Би-би-си меҳмони - Файзулла Исҳоқов

Image caption Файзулла Исҳоқов Ўзбекистондаги кам сонли мустақил тарихчилардан бири

Тарихчи профессор Файзулла Исҳоқов 1936 йилнинг 16 декабрида Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган.

Қувадаги рус мактабининг 7 синфини битириб, Самарқанддаги темирйўл техникумида таҳсил олган.

Тошкентдаги Темирйўл институтининг 1-курсини битирганидан сўнг, моддий қийинчиликлар сабаб ўқишни ташлаб, темирйўлда ишлашни бошлаган.

1961 йилда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) давлат университетининг тарих факултети сиртқи бўлимига ўқишга кирган.

1 ва 2-курсларни бир йилда битириб, олти йиллик ўқишни беш йилда тамомлаган.

Шундан кейин Қозоғистоннинг ҳозирги Тарас шаҳридаги "Билим" жамиятида 2 йил фаолият олиб борганидан сўнг, Тошкентга кўчиб келади.

1975 йилда тарих фани бўйича номзодлик диссертацияси, 1987 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

Бу вақт оралиғида шўро даврида матбуотдаги цензура учун масъул "Главлит" ва Давлат Матбуот Қўмитасида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон радиосининг Хорижий эшиттиришлар муҳаррририятида бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.

Айни пайтда Тошкент Ирригация ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислик институти ҳамда Тошкент Олий партия мактабида дарс берган.

1964 йилда Коммунистик партияга аъзо бўлган.

1991 йил майида, Совет Иттифоқи қулаши арафасида Компартиядан чиқади.

1991 йилдан 1996 йил охиригача Ўзбекистон Фанлар Академиясининг тарих институтида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.

1997 йилдан буён нафақада.

1991 йилнинг 7 декабрида тузилган "Ўзбекистонда Демократик ислоҳотлар ҳаракати"га раислик қилган.

1992 йил баҳорида маслакдошлари билан айни ҳаракат негизида "Ижтимоий тараққиёт" партиясини тузиш ҳаракатларини бошлайди.

1992 йилнинг 14 апрелида Президент Ислом Каримов билан бўлган учрашув чоғида, ўзининг айтишича, Президентнинг сиёсий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллаш ҳақидаги таклифини рад этади.

1992 йилнинг июнида турли тўсиқларга қарамай, "Ижтимоий тараққиёт" партиясининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтади, аммо Адлия вазирлиги айни дастур ва рамз билан бошқа бир партия-"Ватан Тараққиёти" ташкил этилгани важидан "Ижтимоий Тараққиёт" партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этади.

Аммо Файзулла Исҳоқов раиси бўлган "Ўзбекистонда Демократик ислоҳотлар ҳаракати" 1992 йилнинг охиригача амал қилган.

Бир вақтнинг ўзида Файзулла Исҳоқов СССРнинг собиқ Ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ҳамда Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак сингари бир қатор сиёсатчилар аъзоси бўлган Россиядаги "Демократик ислоҳотлар халқаро ҳаракати"нинг раисдоши этиб сайланади.

Ушбу ҳаракат 1994 йилгача фаолият олиб борган.

Файзулла Исҳоқов Марказий Осиё тарихига доир 600 дан ортиқ мақолалар, бешта монография ва 30 га яқин рисолалар муаллифи.

Унинг сўнгги "Центральная Азия и Россия в XVIII-нач. XX вв" номли китоби 2009 йилда Тошкентда нашрдан чиққан.

Би-би-си: Россиядан, Новосибирдан профессор Неъматжон Раҳимов: "Ассалому алайкум Файзулла ака, мен аввало сиз билан ватандош, қувалик бўлганимдан фахрланаман. Сизнинг кўпгина китобларингизни ўқиганман. Саволим шуки, охирги пайтларда Ўзбекистонда Россия томонидан Ўрта Осиёнинг босиб олинишининг фақат салбий томонлари ҳақида ёзилмоқда. Унинг бирон ижобий тарафлари ҳам борми? Жавобингиз учун раҳмат".

Файзулла Исҳоқов: Аввало, босиб олишнинг ўзида ижобий оқибатлар йўқ. Лекин мустамлака даврининг анча ижобий оқибатлари бўлган. Биринчидан, хонликлар орасида ўзаро урушларнинг тўхташи, маҳаллий аҳолини бир-бирига қарши қўйиш амалиётининг тўхтагани. Иккинчиси, озми-кўпми, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага ижобий янгиликлар киритилганини ҳам тан олиш керак. Учинчидан, мана темирйўлни ўтказиш бутун Марказий Осиё халқларининг ҳаётини тубдан ўзгартирса бўлади. Халқнинг ҳаётини ўзгартиришда, ҳокимият хоҳласа-хоҳламаса, ижобий рол ўйнаганини ҳам тан олиш керак.

Би-би-си: Эркахон деб исм қўйган тингловчимиз сўрабди: "Кейинги пайтларда бутун туркий халқларни "турк", туркий тилларни эса "турк тили" деб аташ одат тусини олмоқда. Бутун туркий хақлар битта ном остида қандай қилиб аталади, "туркийшунос" тўғрими ёки "туркшуносми?".

Файзулла Исҳоқов: Энди "туркшунос" дегани тўғрироқ, лекин бутун туркийзабон халқларни "туркий" деб аташ тўғри бўлмайди. Чунки этник тарих умумий бўлгани билан ҳар бир шаклланган миллатнинг ўзига яраша хусусиятлари бор. Шунинг учун ўзбек ўзбеклигича, қозоқ қозоқлигича қолиши керак. Ҳар бир миллат ўзича қолиши керак. Лекин туркийликка кўп эътибор бериб, буни муболағали талқин этиш ҳам нотўғри. Чунки бизнинг орамизда туркийзабон бўлганлардан ташқари, мана тожиклар кўп. Тожиклар билан биз ака-укадай, минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида ривожланиб келаяпмиз. Умуман, Марказий Осиёнинг туб миллатларини олганда, ўзбек ва тожик, ўзбек ва туркман ёки ўзбек ва қозоқчалик яқин халқлар йўқ. Қирғизлар билан ҳам 1990-йилгача муаммо йўқ эди.

Би-би-си: Нидерландиядан Баҳодир Узоқовнинг саволи ҳам туркий халқлар интеграцияси ҳақида экан. "Ўзбекистон расмий ҳокимияти нима сабабдан туркий халқларни, хатто ўзбекларнинг ўзини ўзаро маданий, маърифий алоқаларини мустаҳкамлашга монеълик қилаяпти?". Марҳамат.

Файзулла Исҳоқов: Тарихан, мен тарихий тажрибага суяниб айтаяпман, илгари хонлар бир-бири билан урушган вақтида ҳам оддий аҳоли орасида ҳеч қанақа низо кучайган эмас, бир-бири билан борди-келдиси ҳам узилмаган. Шунинг учун ҳозирги вазиятда кўпроқ зиёлиларга боғлиқ бўп турибди бу масала. Сиёсий арбоблар, раҳбарларнинг бир-бири билан муносабати бир кун яхши бўлади, бир кун ёмон. Унга эътибор бермасдан, зиёлилар миллатларни бир-бири билан яқинлаштиришга, борди-келди, маданий алоқаларни кучайтиришга эътибор беришлари керак.

Би-би-си: Филаделфиядан Maxwell деб исм қўйган ўқувчимиз: "Бобур ва авлодлари айрим манбаъларда "мўғул", бошқаларида эса "монгол" империяси деб аталади. Фақат ўзбек адабиётларида Бобурни ўзбек деб тан олишади. Бобур ростдан ҳам ўзбек бўлганми?" деб сўрабди.

Файзулла Исҳоқов: "Монгол" ва "Мўғул" иборасини кўпроқ ғарбдаги, айрим пайтда рус олимлари ҳам қўллашади ва "мўғул" дегани улуғ ном бўлган дейишади. Лекин этник тарихдан келиб чиқадиган бўлсак, Бобур 1483 йил, яъни XV-асрда туғилганини ҳисобга олганда, бу вақт ўзбек миллати шаклланиб бўлаётган давр эди. Шунинг учун Бобурни ўзбек деб ҳисоблашга асос бор.

Би-би-си: Кореядан Ҳамза эса "ўзбек" номининг ўзи қаердан келиб чиққанини сўраган...

Файзулла Исҳоқов: Бунга мен очиқ-ойдин жавоб беролмайман, чунки бу борада баҳс ва мунозаралар ҳалиям давом этаяпти. Бизнинг этник тарих билан шуғулланадиган мутахассислар хали ҳаммага ёки кўпчиликка маъқул бўладиган асослаб берувчи назарияни ҳам ишлаб чиққани йўқ, ҳеч қандай далилларни ҳам келтиргани йўқ. Ҳозир кўпроқ бизнинг танқидчиларимиз, шахсан, тожикистонлик академик Раҳим Масов, қозоғистонлик бир-икки олимлар "шайбонийларда Ўзбек деган хон бўлган, ўзбек деган этнонимни ўшандан олишган", деб ёзишаяпти. Лекин бизнинг олимлар уларга жавобан хали бир нарса дегани йўқ.

Би-би-си: Навбатдаги савол ўшлик тингловчимиз Одилжон Махдумийдан: "Тарихчи олим сифатида бор ҳақиқатни айтинг-чи, ҳозирги Қирғизистоннинг жанубий минтақаси аслида тарихан ўзбекларга тегишли бўлганми ёки чиндан ҳам қирғизларникими?" деган саволни берибди, марҳамат.

Файзулла Исҳоқов: Бу нарсани мен бир неча марта китобларимда, мақолаларимда ҳам айтганман. Қирғизлар Энасой, ҳозирги Енисейдан келган пайтда бу ерда ҳозирги ўзбекларга асос солган уруғлар яшаётган эди. Шунинг учун қирғизлар ўзбекларни "келгинди" дейишга ҳеч қандай асослари йўқ. Ўзбеклар билан бирга ҳозирги Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари ҳудудида кўплаб уйғурлар ҳам яшаган. Шарқий Туркистон билан Фарғона водийсининг ўша қисми ажралмас бир ҳудуд бўлган.

Би-би-си: Лондондан Фарҳод Шамшиев "Ўзбекистоннинг, Каримовнинг "буюк келажаги"га ишонасизми, деб сўраган. Шунингдек, Москвадан Ғаффорбек Аъзамов ҳам "нима учун Ўзбекистон иқтисодий ва демократик соҳада ривожлана олмаяпти?" деган саволни йўллашибди.

Файзулла Исҳоқов: "Буюк келажак" деган иборани ўзи Ўзбекистондан бошқа давлатда ҳеч ким ишлатаётгани йўқ. Иқтисодий жиҳатдан, ижтимоий жиҳатдан биздан бир поғона баланд, яхшироқ ривожланган давлатларда ҳам бунақа ибора йўқ. Мен бу иборани мафкуравий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам асосланган, демайман. Лекин аҳволнинг яхшиланишини, албатта, ноумид шайтон, дегандек, ҳаммамиз ҳам ният қилиб турибмиз. Зора иқтисодий ислоҳотлар тўғри йўлга тушса, зора ўша тепада ўтирган, туман ҳокимидан тортиб, то энг тепагача, ҳаммасига Худо инсоф бермаса, аҳвол яхшиланмайди. Лекин янга бир марта айтаман, ноумид шайтон, ният қиламиз, аҳвол аста-секин яхшиланса керак. Бўлмаса, жуда оғир ижтимоий муаммоларга дуч келишимиз мумкин.

Би-би-си: Лондондан Нозим Ваҳобов "мухолифатдаги "Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим" деб ёзибди.

Файзулла Исҳоқов: Солиҳ мухолифат раҳбарлари орасида энг поки, энг виждонлиси. У бўлар-бўлмас, популистик дегандай, кўпчиликка ёқаман, деган гапларни камроқ гапирар эди.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз интернетда, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубов билан олиб борган мунозарангизга эътибор қаратишибди. Айрим ўқувчиларимиз сизнинг Толиб акага билдирган фикрларингиздан ранжиганларини ёзишган. Масалан, Истанбулдан Наргиза исмли тингловчимиз сизнинг Толиб Ёқубовга, унинг таъбирича, ўйламай айтган гапларингиз ортида ҳукумат тургани йўқми, деб сўраяпти. Лондондан Жамшид ҳам шу маънода савол берган.

Файзулла Исҳоқов: Қирғизистон жанубидаги воқеаларни кўпчилик билади. Қирғиз раҳбарияти, элитаси ҳозир ўта кетган миллатчилик мавқеъйини эгаллаб турган вақтда Толиб Ёқубов жанубиқ Қирғизистондаги қирғинни Ўзбекистоннинг Миллий Хавфсизлик Хизмати ташкил этган, деган ғояни илгари сурган. Мен шунга чидамадим. Инглизларнинг яхши битта гапи бор: "Ҳақми, ноҳақми, бу менинг мамлакатим" деган. Жанубий Қирғизистонда қариндош-уруғларимиз бўп турган вақтда қайси калла билан ким ўзбекларни ўзбекларга қарши қўяди, агар бошқа куч бўлмаса? Четда турган куч бўлмаса?..

Би-би-си: Лекин бу бир фараз ва Толиб Ёқубов ўзи ишонган фаразни илгари суришга ҳақли, шундай эмасми?

Файзулла Исҳоқов: Ҳаққи бор, лекин туҳмат қилмаслик даражасида. Биламан, ўзбек зиёлилари жуда суст, анча нарсага бефарқ бўлиб ўтирибди зиёлиларимизнинг аксарияти. Минг афсус. Лекин ҳақорат қилишга барибир, ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.