Куйган Ўшнинг ҳамон битмаган яралари

Image caption Шоҳруҳларнинг уйи - Ўшнинг аксар ўзбеклар яшовчи "Шарқ" маҳалласидаги ўт қўйилган 168 уйдан биттаси

"Мана бу ерда биз яшаганмиз" - дейди култепага айланган уйини кўрсатиб 12 яшар Шоҳруҳ.

Ёниб битган чордевор оралиғидаги бурчак унинг хонаси бўлган.

"Мана бу бурчакда тахмон бўларди, мен ана у ерда ухлардим. Ёнида эса печка бўларди. Ҳаммаси ёниб кетди" - деб эслайди болакай.

Шоҳруҳларнинг уйи - Ўшнинг аксар ўзбеклар яшовчи "Шарқ" маҳалласидаги ўт қўйилган 168 уйдан биттаси. Биргина шу маҳаллада элликка яқин одам ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида бу Шоҳруҳнинг дўсти Исломнинг отаси ҳам бор.

"Кимнинг отаси ё онаси ўлди, кимнингдир уйи куйиб кетди. Қариндошларимиз доимо йиғлашади. Биз эса чидашга мажбурмиз" - дея хулоса қилади Ислом.

Бу икки ўртоқ ўқиган мактаб ҳам зўравонликлар чоғи вайрон этилган. Мактаб биноси ўрнида бугун бульдозер кавлаган улкан чоҳни кўрасиз.

Ҳукумат қайта қуриш ишларини бошлаган. Лекин ҳамон 700 нафарга яқин бола БМТ тиклаган чодирларда дарс ўқишмоқда.

"Бу болалар руҳий жароҳат олишган, жуда қўрқувдалар" - дейди БМТ вакиласи Латешиа Лемастри -"Чодирларда бўлсаям, дарс ўтишса, бироз чалғишади".

Image caption 700 гаяқин бола БМТ тиклаган чодирларда дарс ўқишмоқда

Аммо "Шарқ" маҳалласига барқарорлик ҳали-бери келадиган кўринмайди.

Маҳалла марказий кўчасида ҳамон даҳшатли воқеалар излари манаман, деб турибди: ёниб кетган бинолар, тепаликдан дўппайиб қолган уй харобалари, ёниб кетган автомашиналар ва ҳар бир ўтган машина ортидан ҳавога кўтариладиган чанг.

Вайроналар орасидан арава тортаётган Тоҳир бироз тин олади. Улар ҳам ҳозир чодирда яшашади.

"Пули борлар ё Россияга, ё Ўзбекистонга кетишди. Аммо камбағаллар энди ана шу вайроналарни тиклашдан бошқа чорамиз йўқ" - дейди Тоҳир уйи ўрнидан қолган харобазорга ишора этиб -" БМТ ҳозир вақтинчалик бошпана қуриш учун ёрдамлашмоқда. Аммо қишгача битармикан, билмаймиз. Чодирлар аллақачон совуқлик қилаяпти".

Чорасизлик

Ўшдаги зўравонликлар Қирғизистондаги сиёсий ғалаёнлар ортидан бошланди. Бишкекда зўр билан ҳокимият ўзгарди. Ундан кейин жанубда миллий низолар чиқди.

Ушбу зўравонликларда 400дан зиёд одам нобуд бўлди. Икки мингдан зиёд уй-жой вайрон этилди. Яхши ташкиллаштирилган бу босқинларда, асосан, ўзбекларнинг уй-жойи нишонга олинди.

Image caption Йўқолган қирғизларнинг оналари уч ойдан буён болаларини топиб беришни талаб қилишади

Лекин қирғизлар ҳам азият чекишганини айтишади. Ўшдаги ҳоким идораси олдида зўравонликлар чоғи дом-дараксиз кетган ўнлаб қирғиз ёшларининг аксларини кўрасиз. Яқинроқда эса уларнинг оналари ўтов тикиб, адолат талаб қилишмоқда.

"Менинг ўғлим 16 июндан бери дараксиз кетган" -дейди бир қирғиз аёл -"У урушиш учун эмас, балки Ўшга сафар қилган президентни кўриш учун шаҳарга келганди".

Бошқа бир қирғиз аёл Дилбара Кўчконова эса унинг бошсиз танаси топилганини, аммо боши қаердалиги ҳамон номаълумлигини айтади.

Қирғиз аёллар "ўзбеклар амалга оширган даҳшатли қотилликлардан ларзага тушганларини" айтишади.

"Кўпчилик ўлдирилди. Икки юзга яқин бўлса керак. Одамларга ўт қўйилди, қулоқлари, қўл-оёқ ва бошлари кесиб ташланди" - деб айтишади улар.

Бир қирғиз чол эса зўравонликлар чоғи ўғли ва набираси нобуд бўлганини, ҳамон аксар ўзбеклар яшовчи маҳалласига бора олмаётганини урғулайди.

Адолат?

Ўзбек ва қирғиз жамоалари ҳамон ўртада ишончни тиклай олишгани йўқ. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция кучлари бу икки жамоа орасидаги ишончни тиклаш мақсадида келиши кутилаётган эди. Аммо Қирғизистондаги сиёсатчилар ва миллатчи ҳаракатлар қаршилик қилиши туфайли, бу режа орқага сурилмоқда.

Зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш ҳам ўрнидан силжимаётир. Маҳаллий хавфсизлик хизматлари олиб бораётган текширувлар эса жуда секин.

Бунинг устига, инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, полиция қийноқларни ишга солмоқда ва бу жараёнда одамларни миллатига қараб ажратмоқда.

Image caption Шарқ маҳалласининг ҳамма ери вайрона қолдиқлари билан тўла

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳи ўзбек миллатига мансуб одамлар нишонга тушиб, ҳибсга олинаётгани ва қийноққа солинаётгани борасида бир неча ҳолатларни ҳужжатлаштирган.

Маҳаллий ҳиомячи Татьяна Томина эса ўз мижозлари аксларини кўрсатади.Бу одамлар ҳибсда қаттиқ калтакланган. Унинг айтишича, июндаги зўравонликлар туфайли ҳибсга олинаётган одамларнинг аксарияти - ўзбеклар бўлмоқда.

"Мен ўз тажрибамда фақат биттагина қирғизнинг айбланганини кўрдим. У ҳам бўлса ўғирлик учун" - дейди Татьяна Томина - "Бошқа биронта қирғиз қўлга олинганини билмайман. Мен кўрганим фақат ўзбеклар".

"Менимча, улар айбдор эмас. Улар жуда қаттиқ қўрқувдалар. Ўзбекларни ҳозир ҳибсга олиб, калтаклашмоқда. Улар эса бунга чидашдан бошқа чоралари йўқ" - деб қўшиб қўяди суҳбатдошим.

Аммо Ўш шаҳар прокурори муовини, Марат Бусурманкулов Би-би-си билан телесуҳбатда бу айбловларни кескин рад этди.

"Ҳозиргача оммавий тартибсизликларга алоқадор 2371та жиноий иш очилган. Тақрибан 80 нафарга яқин одам ҳибсга олинган. Улар орасида Ўзбеклар ҳам, Қирғизлар ҳам бор. Мен миллатига қараб ажратишаётганини сезмадим" ,- деб айтди жаноб Бусурманкулов.

Аммо шахсий суҳбатлар чоғи гапаирган расмийлар ҳибсга олинаётган одамларнинг аксарияти ўзбеклар эканини тан олишади. Уларнинг айтишларича, гувоҳлар йўқлиги боис жиноятларнинг учдан бир қисмини очиб бўлмайдиганга ўхшайди.

Омонат тинчлик

Бугунги Ўш кўчаларида ўзбекларни деярли учратмайсиз. Кўпчилик ўзбеклар хавфсизликларини ўйлаб, кўзга ташланмасдан, ўз маҳаллаларида қолишмоқда. Қирғизлар ҳам ўзбеклар қасос олармиш каби миш-мишлар туфайли қўрқувда яшашаяпти.

Яқинлашаётган парламент сайловларига тайёргарлик эса Қирғизистоннинг аксар ҳудудларида қулоч ёймоқда. Аммо сиёсатчиларнинг аксариси бу икки жамоани яраштириш борасида гапиришаётгани йўқ. Мамлакат жанубидаги тинчлик ҳамон омонатлигича қолмоқда.

Ўшнинг марказий майдонларидан бирида эса Ўзбек адабиёти асосчиси Алишер Навоийга қўйилган ҳайкал турибди. Шоир ҳайкали юзи бузилган, бурни эса бўйнида осилиб ётибди. Мана зўравонликлардан уч ой ўтибди ҳамки, шоир ҳайкалининг синдириб ташланган қўли ерда ётибди. Ҳайкалга худди бир кун аввал ҳужум қилинганга ўхшайди.