Марказий Осиёда сиёсий Ислом бош кўтармоқдами?

Тожикистондаги масжид
Image caption 'Сиёсий Ислом Тожикистондан ҳеч қаерга кетиб қолгани йўқ', дейди таҳлилчи

Кузатувчиларга кўра, Американинг Афғонистондаги уруши натижасида Афғонистон ва Покистонда мағлуб бўлган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги пайтларда ўз нигоҳини Марказий Осиёга қарата бошлаган. Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувлар ортидан ҳаракат минтақадаги мусулмонларга ёрдамга келишини айтган. Ўтган ҳафта Рашт водийсида 20дан ортиқ ҳарбийнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари уйларига қайтаётганларининг яна бир далили сифатида кўрилмокда. Шундай экан, Марказий Осиё водийларида нималар рўй бермоқда? Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу саволни минтақа бўйича таҳлилчи, яқинда Лондонда чоп этилган "Марказий Осиёга назар" номли китоб муаллифи Дилип Ҳирога берди:

Дилип Ҳиро: Менимча, Марказий Осиёда Исломий жангариларнинг фаоллашуви Афғонистондаги Толибон билан тўғридан-тўғри боғлиқ. 2002 йилдан бошлаб, толиблар Покистонда қайта ташкиллана бошладилар ва хусусан, 2004 йилдан бошлаб, улар янги куч билан шарқий Афғонистонга сизишни бошлади. Бунда Покистоннинг ҳарбий жосуслик хизматлари роли катта бўлгани сир эмас. Толибоннинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистонга тўғридан -тўғри таъсир кўрсатган. Бу-биринчи омил. Иккинчиси - Совет Иттифоқининг қулашидан сўнг Марказий Осиё давлатларида юзага келган мафкуравий бўшлиқ. Бу бўшлиқда муқобил ўлароқ сиёсий Исломнинг ўртага чиқиши табиий эди. Алал-оқибат Тожикистондаги фуқаролар урушига олиб келди ва уруш сўнггида собиқ коммунистлар исломчилар билан ҳукуматни бўлишишга мажбур бўлдилар. Аммо, тожик ҳукумати охирги йилларда бу бўшлиқни Исломдан олдинги зардуштийлик ва орийлар тамаддуни сингари элементлар билан тўлдиришга уриниб келди. Президент Раҳмон тожикларни имкон қадар Исломдан узоқлаштиришга ҳаракат қилди ва қилаяпти. Шу йўл билан Раҳмон ҳукумати мамлакатдаги сиёсий Исломни бостирмоқчи. Аммо, бу билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Сиёсий Ислом ҳеч қаёққа кетиб қолгани йўқ. Мамлакатдаги қашшоқлик, коррупция, тенгсизлик ва бошқа муаммолар сақланиб қолар экан, одамлар, кўпчилик бўлмаслиги мумкин, аммо аҳолининг сезиларли қисми жорий тузумга муқобилини излайверади. Бу муқобиллардан бири, шубҳасиз - сиёсий ислом. Афғонистондаги Толибон эса, сиёсий Исломнинг бир кўринишидир.

Би-би-си: Аммо, тожик ҳукумати зўравонликларда сиз айтаётган Толибонни эмас, балки Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини айблаяпти. Сизнингча, зўравонликлар ортида фақат Ўзбекистон Исломий Ҳаракати турибдими?

Дилип Ҳиро: Агар собиқ Совет Иттифоқи тарихига назар ташлайдиган бўлсангиз, Москвадаги раҳбарлар исёнчиликни бостириш учун энг кўп муаммога дуч келган ҳудуд бугунги Тожикистон бўлганини кўрасиз. Этник таркибидан қатъий назар, Фарғона водийси, у хоҳ Ўзбекистон, хоҳ Тожикистон ва хоҳ Қирғизистонда бўлсин, у ерда исломнинг таъсири катта. Ҳатто советлар Фаргона водийсидаги исёнчиликни таг-туги билан йўқота олмаганлар. Тожик ҳукуматининг ҳозирги даъволарига келсак, албатта, қачонки, бирон ҳужум юз берса, нафақат Тожикистон балки Покистон ва бошка давлатларда ҳам шундай-ҳукумат хорижий жангари гуруҳларни айблайди. Аммо, аслида муаммо бундан анчайин чуқурроқ. Назаримда, тожик ҳукумати мамлакатдаги фуқаролар уруши, бу урушга олиб келган 1990-йиллар бошидаги сиёсий қарама-қаршиликларни эсдан чиқариб қўйяпти. Муаммонинг илдизи яна жорий тузум ва сиёсий Исломга бориб тақалади.

Би-би-си: Сиз айтаётган сиёсий Ислом қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бош кўтариши эҳтимоли қанчалик?

Дилип Ҳиро: Агар Туркия тарихига назар ташласангиз, 1924 йил Камол Отатурк дунёвий давлатга асос солган бўлса, ўтган бутун вақт давомида давлат хавфсизлик кучлари, армия Исломий гуруҳларни бостириб келди. Аммо, бу 2002 йилга келиб, сиёсий Исломий партия бўлган Адолат ва Тараққиёт партиясининг ҳокимиятга келишини тўхтатиб қололмади. Чунки, аҳолининг аксарияти мусулмон бўлса ва қандайдир Исломий бир давлат, албатта, Толибон талқинидаги радикал бир тартиб эмас, балки қандайдир мўътадил бир Исломий низомни истаса, бу жараённи тўхтатиб бўлмайди. Уни фақат секинлаштириш мумкин. Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа Марказий Осие давлатларида воқеаларнинг қандай ривожланиши кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ.