Россия ва Хитой янги нефт қувурини ишга туширди

Image caption Ҳар икки давлат раҳбарлари янги қувур стратегик ҳамкорликнинг муҳим қисми эканини таъкидлашган

Президент Дмитрий Медведев ва Ху Жинтао очиб берган янги қувур Сибир нефтини Хитойга етказиб беради.

Келаси йилдан нефт узатишни бошлайдиган қувур дунёнинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиларидан бирини жаҳондаги энг йирик истеъмолчи билан боғлайди.

Президент Медведевнинг Хитойга ташрифи чоғида ишга туширилган қувур икки давлат ўртасида тобора ривожланиб бораётган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик рамзи сифатида кўрилмоқда.

Пекинда ўтган матбуот анжуманида Россия Президенти энергетика ҳамкорлиги Москва ҳамда Пекин ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг муҳим бир қисми эканини айтган.

Президент Ху Жинтао эса ушбу ҳамкорликдан ҳар икки томон ҳам ютишини таъкидлаган.

Россия Бош вазирининг ўринбосари Игор Сечин Россия шунингдек, келаётган беш йил ичида Хитойнинг газга бўлган бутун эҳтиёжини қоплашни режалаётганини айтган.

Энергия таъминоти Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажмининг асосий қисмини ташкил этади.

Аммо Россия ўз иқтисодиётини замонавийлаштиришда ҳам Хитойнинг ёрдамига умид қилмоқда.

Газ нархи

Россия Хитойга газ етказиб беришни 2015 йилдан бошлайди, аммо ҳозирга қадар газ нархи борасида келишув йўқ.

Россиядаги таҳлилчиларга кўра, Хитой газни баланд нархда сотиб олишни истамайди, "Газпром"нинг эса газни арзон нархда сотиш нияти йўқ.

East European Gas Analysis ширкати раҳбари Михаил Корчемкиннинг Би-би-сига айтишича, Пекиннинг ҳисоб-китоби бўйича 1000 кубометр газнинг нархи 200 доллардан паст бўлиши керак, "Газпром" эса шунча миқдордаги газни Оврўпога 305 доллардан сотади.

"Бу каби вазиятда, - дейди таҳлилчи, -Хитой таклиф этаётган нархни қабул қилиш "Газпром"га руҳий жиҳатдан қийин бўлади.

Қолаверса, таҳлилчиларга кўра ҳозирда Хитойнинг қўшимча газга эҳтиёжи йўқ.

Яқиндан бошлаб Марказий Осиё давлатлари, хусусан Туркманистон ҳам Хитойга мустақил газ етказиб боришни бошлаган.

Ўтган йили қуриб битказилган "Туркманистон-Хитой" қувури орқали Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон 2013 йилдан бошлаб ҳар йили Хитойга 40 миллиард кубометр газ сотишни бошлайдилар.