Тожикистон: Қочиб юрган маҳбуслардан бири ўлдирилди

Рашт водийси
Image caption Раҳмиддин Азизов ҳибсхонадан қочиши ортидан тоғларда яшириниб юрган бўлган

Ўтган ой охирида Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг ҳибсхонасидан қочишга муваффақ бўлган хавфли маҳбуслардан бири - Раҳмиддин Азизов ўлдирилган.

Бу ҳақда Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси билдирган.

Ҳодиса пойтахт Душанбедан 65 чақирим узоқликдаги шарқий Файзобод туманида юз берган.

Хабарларга кўра, Раҳмиддин Азизов қуроллик қаршилик кўрсатишга уринган пайтда ҳалок этилган. Унинг ёнидан қурол-яроғ ва ўқ-дори ҳам топилган.

Раҳмиддин Азизов аксилҳукумат мавқеидаги гуруҳ аъзоси бўлган ва собиқ Фавқулодда ҳолатлар вазири Мирзо Зиёев бошчилигидаги фитнада иштирок этиш, қотиллик ҳамда яна қатор айбларда айбланиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган бўлган.

Тожикистонлик масъулларга кўра, 18 сентябр куни Азизов икки нафар хавфсизлик хизмати ходимини пичоқлаган ва тоққа қочишга муваффақ бўлган.

Ҳозиргача у билан бирга вақтинчалик ҳибсхонадан қочган 24 нафар маҳбусдан 7 нафари қўлга олинган.

Айни вақтда маҳбусларни ушлаш амалиётида иштирок этаётган ҳарбийларни ўққа тутишда гумон этилаётган хорижлик ёлланма жангарилардан бирининг ҳам қўлга олингани айтилади.

Раштдаги ҳарбий амалиётда ҳам уч жангари ўлдирилган

Ўтган жума куни Тожикистон ҳукумат кучлари Рашт туманида олиб борган ҳарбий амалиётлари чоғида ҳам уч исломий жангарини ўлдиришган.

Жангариларнинг шахси очиқланмаган, масъуллар эса, уларнинг маҳаллий террорчи ташкилотлар аъзолари бўлганликларини айтишганди.

Ҳарбий амалиёт жангариларнинг тожик ҳарбийлари карвонига қаратилган ва ўттизга яқин аскарнинг қурбон бўлиши билан якунланган 19 сентябрдаги ҳужумлари ортидан уюштирилганди.

Тожик ҳукуматининг билдиришича, собиқ мухолифат қўмондони Мирзохўжа Аҳмадовни қўлга олиш истагидалар.

Масъуллар Аҳмадовни қатор террорчилик ҳужумларини уюштириш ва сўнгги ҳужумда ҳам қўли борликда айблашади.

Уларга кўра, Мирзохўжа Аҳмадов Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида кўзга кўринган дала қўмондонларидан бўлган Мулло Абдуллога ҳам бошпана берган.

Аммо яқинда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати баёнот билан чиқиб, Рашт водийсидаги ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Маҳбусларнинг ҳибсхонадан қочиши, Хўжандда уюштирилган худкушлик амалиёти ва жангариларнинг Раштдаги ҳужуми сабаб Тожикистон бир неча ҳафтадан буён ўта ҳушёрлик ҳолатида.

Бу мавзуда батафсилроқ