувгина қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги ярашувга етакловчи йўл эканини, бундай текширувсиз қонли ҳодисалар яна такрорланиши мумкинлигини айтган.

Жаноб Каримов июн ойидаги қонли ҳодисалар ортидан Ўзбекистон 100 мингдан зиёд қочқинларни қабул қилганини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, бу ҳодисалар қонли тўқнашувларга Ўзбекистонни ҳам жалб этиш, миллатлараро қарама-қаршиликни Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги можарога айлантириш мақсадини кўзлаган "учинчи кучлар"нинг сценарийси асосида ташкил этилган.

Ўзбекистон президенти ҳодисалар юзасидан халқаро текширувга чақирган биринчи раҳбар эмас.

Ундан аввал АҚШ ва Оврўпонинг бир қатор юқори мартабали мулозимлари бу каби текширувнинг муҳим эканини урғулашган.

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар юзасидан халқаро теширувга эҳтиёж борлиги ҳақида Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева ҳам гапирган ва бу каби текширувга тайёр эканликларини айтган эди.

Қирғизистон Бош вазирининг Ўш ва Жалолободни қайта қуриш бўйича масъул ўринбосари Жонтўра Сотиболдиев қирғиз расмийлари халқаро текширув ҳақида Ўзбекистон президентидан аввалроқ гап бошлаганликларини урғулаган.

Қирғизистоннинг давлат "Кабар" агентлиги жаноб Сотиболдиевнинг "қирғиз расмийлари бу ҳақда Каримовнинг баёнотидан аввал ҳам гапиришган. Бу янгилик эмас" деган сўзларини келтиради.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти воқеалар юзасидан текширув олиб бориш учун махсус комиссия тузишга киришган, аммо бу текширувнинг ҳозирда қайси босқичда экани номаълум.

Шунингдек, ОХҲТ текшируви тўлақонли халқаро текширувни қанчалик англатиши борасида ҳам саволлар кўп.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти бу каби текширув БМТнинг мандатига эга бўлиши, жумладан, унда БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши иштирок этиши кераклигини айтган.

Бир томонлама текширув

Воқеалардан кўп ўтмай, қирғиз ҳукумати ҳодисаларни текшириш учун "Миллий комиссия" ташкил этган.

Ушбу комиссия ўтган ой эълон қилган дастлабки хулосаларида ҳодисаларда асосан ўзбек жамоаси раҳбарлари айбдор эканини даъво қилган.

Аммо комиссия аъзоларидан таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдурасулова унинг дастлабки хулосалари ва умуман комиссия ишини шубҳа остига олган.

Бошқа бир қирғизистонлик кўзга кўринган таҳлилчи Александр Князев эса комиссиянинг бир томонлама иш олиб бораётганига норозилик белгиси сифатида унинг таркибидан чиққан.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодисалардан сўнг бошланган хавфсизлик амалиётларида асосан ўзбекларни ҳибсга олган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбекларнинг ноқонуний ҳибсга олинаётгани ва қийноққа солинаётганини айтганлар.

Шу ой бошида Жалолободдаги маҳкама таниқли ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни зўравонликларда айбдор, деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этган.

АҚШ ҳукумати қирғиз маҳкамасининг ҳукмини қоралаган ва адолатли маҳкамани таъминлашга чақирган.

Ўтган ҳақта АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар учун фақат ўзбеклар жазоланмаслиги кераклигини айтган.

"Биз бўлиб ўтган зўравонликларда фақат этник ўзбеклар маҳкамага тортилмаслиги, маҳкама ишлари мувозанатли бўлиши ва айбдорлар жазога тортилишига ишонч ҳосил қилишни истаймиз," - деган АҚШ мулозими.