Россиянинг қирғиз жанубига ўз чегарачиларини юбориш қарорига сабаб нима?

Image caption Санобар Шерматова ўз чегарасига яқин ҳудудда рус қўшинлари жойлашишидан Тошкент безовта эмас деб ишонади

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати чегара қўшинларининг Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига жойлаштириш борасидаги қарори расмий Москванинг мавқеи ўзгарганига ишора бермоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўшга ҳарбийлар киритилишини сўраб Москвага ҳали июнь ойида, қирғиз ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли ўртасида қонли тўқнашувлар авж олган вақтда, мурожаат этганди.

Бироқ, Россия Президент Роза Ўтинбоеванинг бу мурожаатни қондирмаган ва уни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига оширганди.

Россия ҳозирда нима учун ўз қарорини ўзгартираётган бўлиши мумкин? Би-би-си ушбу саволни москвалик шарҳловчи Санобар Шерматовага берди.

Шерматова: Жорий йил июн ойида Қирғизистонда этник зўравонликлар авжга чиққанда Президент Роза Ўтинбоева, зўравонликлар олдини олишга ёрдам бериш учун Россия раҳбариятига мурожаат қилганди. Лекин, у пайтда Москванинг зўравонликларга аралашуви мустақил Қирғизистон ички ишларига аралашишни англаткан бўларди. Бундан ташқари, Россия қўшинларининг ҳам можарога аралашиб кетиш эҳтимоли ҳам кучли эди. Ҳозирги пайтда эса вазият бошқача. Бугунги кунда Россия Қирғизистон жанубига жуда кичик қўшин, 40 нафар чегарачини юбормоқда. Менимча, у ерга чегарачиларни юборишдан мақсад Қирғизистон чегарасидаги вазиятни яхшилашдир. Бишкек ва Москва, афтидан, Қирғизистонни биринчи навбатда Ўзбекистон ва Тожикистон келадиган хатардан қўриқлаш муҳим деган хулосага келишган.

Би-би-си: Россия Федерал Чегара Хизматининг Директори Владимир Проничев транснмиллий жиноий гуруҳларни фаолияти кучайгани рус чегара қўшинларини жойлаштириш қарорига сабаб бўлаётганини айтаяпти. Бу ваъж қанчалик асосли?

Шерматова: Бу, аслида, ҳаммага аён. Ўтган йили Қирғизистон чегарасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига тегишли экани айтилган қуроллилар пайдо бўлишганди. Ўшанда Қирғизистонга чегарадош Фарғона вилоятида милиция пости портлатилди. Бундан ташқари, қатор қўпорувчилик амалиётлари содир бўлди. Қирғизистон қонли воқеалари арафасида эса республика жанубига жангари гуруҳлар, ҳамда катта миқдорда гиёҳванд моддалар юборилгани ҳақида хабарлар янграганди. Қирғизистон жанубида рус чегарачилари, менинг билишимча, Кирғизистон ҳарбийлари бажараётган амалиётларга қатнашмайди. Россия чегарачилари, асосан, республика жанубидаги вазиятга боғлиқ маълумот тўплаш билан шуғулланишади. Би-би-си: Рус чегарачиларининг Қирғизистон жанубига юборилиши Қирғиз жанубида Россия базаси очилиши эҳтимолини кучайтирадими?

Шерматова: Менинг фикримча, Москва ҳарбий база масаласида "сих ҳам куймасин, кабоб ҳам" деган йўлни танлаган. Афтидан Қирғизистон жанубида янги база пайдо бўлмайди. Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош Котиби Николай Бордюжа ҳам Қирғизистонда Россия етарли базага эга ва янги базага ҳожат йуқ, деб айтганди. Афтидан Москва Қирғизистон билан ҳамкорликда асосий эътиборни республика чегара хавфсизлигини таъминлашга қаратмоқчи.

Би-би-си: Ўзбекистон ўз чегарасига яқин ҳудудда хорижий ҳарбийларнинг пайдо бўлишига ҳар доим расмий Тошкент хавотирига сабаб бўлиб келган. У энди рус чегарачиларининг Қирғизистон жанубига юборилишига қандай қараши мумкин?

Шерматова: Менимча, Москва ушбу масалада Тошкент муносабатини яхши ҳисобга олган. Россиянинг Қирғизистон жанубида ҳарбий база очиш режасидан воз кечишига, биринчи навбатда, Ўзбекистон муносабати сабаб бўлган. Рус чегарачиларининг кичик гуруҳи Қирғизистон жанубига юборилиши, менимча, Тошкентни безовта қилмайди.